Ўзбекистонда 1 июлдан савдо объектларига алкоголь маҳсулотларини таълим, спорт ва диний муассасалардан 100 метргача масофада сотишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда «Ўзшаробсаноат» компанияси томонидан ишлаб чиқилиб, жамоат муҳокамаси учун эълон қилинган «Виночилик соҳасини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори лойиҳасида сўз боради.
2012 йил апрелда кучга кирган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги қонунда таълим, спорт ва диний муассасалардан 500 метргача масофада алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган эди. Қонунда алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи савдо объектларига кўчиш учун ярим йил муддат берилган эди.
Қарор лойиҳасида 1 июлдан умумий савдо майдони 100 кв. м. дан ортиқ бўлган йирик савдо нуқталари ҳамда ярмарка савдо павильонларида алкоголь маҳсулотларининг чакана савдосига рухсат бериш ҳам таклиф қилинган.
1 августдан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига фирма дўконлари ва ушбу маҳсулотларни улгуржи ва чакана сотиш билан шуғулланувчи бошқа юридик шахслар савдо нуқталари орқали ўз маҳсулотларини мустақил сотишга рухсат берилиши мумкин.