Муаллиф: Аробиддин Тураханов, инвестиция бўйича катта мутахассис. Андижонда туғилган. «Умид» фонди орқали Британияда иқтисодиёт соҳасида ўқиган. 2004-йилдан бери АҚШда яшайди. «Fortune 500» га кирувчи турли компанияларда ишлаб, 10 миллиард долларлик портфельни бошқарган. Ню-Ёрк молия маркази «Wall Street»да фаолият юритган. Ҳозирда сармоя (акция ва облигация) бўйича компанияда таҳлилчи.
Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни кузатар эканман, 1998-2001 йиллари «Умид» жамғармаси орқали Англияда ўқиган талабалик пайтларим, айниқса Макроиқтисодиёт ва Монетар сиёсати фанлари эсимга тушади. Ўша пайтда АҚШнинг ваҳоланки 21-асрнинг энг буюк иқтисодчиси, Нобел мукофоти совриндори Милтон Фридманнинг (Milton Fridman) «… the tectonic shift that was quaking old notions of the federal government as the great fixer and tweaker of America’s economy» яъни «… тизимли ўзгариш федерал ҳукуматининг АҚШ иқтисодиётни тузатувчи ва чимчилаб турувчи… каби қарашдан силтитаяпти (қайтараяпти)» деган улуғ бир гапини Президент Мирзиёев фикрларида, ҳаракатида кўрдим.
АҚШда ҳам 1960-80 йиллари консерватив қарашга эга бўлганлар бозор иқтисодиётини эркинлаштиришга қарши чиқишган. Иқтисодиётни либераллаштиришга авваламбор монополист ва уларга яқин бўлганлар, яъни консерватив қарашга эга бўлганлар қарши бўлишади. Либерал сиёсатчилар эса очиқ иқтисодиёт тарафдоридир. Эркин савдо эса одамлар ўртасида тўсиқсиз товар алмашуви (пул ҳам товар) ҳисобланади. Либерализация АҚШ иқтисодиётини дунёнинг энг кучли иқтисодиётига айланишига олиб келади. Шуниси қизиқарлики, АҚШда ўртача иш маоши баланд ($58,000/йилига) бўлиши билан биргаликда, кўп истеъмол товарлар (электроника, юқори сифатли кийим кечаклар, автомобиль, ва ҳоказо) нархлари керак бўлса Ўзбекистондаги нархлардан арзонроқ. Президент Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсат ҳам айнан Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштиришга қаратилган. Ана шундай, яъни эркин иқтисодиёт [ва рақобат] орқали товарлар сифати яхшиланади, нархлар арзонлашади ва халқнинг турмуш даражаси ўсади.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, агар мақсад иқтисодиётни ривожлантириш бўлса, унда давлатни иқтисодиёт олдида битта вазифаси бўлиш керак: у ҳам бўлса икки қўлини иқтисодиёт томоғидан олиш. Қолганини эркин иқтисодиёт ўзи жой жойига қўйиб олади. Энг асосийси, нима қилиш эмас, балки нима қилмаслик керак деган саволга жавоб бериш керак. Эркин бозор иқтисодиёти «ихтиёрий ҳамкорлик» принципига асосланади. Давлат томонидан бошқариладиган иқтисодиётда ким, нима, қачон ва қанча истеъмол қилишлиги режалаштирилади ва бундай тизим нимага олиб келишини (инқирозга) собиқ совет сиёсати кўрсатди.
2004-2010 йиллари АҚШнинг энг нуфузли «Fortune 500» компанияларидан бирида ишлаётган вақтимда, Ўзбекистон давлат идораларидаги раҳбарлардан бир иккитаси менга телефон қилиб, ишлаётган компаниямни филиалини Ўзбекистонда очишни таклиф қилиб, ўз томонидан давлат гарантияси берилишини таклиф қилишган эди. Ушбу таклиф билан мен компаниямиз раисига чиқиб, юзма-юз гаплашдим. Стив исмли компания раҳбари Ўзбекистон тўғрисида ўрганиб чиқиб, менга қуйидаги гапни айтди: Биласизми, албатта, мен бундай таклифдан хурсандман. Лекин сармоя олиб кирувчига давлат кафолати эмас, балки очиқ иқтисодиёт керак. Конвертация очилиши, сиёсат ва иқтисодиёт эркинлаштирилиши, мол-мулк кафолатини таъминланиши аста-секин бизнинг компания кабилар ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқиш уйғотади деб ўйлайман.
