Иш

Миллиардер Ричард Брэнсон уйқучи ходимни ғалати йўл билан жазолади

Тасаввур қилинг: айни жазирама ёз кунларида лоҳас бўлиб, бир пас мизғиш учун чўзилсангизда, айни туш кўришни бошлаганингизда нақ раҳбарнинг ўзи келиб қолса ва сизни уйғотмасдан туриб, сиз билан селфига тушса!

Дангаса ходим учун бундан ҳам баттар даҳшатли туш бўлмаса керак.

Дунёнинг муваффақиятли кишиларидан бири, британиялик бизнесмен, Virgin Group компанияси асосчиси Ричард Брэнсон ҳам компаниянинг Австралия бўлинмасига кириб борар экан, ногоҳ бир ходимнинг диванда мириқиб ухлаётганининг устидан чиқиб қолди.

"Жамоа нима билан бандлигини билиш учун офисга бир равга кириб ўтган эдим. Бу йигитчани ишда ухлаб ётган ҳолатда кўриб қолдим. Аммо у туш кўряпман деб ўйлаган бўлса керак, уйғотсам бир кўз ташлаб яна ухлашда давом этди", дейди миллионер.

Ричард Брэнсон ҳазил-мутойибага мойиллиги баланд магнат сифатида ҳам ном қозонган. Шу сабабли ҳам, у уйқучи ходим билан суратга тушиб, уни ўз блогида эълон қилди ва шу йўл билан унга сабоқ берди.

“Адолат билан айтадиган бўлсам, у ўзига керакли кучни тўплаётган эди. Ва албатта, хатар билмас бульдозер билан суратга тушиш учун ҳозир бўлдим”, ёзади у ўз блогида.

Гарчи хўжайин келганида идорада чўзилиб олиб ухлаш яхши манзара бўлмаса ҳам, аммо баъзи руҳшуносларнинг фикрича, ишчиларидан юқори самарадорлик кутган раҳбарлар ишхонада ходимларининг бир оз мизғиб олишлари учун шароит яратиб беришлари керак. Шу билан бирга, яхши ишлашда тунги уйқунинг ҳам ўрни юқори экан.