Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда ўрмон хўжалигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига бўлган ўтган йилги ташрифи давомида, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.
Айни дамда ушбу филиал ташкил этилган ва илмий ходимлар томонидан вилоятда ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Хусусан, 2016 йилда ўрмон хўжалиги ерларининг 8 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, жорий ва келгуси йилда бу кўлам 830 гектарга етказилади. Адир ва тоғолди ҳудудларида кўплаб доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади.
"Ўрмон хўжалиги ерларида фойдаланилмаётган имконият кўп. Масалан, писта, ёнғоқ, нўхот, ловия каби харидоргир маҳсулотлар, заъфарон, наъматак ва бошқа доривор ўсимликлардан қанча даромад олса бўлади! Асал етиштириш ҳам мумкин. Фақат илм, изланиш, ҳаракат керак. Вақти келиб, ўрмон хўжалиги алоҳида йирик соҳага айланиши зарур", — деди Президент.
Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жорий йилда 11 туманда янги ҳовузлар барпо этиш, аҳоли томорқалари ҳамда шоли майдонида Хитой ва Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштириш режалаштирилгани қайд этилди.