Биласизми?

Ўзбекистон аҳолиси 31,5 миллион нафардан ошди

2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 31 миллион 576,4 минг кишини ташкил қилди. Бу ҳақда Газета.uz  нашри Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига таянган ҳолда маълум қилди. Ўтган йил давомида мазкур кўрсаткич 553,9 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўпайди.

Шаҳар жойлари аҳолиси йил бошида 15,964 миллионга етган бўлса (аҳоли умумий сонининг 50,6 фоизи) қишлоқ жойларида — 15,612 миллионни ташкил этди (49,4 фоиз).

Туғилилишлар сони ўтган йилда 735,8 мингтани ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига(718,0 минг киши) нисбатан 17,8 мингтага кўпайди. Туғилиш коэффициенти мос равишда 23,5 промиллени ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига (23,3 промилле) нисбатан 0,3 промиллега кўпайди.

2015 йилда ўлганлар сони 152,9 мингтани ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига(149,8 минг киши) нисбатан 3,1 мингтага кўпайди. Мос равишда ўлим коэффициенти 4,9 промиллени ташкил қилди (2014 йилда — 4,9 промилле).

Ўлганлар умумий сонидан 58,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,6 фоизи — ўсма касалликларидан, 5,9 фоизи — овқат ҳазм қилиш органлари касалликларидан, 5,4 фоизи — нафас олиш органлари касалликларидан, 6,6 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатлардан вафот этган.

2015 йилда бир ёшга тўлмаган 8,3 мингта болалар ўлими кузатилди. Болалар ўлими коэффициенти 11,4 промиллени ташкил қилди (2014 йилнинг январь-декабрида-10,8 промилле).

Бир ёшгача ўлган болаларнинг умумий сонидан 59,0 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 23,2 фоизи — нафас олиш органлари касалликларидан, 9,1 фоизи — туғма аномалиялардан ва 3,4 фоизи инфекция ва паразитлар билан касалланганлиги сабабли вафот этган.

2015 йилнинг январь-декабрида ФҲДЁ органларида 287,6 мингта никоҳ ва 29,6 мингта ажралишлар рўйхатга олинди. Минг аҳолига нисбатан 9,2 та никоҳ (2014 йилда — 9,6 та) ва 0,9 та ажралишлар (2014 йилда — 0,9 та) тўғри келади.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2015 йилда республика бўйича кўчиб келганлар сони 139,6 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса 168,6 минг кишини ташкил қилди. Миграция қолдиғи минус 29,0 минг кишига (2014 йилда — минус 38,5 минг киши) тенг бўлди.