Биласизми?

Музлатгичда маҳсулотни узоқ сақлаш сирларини биласизми?

Музлатгичдаги маҳсулот истаганингиздек узоқ сақланмаяптими? Мева ва сабзавотлар тезгина сўлиб, балиқнинг иси пишлоққа уриб, косадаги шўрва эса лиқилдоққа айланиб қоляптими? Бунинг сабаби музлатгичда сақлаш қоидаси, мақбул ҳарорат режими ва тегишлича намлик даражасини билмаслигимиздандир. Қуйида гўшт, балиқ, кўкатлар ва тайёр таомларни музлатгичда сифатли сақлашнинг йўллари билан ўртоқлашамиз.

  1. Ҳар бир маҳсулотнинг ўз ўрни бор

Refrigerator1

Келинг, аввало музлатгич қандай бўлимлардан иборатлигини ва уларнинг ўзаро фарқини кўздан кечирайлик. Совутувчи бўлмада ҳарорат 0 ва +8 оралиғида бўлади. Фарқини кўряпсиз, шунинг учун бўлманинг турли жойларида сақлаш шароити турлича бўлишини назарда тутинг.

Ҳаво айланиши ҳисобига пастки шиша токчанинг ҳарорати энг паст бўлади, шунинг учун унда гўшт, балиқ ва қиймани сақлаш мумкин (аммо бу маҳсулотларни узоқ сақлаш учун энг маъқул жой музхонадир). Ўрта токчаларда ҳарорат бир оз юқори – унда тайёр овқат, сут, ярим тайёр маҳсулотларни сақлаганингиз маъқул. Унча-мунчага айнимайдиган ёғ, тухум, ичимликлар ва соусларни тепа токчада сақласангиз ҳам бўлади.

Совутувчи бўлманинг энг пастидаги қути мева ва сабзавотларни сақлаш учун мўлжалланган. “Атлант” музлатгичларининг айрим турларида “сархил сақлаш бўлаги” бор, унда берк қисмда ҳарорат нол даражада бўлади. Бу кўкатлар, сабзавот ва мева ҳамда гўшт ва балиқ сақлаш учун жуда боп жойдир.

  1. Контейнерлардан фойдаланинг

Refrigerator2

Бир маҳсулотнинг ҳиди бошқасиникига уриб қолмаслиги учун пластик ёки шиша контейнерчалардан фойдаланинг. Бу контейнерчалар ишингизни жуда осонлаштиради: нафақат, маҳсулотларни янгидек сақлайди, балки музлатгич ичидаги жойни ҳам тежайди, устма-уст жойлаштирсангиз бўлади. Контейнерчалардаги маҳсулотлар сараланган ҳолда туради, истаган вақтингизда топишга қулайдир.

Агар сизда контейнерчалар бўлмаса, фолга ёки озиқ-овқат плёнкасидан фойдаланинг. Бозорда маҳсулотлар солиб бериладиган полиэтилен пакетларни эса музлатгичга йўлата кўрманг – ундаги нарса пўпанаклаб кетади.

  1. Алоҳида-алоҳида сақланг

Refrigerator3

Саломатлик ҳақида гап кетганда маҳсулотларни алоҳида сақлаш лозимлигини эслатиб қўймасак бўлмайди. Хом гўшт ва балиқ билан бирга меваю сабзавотни сақлаш мақсадга мувофиқ эмас, қачонки, улар герметик ўралган бўлмаса.

Бунақа ҳолатда маҳсулотлар бир-бирига зарар етказиши, натижада бутун оила заҳарланиши мумкин. Хом гўшт ва балиқни музлатгичга фақат контейнерчада ёки бирор нарсага ўралган ҳолда қўйиш шарт.

Мева ва сабзавотларни ҳам бир токчада бир бирига яқин ҳолда сақламаган маъқул, улар бир-бирининг чиришини тезлаштиради.

  1. Тўғри музлатинг

Refrigerator4

Музхонасидаги ҳарорат -18 даражагача. Бу ҳароратда маҳсулот жуда тез музлайди ва фойдали моддаларининг катта қисми сақланиб қолади. “Атлант” музлатгичларининг айрим турларида тез музлатиш функцияси бўлиб, ички бўлманинг ҳароратини -24 даражагача туширса бўлади.

Гўшт, балиқ, қўзиқорин, сабзавот ва мева-чеваларни алоҳида герметик пакетларда сақлаш лозим. Ҳеч қачон уларни қайта музлатмаслик керак, акс ҳолда витамин ва минераллари йўқолади, таъми бузилади. No Frost функцияли музлатгичлар бу масалада яхши ёрдамчидир.

Музлатилиши керак бўлган маҳсулотлар миқдори музлатгич йўриқномасида кўрсатилган миқдордагидан ортиб кетмаслиги лозим, акс ҳолда бу жараён кўп вақтни олади ва кам сақланади.

  1. Тозаликни сақланг

Refrigerator5

Ҳа, фақат маҳсулотларни эмас, тозаликни ҳам сақлашни унутманг. Эътиборсизликка йўл қўйсангиз, музлатгичингиз зарарли бактериялар маконига айланади. Кўплаб музлатгичларнинг токча ва қутилари жойидан олинади, уларни тозаловчи воситалар билан ювиб туринг. Музлатгичнинг ички деворларини нам латта билан тез-тез артиб туриш керак. Гўшт ёки балиқнинг шираси музлатгич девори ва токчалариги тушмасин.

  1. Музлатгични тўлдириб ташламанг

Агар бу қоидадан чекинсангиз, ҳарорат режими бузилади. Оқибатда, маҳсулотлар айнийди.

Айрим музлатгичларнинг ўз-ўзига ташхис қўйиш тизими бўлади ва камера керагидан ортиқ илиқ бўлса огоҳлантиради. Мабодо, сизнинг музлатгичингизда бундай функция бўлмаса, консерва, ёрмалар, сабзвотлар, берк идишдаги шарбат ва соуслар, қовун-тарвузларни совуқ иқлимда эмас, хона ҳароратида сақлашингиз мумкин.