Бир кунда муваффақиятли бўлишнинг имкони йўқ. Омад эса бошқа нарса. Шубҳасиз, муваффақият қаттиқ меҳнат самараси. Аммо меҳнатнинг ўзи кифоя қилганида эшак дунёдаги энг муваффақиятли жонзод бўлиши керак эди. Демак, муваффақиятли бўлишнинг ҳам ўз сирлари бор. Қуйида шулар ҳақида маълумот берамиз.
- Мақсадли ҳаракат ва уни севиш
Мақсад қанчалар аниқ бўлса, унга етиш ҳам шу қадар осон бўлади. Унга меҳр қўйиш эса муваффақиятга янада тезроқ етишимизга хизмат қилади. Аслида қанча ҳаракат қилганимиз эмас, тўғри йўлда ҳаракат қилаётганимиз ва унга қанчалар меҳр билан ёндашишимиз муҳим. Унутманг, нотўғри танлаган мақсад ва иш – бутун умрлик душман.
- Хато ва камчилигингизни сўранг
Ҳар доим муваффақиятсизликнинг охирига етинг, яъни қилган хатоларингизни топиб, ожиз нуқтангизни аниқланг. Кўпчилигимиз бундай вазиятда бошқалардан шубҳа қиламиз, улардан нафратланамиз ва айбдорни излаймиз. Бундай вазиятда баҳони ҳис-туйғулар эмас, ақлимиз бериши керак. Таниқли тадбиркор Билл Гейтс айтгани каби, барчамиз бизга аслида қандайлигимиз айтадиган одамга муҳтожмиз. Улар бизга ўз устимизда ишлашимиз учун керак.
- Жамоа билан ишлаш
Хоҳлаган муваффақиятли одам жамоа билан ишлашнинг аҳамиятли эканини айтади. Маслаҳатли ош тарқамас. Ҳамкасбларни ҳурмат қилиш, иш юзасидан фикр алмашиш, уларга ёрдам беришга одатланиш керак. Бу одат инсоннинг оилавий ҳаётига ҳам таъсир ўтказади. Машҳур тадбиркор Генри Форд айттгани каби, агар жамоа биргаликда ҳаракатланса, муваффақият ҳам ўзи ҳақида қайғуриб қолади.
- Муваффақиятсизликдан сўнг оёққа туриш
Муваффақият 7 марта йиқилиб, 8 марта оёққа туриш дегани. Оёққа туришни ўрганиш учун эса йиқилиш керак бўлади. Ҳар бир омадсизлик сабоқ бўлсин. Шуни англасак, янада кучли, иродали бўлиб борамиз. Таниқли сиёсий арбоб Нелсон Мандела айтгани каби, одамга унинг муваффақияти билан эмас, неча марта йиқилиб, сўнг яна оёққа турганига қараб баҳо бериш керак.
- Чин дилдан кечирим сўраш
Баъзида узр сўраш энг мушкул ишга ўхшаб кўринади. Вазиятдан чиқиб кетиш учун узр сўрамоқлик энг яхши имкон. Аммо у самимий бўлмаса, вазиятни янада чигаллаштиради. Кимнидир хатоингиз билан хафа қилсангиз, у инсонга бошқа бунга йўқ қўймаслигингиз ҳақида билдиринг.
- Раҳмат айтиш
Атрофингда сен билан бирга одамлар гарчи сезилмаса ҳам, муваффақиятинг учун хизмат қилаётган бўлади. Ота-онанг, турмуш ўртоғинг, ҳамкасбларинг, дўстларинг, ҳамкорларингга тез-тез миннатдорчилик билдириб тур. Бу одат ришталарни мустаҳкамлайди.
- Хокисорлик
Бировни назар-писанд қилмаслик – муваффақият йўлини тўсиб турадиган бош омил. Хокисор ва шикастанафас, тавозега тўла одамга барча эшиклар очилади. Бу одат ўз эгасининг ҳалол, диёнатли эканини англатади. Барчага тенг муносабатда бўлинг. Такаббурлик қанчалар баланд бўлса, муваффақиятсизлик даражаси ҳам шу қадар юқори бўлади. Таниқли адиб Робиндранат Тагор айтгани каби, эшикни мулойимлик билан тақиллатишни ўйлаган одамга эшиклар доимо очиқ.
- Ўзгариш
"Ўзгариш бирдан-бир доимийликдир" деган гапда жон бор. Дунёни кўриш учун аввало ўзгариш керак. Ҳаёт ҳам мунтазам янгиланишлар билан гўзал. Ҳаёт қонунига кўра, атрофимиздаги одамлар, нарсалар, лаҳзалар, ҳислар, вазият мунтазам ўзагаради. Шундай пайт бўладики, мослашиш энг яхши чорага айланади. Альберт Эйнштейн айтгани каби, муаммони уни юзага келтирган тафаккур билан ҳал қилиб бўлмайди.
- Қарор қабул қилишда иккиланманг
Ўз хоҳишини билмаслик иккиланишга олиб келади. Иккиланиш кўпинча ноқулай вазиятга сабаб бўлади. Тушликда нима ейишга узоқ вақт бош қотирган одам ҳаётдаги муҳим қарорларни қабул қилишга ҳам қийналади. Қарор қабул қила олмагандан кўра хато бўлса ҳам, қарор қабул қилган яхши. Ҳеч бўлмаса тўғри хулоса чиқариш учун.
- Зарур вазиятда "йўқ" дея олинг
Тўғри пайтда айтилган "йўқ" сизни ҳам, бу жавобни олган кишини ҳам муқаррар кўнгилсизликлардан ҳимоя қилади. Кўнглингиздаги доимо тилингизда бўлсин.
- Хайрихоҳлик ва ҳурмат кўрсатиш
Бугун хайрихоҳлик анқонинг уруғига айланиб қолди. Шу боис бўлса керак, ўзаро ҳурмат ҳам камайиб қолгандек. Одамларга ҳурмат уларни тушунишга, улар ҳақида шошилинч хулоса чиқармасликка хизмат қилади. Бу одат сизга одамлар билан яхши муносабатда бўлишни ўргатади. Муваффақият охир-оқибат сиздаги одамларнинг кўнглига йўл топа олиш қобилияти билан ҳисоблашади. Моҳир жанг санъати устаси Брюс Ли айтгани каби, билим сизга куч берса, феъл-атворингиз ҳурмат келтиради.
- Ўз-ўзини бошқара олиш
Инсоннинг энг улкан жанги ўз-ўзи билан кечади. Жаҳлни тийиш, ғазабни жиловлаш инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади. Хитой файласуфи Лао Цзи айтганидек, бошқаларни бошқариш – куч, ўз-ўзини бошқариш эса қудратдир.
Доимо муваффақиятли бўлиб юринг!
Шуҳрат Сатторов, журналист