Кўп Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (собиқ совет социалистик давлатлар) мамлакатлари иқтисодиётлари асосан хомашё ресурсларини сотишга асосланган. Бизнес тизими эса давлат сиёсатидан келиб чиққан ҳолда оборилади; мисол учун Россияда. Лекин дунёнинг энг ривожланган иқтисодиётлари, энг юқори турмуш сифатига эга бўлган Япония, Цингапур, Гонгконг, Швейтсария каби мамлакатларда умуман на нефть, на олтин, на бошқа табиий бойликлари бор, лекин турмуш даражаси АҚШникидан баланд. Нега деб ўйласиз? Жавоб оддий: (1) Ривожланган давлатларда давлат сиёсатни/режасини бизнес ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тузади. Сабаб – бизнес ҳам давлатни, ҳам халқни боқади. (2) Бу давлатлар сармояни ўз халқининг илмини оширишга сарф қилган ва инновацион ғояларга асосланган иқтисодиётни қуришга ихтисослашган. Бир пайтлар Цингапур ҳам оғир аҳволда бўлган. Лекин халқини турмуш даражасини кўтариш учун қўл урган Цингапур давлат раҳбари, пул топиб, аҳолисининг энг иқтидорли фарзандларини ривожланган давлатларга ўқишга юборади. Ўқишни тугатиб, тажриба олиб келган ёш цингапурлик мутахассислар ўз мамлакати иқтисодиётини кўтаришади. Бугунги кунда бу мамлакат иқтисодиёти ва давлат сиёсати муваффақият модельи сифатида ўрганилади.
Юқоридаги тажрибани бизнинг биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва иккинчи Президентимиз Мирзиёев ишларида кузатишимиз мумкин. Ўзбекистон иқтисодиёти қийин аҳволда бўлишига қарамай, биринчи президент пул топиб, 800 дан ортиқ ёшларимизни дунёнинг энг ривожланган давлатларига ўқишга «умид» билан юборади. Президент Мирзиёевнинг мактабгача бўлган таълим вазирлигини ташкил қилиши бу революцион ғоя. 2018 йилни тадбиркорлик, инновацион ғояларни амалга ошириш йили деб номлаши эса ана шу юқоридаги ривожланган мамлакатлар қатори илғор технологияларга асосланган иқтисодиётни қуришга қўйилган қадам – мустаҳкам пойдевордир.
Фақат хомашёни сотишга асосланган иқтисодиётни келажаги йўқ. Мисол учун кўп ривожланган давлатлар ва Хитой 2040-йилларгача анъанавий ёқилғидан фойдаланадиган автомобильларни ишлаб чиқариш ва сотишни тўхтатиш планида. Бу фақат автомобильсозлик индустриясида бўлаётган янгилик. Менимча, Ўзбекистон шундай модельни, йўлни танлаши керакки, энг камида 25 йилдан кейинги иқтисодиёт кўринишини инобатга олиб ҳаракат қилиш керак. Ўзбекистонда шундай имконият борки, ривожланиш босқичининг бир нечта поғонасидан сакраб ўтиши мумкин. Президент Мирзиёев айтганларидек, бунинг учун янгилик яратишни кераги йўқ. Иқтисодиётни кўтариш учун керакли янгиликлар аллақачон яратилиб, синалиб, ҳаётга татбиқ этиб бўлинган. Биз шу илғор технологияларни ўрганиб, Ўзбекистон тажрибасида қўллашимиз керак.
Янгиликларни ўз мамлакатингда татбиқ қилишдан мақсад «бизда ҳам бу нарса бор» деган фикр эмас, балки қандайдир аниқ бир муаммони ҳал қилишга қаратиш керак. Бу эса давомий жараён. Шунинг учун «ривожланган давлатлар тажрибасига эга» мутахассислар кўмаги доимий равишда керак, албатта. Кадрлар масаласида қийинчилик бўлишига қарамай шуни айтиш мумкинки, президент сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган энг камида 800 та «Умид» жамғармаси собиқ талабалари бор. Булар оддий талабалар эмас, балки Ўзбекистонда саралаб олиниб, иқтидорли ёшлар деб тан олинган тиришқоқ, илмга чанқоқ ёшларимиздир. Энди эса бу собиқ талабалар профессионал мутахассислардир. Қолаверса, бундан ташқари, яна шунча ўз ҳаракати билан чет элда таълим олиб, меҳнатсеварлиги билан ажралиб турувчи бизнинг халқимиз вакиллари ривожланган давлатларда банк ва молия, олийгоҳ ва тиббиёт, информацион технологиялар ва инжениринг, қонунчилик ва бошқа кўп соҳаларида юқори малаки мутахассис бўлиб ишлаётган ватандошларимиз кам эмас. Миграция сиёсати институти статистика манбасига асосан Канадада 5500, АҚШда 200000 дан ошиқ, Буюк Британия 4000, Португалия-Испания-Франция-Австриянинг ҳар бирида 1000 тадан ортиқ, Италия 3000, Греция ва Туркияда 8000 тадан кўп, Россияда 1200000, Австралияда 2000 дан кўп ватандошларимиз доимий равишда яшаб келишади. Фақат АҚШнинг ўзидан ўша 200000 ватандошларимизнинг тенг ярими 1 йилда бир маротаба Ўзбекистонга қариндошларини зиёрат қилишга келиб кетиши Ўзбекистон иқтисодиётига энг камида 100 миллион доллар (йўл-киранинг ўзи) даромад олиб келади.
Лондон Иқтисодиёт Университети (London School of Economics) профессори, иқтисодиёт бўйича устозим 2000-йилда қуйидаги гапни айтган эди: Сизларни президентингиз ривожланган давлатларга умид қилиб юборган эканлар, вақти келиб сизлар (яъни чет элда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар) ўз ватанингиз ва ривожланган давлатлар ўртасида муваффақият кўпригини қуришда инженер вазифасини ўтайсизлар. Ўшанда сизларга эркин фикрлаш майдони керак бўлади.
Президент Билл Клинтон АҚШга раҳбарлик қилган даврда АҚШ давлат бюджети 1957-йилдан бери биринчи марта 4 йил мобайнида ҳақиқий профицитга кирган. Бунга сабаб шу эдики, Клинтон АҚШдаги энг кучли иқтисодчиларни Оқ уйга тез-тез таклиф қилиб, улар билан иқтисодиёт ривожланиш стратегиясини баҳс қилиб турган. Президент Мирзиёевнинг хориждаги ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати консепциясини ишлаб чиқишга чақириши ана шу юқоридаги гапларни тасдиғи десам ҳам бўлади. Лекин амалда бирон бир натижага эришиш учун бу ҳаракат марказлаштирилиши, яъни чет элда яшаётган ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилиш учун бир ташкилот яратилиши ва президент қошида бўлиши, фармон билан тасдиқланиши жуда муҳим. Ҳозирда кўп юқори малакали ватандошларимиз скептик оптимизм билан ўзгаришларни кузатиб туришибди. Бунинг сабаби шундаки, Ўзбекистонга борсак, биз ким билан ҳамкорлик ишини олиб борамиз, бизни эркин келиб кетишимизга кафолат қани, Ўзбекистонга боргани қўйилган ноқонуний тақиқларни ким ечади, виза олиш масаласи қачон енгиллаштирилади, биз президентга юборган мурожаатлар етиб бормаяпти, борсак бизни алоҳида хонага олиб кириб сўроқ қилмайдими, деган сабабли саволлар кўпчиликда йўқ эмас.
Бепул маслаҳат, семинар ва талабдан келиб чиқиб, бошқа ёрдамни беришга тайёр ватандошлар кам эмас. Мақсад, Президент Мирзиёевнинг халқимизни оғирини енгил қилишдаги орзу-ниятларини амалга оширишда озгина бўлсада қўлдан келганича кўмаклашиш. Шуниси аниқки, 100 та қарор чиқариш мумкин, лекин уни бажарадиган мутахассис бўлмаса, у қоғоздаги қуруқ гап бўлиб қолади. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейди халқимиз. Ўзбекистонда бирон бир ташкилотда ишлаётган мутахассисни 10 кунга чет элга обориб, бирон бир нарсани ўргатиб, ўшани Ўзбекистонда қил деган яхшими ёки АҚШ каби давлатларнинг иқтисодиёти ривожига доимий равишда ҳисса қўшиб, ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб турган мутахассиснинг мураббийлик қилиши яхшими? Бир яхши мутахассис тайёрлаш учун энг камида 10-15 йил керак. Ривожланган иқтисодиёт мамлакатларидаги ватандошлар билан, яъни ўз касбининг ҳақиқий эгалари билан яқин алоқада бўлмасак, унда лавозимлар тез-тез ўзгариши давом этаверади. Президент Мирзиёев айтганларидек, ҳеч ким сармоя билан икки қўлини очиб бизни кутиб тургани йўқ. Дунёда 195 та давлат бор ва жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнимизни топиш учун фақат ўзимиз курашишимиз керак.
Ушбу мақола Америка Овози радиосининг «Ватан Манзаралари» номли блогидан олинган