Оила

Меҳр-муҳаббат – энг муҳим зарурат (I қисм)

Бу – эркаклар, уларнинг муваффақияти, истиқболи ва кексалик йиллари ўрганилган энг узоқ тадқиқот юзасидан чиқарилган хулоса.

Нега ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиши бир хил бўлган, билим доирасининг юқорилиги бир-бириникидан фарқли бўлмаган икки эркакнинг ҳаёт йўли икки хил бўлади? Бири бахтли, бошқаси эса бахтдан мосуво.

Ҳаётдаги муносабатлар ва касбий фаолиятдаги муваффақиятнинг аҳамиятини ўрганишда инсон табиати ёки тарбияси муҳим омилми?

Инсоннинг навқирон ёшлик даврида содир бўладиган қандай жисмоний ва руҳий омиллар унинг узоқ ва мазмунли умр кечиришидан дарак беради?

1938 йилда Ҳарвард тиббиёт мактабининг бир гуруҳ тадқиқотчилари мазкур фавқулодда қизиқ бўлган саволларга жавоб топиш, "энг мақбул ҳаёт"нинг омилларини кашф қилиш истагида тадқиқот ўтказдилар. Тадқиқот объекти сифатида университетнинг 1939-1944 йилларда таҳсил олган 268 нафар иккинчи босқич талабалари танлаб олинди ва имтиҳонлар орқали уларнинг ҳаётининг энг камида йигирма йиллиги, болалик ва ҳозирги, кейинги ҳаёти синчиклаб ўрганила бошланди. Танлаб олинган эркаклар ҳам жисмонан, ҳам ақлан баркамол бўлиб, келажакда салоҳиятлари эвазига муваффақиятли инсонлар бўлиб вояга етишларига шубҳа йўқ эди.  Танланганларнинг аксарияти ўзига тўқ хонадон фарзандлари бўлишса, бошқалари имтиёз ва стипендия асосида билим олаётган, камбағал оиланинг билимли фарзанди эдилар.

Тадқиқот қатнашчилари уларнинг ҳаётларига дахлдор ўтказилажак йирик кўламдаги тажрибанинг кўнгиллиларига айланишди. Улар саломатликка оид текширувлар, психологик сўровлар орқали тадқиқ қилиндилар. Олимлар уларнинг уйларига ташриф буюриб, ота-оналари билан суҳбатлашдилар, шунингдек уларга қариндош бўлган уч авлод вакилларини суҳбатларга тортдилар, Ҳарвард талабасига оид саволлар бердилар. Йилма-йил тўлдирилган сўровномалар талабаларнинг саломатлиги, феъл-атвори, оиласи, сиёсий қарашлари, касби, турмуш ҳаётига оид далиллар билан тўлди. Ҳар 10-15 йилда улар билан юзма-юз суҳбатлар ташкил қилинди.

"Грант тадқиқот" номи билан танилган ушбу лойиҳа бугунгача – бошланганидан буён 75 йилдан ошиқ вақт мобайнида, ҳозиргача давом этмоқда. Бир неча маротаба қайта-қайта узайтирилган тадқиқот бугунгача ўтказилган илмий ўрганишлар орасида энг узоғидир. Ўрганишга бошчилик қилаётган Жорж Вайллент тадқиқот бошқарувига келганида 32 ёшда, иштирокчилар эса 50 ёшда эдилар. Мана, у бир неча ўн йиллардан буён лойиҳага бош-қош бўлиб келмоқда ва ҳозир саксонга яқинлашиб қолган. Ҳозир тадқиқотда иштирок этаётганлар эса тўқсонни қоралаб қолган қариялар. Иштирокчилар ҳали ҳам ўзларига берилаётган саволномаларни тўлдириб берадилар, Вайллент эса уларнинг жавобларини ўрганиб боради.

