Иш

Муваффақиятлилар иш куни адоғида бажарадиган 11 амал  

Таниқли бизнес менежери Майкл Керрнинг фикрича, иш кунини қандай якунлаш истиқболдаги муваффақиятнинг муҳим гарови экан. Қуйида сизга ишида юқори натижага эришган инсонларнинг иш куни тугашига 10 дақиқа қолганида қиладиган одатлари ҳақида маълумот берамиз.

  1. Улар қилиниши лозим бўлган ишлар рўйхатини янгилайдилар

Ишда муваффақиятга эришадиган инсонлар фаолияти ўрганилганида уларнинг энг аввало, қилиниши лозим бўлган вазифалар рўйхатини тузишлари ва бу рўйхат мунтазам янгиланиши маълум бўлган. Улар "бу ишлар эртага ҳам хотирамда турган бўлади", деб ўйламайдилар. Муваффақият соҳибларининг "вақт менежменти"даги бош маҳорати вазифага "жуда зарур" ва "зарур" даражаларини қўя олиш кўникмаси билан узвий боғлиқ.

  1. Улар иш столларини тартибга келтирадилар.

Тартибли бўлмаслик – қилиниши лозим бўлган ишларни ортга суришга баробар. Тартиб эса иш столидан бошланади. Айниқса, қалашиб ётган қоғоз уюмлари таъбни хира қилмаслиги учун уларни махсус жилдларга жойлаш керак. Натижада керакли ҳужжатни осонлик билан топиш, вақтни тежаш мумкин. Тоза ва озода иш столи сизга янада аниқ-тиниқ фикрлаш, вазиятни таҳлил қилишга кўмаклашади.

  1. Улар кун давомида эришган натижани таҳлил қиладилар.

Кун давомида қилинган ишлар сарҳисоби эртага қилиш лозим бўлган ишлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун айни муддао. Қолаверса, 1 дақиқа мобайнида бугунги иш кунига назар ташлаш ходимнинг ўзига бўлган ишончини оширар экан.

  1. Улар бугунги суҳбатни эртага қолдиришмайди.

Иш адоғида ҳамма ҳам шахсий масалада қаергадир шошиб турган бўлиши мумкин. Аммо ким учундир ажратилган 5 дақиқа ишдаги муҳим ўсишни, ижобий натижани таъминлаши мумкин. Ходим ёки раҳбар билан зарур масалада қилиниши лозим бўлган суҳбатни эртага қолдирманг. Акс ҳолда, кеч бўлиши мумкин.

  1. Улар иш жараёнини диққатдан қочирмайдилар

Иш куни якунида кўпчилик ҳорғин бўлиб қолади, ўзини эркин қўяди. Аммо сиз бундай қилманг. Урушдаги ғалабани ҳам сўнгги дақиқадаги саъй-ҳаракат, қарорлар таъминлаб беради.

  1. Эртанги кун учун натижаларни бугун белгилаб оладилар

Юқори натижага эришадиган инсонлар эртанги вазифаларни тузиш баробарида, тахминий ютуқларни ҳам чамалаб оладилар. Бу натижаларни қоғозга тушириб қўйиш эса уларни амалга ошириш учун ички илҳомланишнинг асосидир. Режаларнинг қоғозга тушиши – уларнинг ҳаётда намоён бўлишининг ибтидосидир.

  1. Улар ҳамкасбларига иш адоғида ҳам ғайратли эканликларини намойиш қиладилар.

Ишхонадаги муҳит “уйғоқ” ва ижобий бўлса, натижа ҳам шундай бўлади. Акс ҳолда, иш якунланмасидан кунлик ҳамма режалар тагига олиши мумкин. Иш кунининг сўнгги дақиқаларида ҳам бардам ва шижоат билан меҳнат қилиш сиз тўғрингиздаги яхши фикрни шакллантиради.

  1. Улар бошқаларни ноқулай вазиятга ташлаб, қочмайдилар.

Каръера бевосита фидойилик дегани. Айниқса, эркак кишига ишнинг тугашига 10 дақиқа қолганида уйга жўнаш тадоригига тушиб қолиш ярашмайди. Сизнинг ва оилангиз тақдири ишга боғлиқ экан, иш куни адоғида "ёниб турган" иш бўлса, иш куни тугагани сабабли "қуённи расмини чизиб", бошқаларни қийин вазиятга ташлаб кетманг.

  1. Улар электрон почталарини кўздан кечирадилар.

Одатда кўпчилик иш юзасидан алоҳида электрон почта манзилидан фойдаланади. Уйга кетиш олдидан почтани текшириб кўришни унутманг. У ерда ҳамкорлар, раҳбарлар томонидан муҳим янгилик ёки топшириқлар ўрин олган янги мактублар бўлиши мумкин.

  1. Улар хайрли ҳордиқ тилаб, раҳмат айтишни канда қилмайдилар.

Ишдаги ўсиш билимга эмас, кўпроқ феъл-атворга боғлиқлиги исботини топган. Шундай экан, ишда хушмуомала бўлинг. Иш куни адоғида ҳамкасбларга хайрли дам олиш тилашни унутманг. Бу орқали инсон шууридаги бахтиёрлик даражаси ошиб, яхши кайфиятда уйга йўл олади.

  1. Улар чиндан ҳам иш кунини якунлайдилар.

Иш ўз йўлига. Шуни унутманг. Иш ҳеч қачон тугамаган. Унга сизни "тугатишига" йўл қўйманг. Муваффақиятли одамлар мунтазам равишда ишда қолиб кетмайдилар. Ишда қолиб кетиш фидойилик эмас, дангасалик белгиси. Боиси, ишни ўз вақтида қилмайдиганлар ишда ушланиб қолаверадилар. Арзимас сабаб билан ишда қолиб кетиш эртанги ғайрат-шижоатни сўндириб, шахсий ҳаётга жиддий зарар етказади.

Ишда юксалишда давом этаверинг!

Шуҳрат Сатторов, журналист