Соғлом боланинг дунёга келиши учун нималарга эътибор бериш керак?
1. Эрта оила қуриш (18 ёшгача) ва дарҳол фарзанд кўришдан сақланиш керак.
2. Қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик (ҳоҳ қайнона, қайнота, ҳоҳ бўлажак келин ёки куёв бўлинг) лозим.
3. Ўзингиз ва турмуш ўртоғингизнинг яқин қариндошларидан наслий касаллик, туғма ногиронлик бор – йўқлиги ва унинг бўлажак фарзандларингиз саломатлигига салбий таъсир этиш даражасини аниқлаш мақсадида генетик маслаҳатхоналаридан ўтиш керак.
4. Агар шундай хавф мавжуд бўлса, ҳомиладорлик даврида ҳомилангизни саломат эканлигига иқрор бўлиш учун тиббиёт соҳасидаги мутахассисларга мурожаат қилишингиз ва махсус текширувдан ўтишингиз лозим.
5. Ҳар бир аёл ўзининг саломатлиги бола кўриш фаолиятига тўғри келиши юзасидан мутахассислардан маслаҳат олиши керак. Акс ҳолда айрим гуруҳ оналар фарзандли бўламан деб ўзларини нобуд қилишади.
6. Фарзандлари орасидаги ёш фарқи камида 3 йилни ташкил этиши керак, чунки она организм ҳомиладорлик ва туғиш жараёнидан сўнг тикланиши, ўз ҳолига қайтиши, ўзини тўлиқ тиклаб олиши керак. Шу билан бирга яна бир муҳим масала – бола она сутига тўйиши лозим. Юқоридагиларга эътибор берилмаса, кейинги фарзанд кутилгандек саломат бўлмаслиги, аввалги бола эса она сути, унинг меҳри ва парвариши етарли бўлмаганлиги сабабли турли касалликларга учраши мумкин.
7. Аёллар репродуктив (бола кўриш) даврининг сўнгги йилларида ҳомиладор бўлмаслиги ва фарзандли бўлишдан сақланиши керак.
8. Аёлни ҳомиладорлик даврида турли стресс ҳолатлардан, меҳнат фаолиятида ҳомилага салбий таъсир этиши мумкин бўлган алкогол ичимликлари, никотин гиёҳвандлик моддаларидан, меҳнатнинг айрим турларидан, турли вирусли, юқумли касалликлардан, сурункали дардларнинг (агар бўлса ) ҳуруж қилишидан, таносил ва аёллар ҳасталикларидан, овқатланиш, дам олиш, уҳлаш режимининг бузлишидан, нурланиш, кимёвий моддалар шу жумладан, ҳомилага ва ҳомиладирликнинг кечишига салбий таъсир этувчи айрим дори – дармонлардан сақланиши тавсия этилади.
Манба: Avitsenna.Uz