Мана, тадқиқот тарихида еттинчи ўн йиллик якун топмоқда ва тўпланган улкан маълумотлар инсоннинг бахтли кексалик даврига таъсир кўрсатадиган ёшлик омилларини таҳлил қилиш ва аниқлаш учун етарли асосдир. Олимлар  муҳим жиҳатларни қайд қилиш мақсадида саволномаларни мунтазам равишда синчиклаб ўрганиб, инсонни бахтга олиб борувчи ҳаётий элементларни элакдан ўтказиб келмоқдалар. Тадқиқот муносиб умрга хос тагзаминлар ҳақида хулоса ясашга асос бўладиган илк илмий қарашларни илгари сурмоқда.

Муносабатларнинг аҳамияти

Маълум бўлишича, инсон муваффақияти ва ўзига ишончи 10 та таркибий қисмдан иборат экан. Булар – касбда юксалиш, ўз ишида ном қозониш, руҳий ва жисмоний саломатлик, чиройли турмуш, садоқатли дўстлик, ўз фарзандларига эътиборли бўлиш, ишдан завқ олиш, муҳаббатни туйиш, бахтиёрликнинг нисбий даражасини ҳис қилиш. Буларни биргаликда "умр моҳиятининг ўнкураши" дейиш мумкин. Бу ердаги руҳий ҳолатларни инсон 65-80 ёшларидагина ҳис қилар экан. Унгача эса бу борада шахсий хулосаларига эга бўлмайди. Хўш, бу инсонга ўтмишда юксак даражадаги бахтга етишига сабаб бўладиган қандай омиллар бўлиши мумкин?

Жорж Вайллент маълумотларни таҳлил қилар экан, инсоннинг мақбул ҳаёти билан унинг интеллектуал салоҳияти, танасининг тузилиши (мезоморф, эктоморф, эндоморф), ота-онасининг билим даражаси ва топиш-тутиши ўртасида бирор бир боғлиқликни топа олмади.

Бу омилларни боғлаб турувчи ягона омил, бу – муносабатлар экан. Яъни, меҳрга тўла болалик, ҳазил-мутойиба, вазминлик ва ижобийликка тўла феъл-атвор (кимгадир мушт туширишга тўғри келган вазиятда босиқлик қилиш), бир сўз билан айтганда – коллеж йилларида шаклланган мўминлик, мулойим шахсият, бошқаларни тушуниш (меъёрида).

37-47 ёшларда дўстлар, қариндошлар билан мустаҳкам муносабатларни йўлга қўйиш, ўзаро борди-келди қилиш ва ижтимоий ташкилотчиликда фаол бўлиш жуда муҳим. Тадқиқот натижаларидан маълум бўлдики, ёшлигида ва ўрта ёш вақтида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда фаол бўлган, яъни дўст ва қариндошлар учрашувини доимо ташкил қилиб юрадиган кишилар энг бахтли кексалик гаштига етар эканлар. Бунинг барчаси бевосита одамлар билан ўрнатилган муносабатларга дахлдор.

Дилкаш муносабатларнинг кучли таъсири инсон ҳаётидаги турли ҳолатда кўринади, хусусан яхши муносабат уларнинг топиш-тутишларига ҳам барака олиб кирар экан.

Мисол учун, ўз ака-укалари билан яхши муносабат ўрната олган одам яқинларига эътиборсиз ёки ака-синглиси йўқ одамга нисбатан йилига 51 минг АҚШ доллари миқдорида ошиқча маблағ топар экан.

Аҳил хонадонда вояга етган фарзанд тарқоқ оилада ўсган кишига нисбатан 66 минг АҚШ доллари миқдорида кўпроқ маблағ топади.

Меҳрибон ва мушфиқ онанинг меҳрини ҳис қилиб улғайган фарзанд она эътиборини тотмаган одамга қараганда 87 минг АҚШ доллари миқдорида кўпроқ маблағ топади.

Одамлар билан илиқ муносабатлар ўрната олган 58 нафар қатнашчилар атрофидагилар билан илиқ муносабатларни хушламаган 31 нафар иштирокчига қараганда 150 минг АҚШ доллари миқдорида кўпроқ йиллик даромадга эга бўлганлар.

