Таълим

Ўзбекчасини унутганлар учун митти луғат

Аванс – бўнак. Аклад – ойлик, маош. Балниса – касалхона, шифохона. Брат – ака, акахон. Вапше, обше – умуман. Аслида “умуман” сўзини ҳам иложи борича кам ишлатган маъқул. Голубси – дўлма. Да (телефон кўтарилганда) – эшитаман, лаббай. Ёки халқаро “ало” сўзини ҳам ишлатиш мумкин. Издиватса қилмоқ – устидан кулмоқ. Каникул – таътил. Капчўний – дудланган, қоқ, сур. Карочи – қисқаси. Кожа – тери, чарм, кўн. Мазги – мия. Маладес – яшанг, яша, яшавор. Эскилар бу сўз ўрнида “баракалла” деган сўзни ишлатишар эди. Маразилник – музлатгич. Машенник – фирибгар, қаллоб. Медсестра – ҳамшира. Мўшний – кучли, зўр. Нармални – тузук, яхши, дуруст, чидаса бўлади. Жуда шу сўзга меҳр-муҳаббатли бўлган киши “нормал” деб ишлатиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда русча қўшимчасиз бўлади. Наски – пайпоқ. Отдих – дам олиш. Пашти – деярли. Попкорн – оқтелпак, бодроқ. Праезд – кира ҳақи, йўлҳақи. Пропка – тиқилинч (йўл); тиқин (идишда). Райўн – туман. Бу сўз ёши катталар орасида ҳали-ҳануз ишлатиляпти. Салйўний – тузланган, тузлама, шўр. Свежий – янги. Свет – чироқ. Суботник – шанбалик. “Ҳашар” дейилса, тамоман ўзбекча бўлади. Травма – жароҳат. Уже – бу сўз алоҳида сўз билан таржима қилинмайди, қўшимчалардаёқ маъноси ифодаланади. Масалан, “Уже келдим” дейиш ўрнига “келиб бўлдим” дейилади. Успет қилмоқ – улгурмоқ. Халадес – илвира, илкиллама. Бу таомнинг ўзбекча номини айрим ёши катта кишиларгина билса керак. Халадилник – совутгич. Чтоби – учун. Масалан, “Мен атайин тўлиқ гапириб бердим. Чтоби сен тушунгин”. Мен тушунишинг учун тўлиқ айтдим, дейиш қисқа, лўнда, ўзбекча. Эканом қилмоқ – тежамоқ.

Баъзилар луғатимиздаги сўзлар янглиш ёзилибди, русча имлоси бошқача бўлади, деб эътироз билдириши мумкин. Бу эътироз ўринсиз. Чунки биз ўзбекмиз, ўзбекча талаффуз қиламиз. Шу сабабли тилимиздаги бегона сўзларни ҳам ўзбекча имлода берамиз. Бу кичик луғатни яна тўлдириш мумкин. Балки ҳозир юқоридаги сўзларни ўқиб туриб, у сўз қолиб кетибди, бу сўз қолиб кетибди, деб ўйлагандирсиз. Қайсидир сўзлар хаёлга келмагани аниқ.

Азиз ватандош! Биз ўзбекмиз, шу юрт фарзандимиз. Бошқа барча тиллар ва миллатларга ҳурмат сақлаган ҳолда энг олдин ўзимизни, ўз тилимизни, ўз миллатимизни ҳурмат қилишимиз керак. Ўзини ҳурмат қилмаганни бошқалар ҳурматлаши амри маҳол.

Бегона сўзлардан қутулишга ҳаракат қилиб кўринг. Тўғри, бошида сал ўнғайсиз туюлиши мумкин. Лекин бу ишни уддалай оласиз.

Манба: Maslahatim.uz