Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тизимида магистратура фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди, деб хабар берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.
Қарор лойиