Саломатлик

Мияни қувватлантириш учун 5 та фойдали машғулот

Ёз – таътил ва дам олиш даври. Ҳордиқ эса мияни қувватлантириш, руҳга ором беришнинг айни даври. Илмий изланишлар инсон мияси ва руҳияти учун фойдали фаолият турлари, вақтдан саломатликни тиклашда унумли фойдаланиш усуллари ҳақида аниқ-тиниқ маълумот бермоқда. Сиз ҳам бўш вақтингизда қуйидаги амалларга одатланинг.

Видео ўйинлар ўйнаш

Видео ўйинни кўпи зарар. Буни аввалбошданоқ айтиб қўйиш жоиз.

Видео ўйинларни ўйнаш чоғида миядаги неврологик жараёнларда яхшиланиш кузатилади. Бунинг барчаси хурсандчилик, ишқибозлик туфайли ажралиб чиқадиган адреналин моддаси билан боғлиқ.

Шу билан бирга, руҳиятда "диққатни йўналтириш" ҳолати мавжуд. Бу жараён ҳам мия фаолияти учун фойдали. Диққатни бирор ҳаракатга қаратиш мия мускулларига дам беради. Вақт ўтиши билан диққатни жамлай олмаслик мулоҳаза қилиш, хотира билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқаради.

Мутолаа ва телевизор томоша қилиш

Мутолаа қилаётган одам учун ташқи таъсирлар аҳамиятини йўқотади: унинг китоб оламидаги саёҳати ёш боланинг чинқираётгани, кўча шовқини, машиналар овози, техника овозидан устун келади.

Инсоннинг узоқ умр кўриши унинг мия фаолияти билан ҳам, аниқроғи миянинг руҳини бошқариши, билим доирасининг кенглиги билан боғлиқ. Инсон мутолаа қилиб фикр қилгани, унинг идроки ишлагани сайин мия фаолияти ҳам яхшиланади.

 Спорт билан шуғулланиш

Спортнинг деярли барча тури бизнинг руҳиятимиз учун шифобахшдир. Мисол учун, руҳшунослар теннис билан шуғулланиш тушкунлик симптомларига қарши курашишини кўп айтишади.

Инсон мияси рақобатга киришишни, мусобақада иштирок этишни яхши кўради. Агар уйда, тушкун ва зериккан ҳолатда ўтирган бўлсангиз, тушкунлик сигналлари сизнинг миянгизнинг лимбик тизими, яъни  эмоцияларни бошқарувчи қисмига таъсир қилади ва хурсандчилик, қувватни сўради.

Спорт ҳам, иш фаолияти ҳам инсон миясини бу салбий таъсирлардан ҳимоя қилади.

Сайр қилиш

Сўнгги йилларда атроф-муҳит руҳияти деган ушунча пайдо бўлди. Яъни, табиат, яшиллик, тоғлар ҳам инсон мияси, руҳини тинчлантирувчи муҳим омиллар экани илмда исботини топди.

Мисол учун, табиат қўйнида бўлиш инсон миясидаги салбий режаларни, жиноятга мойилликни камайтирар экан. Айниқса, дарахтзорда, ўрмонда сайр қилиш эса қон босими фаолиятини яхшилайди.

2008 йилда ўтказилган тадқиқотда икки гуруҳ иштирок этиб, уларнинг бири шаҳарда, бошқаси шаҳардан ташқарида бўлган табиат қўйнида сайр қилишади. Натижалардан малум бўлдики, табиат қўйнида сайр қилган гуруҳдагиларнинг руҳияти кўпроқ соғломлашиб, бу уларнинг идрок доирасига ҳам ижобий таъсир қилган.

Ҳатто, табиат манзараси акс этган суратларни томоша қилиш ҳам танага табиат қўйнида сайр қилгандек яхши таъсир кўрсатар экан.

Югуриш

Брюс Ли югуришни "машқлар қироли" деб атаган. У тўғри айтган экан. Югурувчилар ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан бақувват бўладилар. Югуриш асаб толаси ва мия тўқималарининг юқори даражада ривожланишига хизмат қилади.

Маълум бўлишича югуриш, тош кўтариш, юқори интенсивли аэробик машқлар инсоннинг асаб тизимини мустаҳкамлаб, қон айланишини яхшилар ва миянинг ишлаш самарадорлигини оширар экан.

Ҳар куни 1 соат югуриш – саломатлик ва узоқ умрнинг сири экан.