Унутманг, бу қатнашчиларнинг барчаси Ҳарвард университетининг таълим-тарбияси билан ишга киришишган. Яна шуни билингки, уларнинг ота-оналарининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи иштирокчиларнинг келажакдаги даромадларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган, яъни улар бунга ўзлари эришганлар.

Тўпланган тажриба ва билим одамлар билан муносабатнинг муносиб ҳаёт кечиришдаги аҳамиятини исботлади. Яхши муносабатнинг омиллари эса болалик, ота ва онанинг таъсири билан бевосита боғланади.

Инсон болалигининг умрига таъсири

"Ёшлигида умид қилишни, севишни ва ҳаётга ишонч билан боқишни билмаган одамга умр ҳайф." Жозеф Конрад

Болаликнинг инсоннинг истиқболли умрига таъсирини баҳолаш учун тадқиқот қатнашчилари қуйидаги мезонлар асосида баҳоландилар.

Қатнашчи улғайган оила муҳити самимий ва барқарор муносабатлар асосига қурилганми?

Боланинг отаси билан муносабати самимий ва мустаҳкам бўлганми?

Бола мустақил бўлганми, ота-бола ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳурмат бўлганми? Худди шу нуқтаи назардан, боланинг онаси билан муносабати ўрганилган.

Қатнашчининг ўзи улғайган оилавий муҳитдан рози ёки норозилиги.

Қатнашчининг ака-ука ва опа-сингиллари билан ўзаро муносабати.

Маълум бўлдики, самимий оилавий муҳитда ўтган болалик бахтли келажакнинг бош асоси экан. Бунда ота-онанинг ўзига тўқ ёки камбағаллигининг аҳамияти йўқ. Самимий хонадонлар вакиллари нисбатан кучлироқ бўладилар. Айниқса, 70 ёшдан бошлаб инсон бахтли ўтган болалигини ўйлаб, ҳузурлана бошлар экан.

Меҳрга тўйган ва меҳрга зор ўтган болалик вакилларининг ҳаёти тадқиқ қилинганида қуйидагилар маълум бўлган:

Меҳр-эътибор кўрган фарзанд:

- бошқаларга нисбатан 50 фоиз кўпроқ даромад кўриш имконига эга;

- 70 ёшида бошқаларга нисбатан 5 маротаба кўпроқ дўстлик ва атрофидагилар ғамхўрлигидан баҳраманд бўлади.

Меҳр-эътиборни ҳис қилмай улғайганларда:

- бошқаларга қараганда руҳий касалликларга чалиниш (тушкунлик, ичкиликбозлик ва бошқалар) эҳтимоли 3 маротаба кўпроқ бўлади;

- кўпроқ дориларга эҳтиёж сезиб, шифокорларга кўпроқ мурожаат қиладилар.

Меҳрли, муҳаббатга тўла тарбия фарзанднинг ҳаётий, касбий  муваффақияти, узоқ ва мазмунли умр кечиришида долзарб омил экан.

Тадқиқотнинг илк йиллари урушга тўғри келгани боис, кейинчалик бу қатнашчиларнинг болалик ўтмиши ва жасорати ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилишга замин яратди. Маълум бўлишича, урушда асосан оиласи, ота-онасига меҳрибон, болалиги шод ўтган иштирокчилар қаҳрамонлик кўрсатишган. Беқиёс болаликка эга 27 нафар иштирокчидан 24 нафари биринчи даражали лейтенант, қолгани катта офицер даражасига етган. 30 нафар ўрта миёна болалик соҳибларидан 17 нафари биринчи даражали лейтенант бўлган ва улар орасидан офицер чиқмаган. "Яхши офицерлар ҳарбий дала майдонларида эмас, меҳр-муҳаббатга тўла файзли оилаларда улғайишади," деб хулоса қилади Вайллент.

Давоми бор ...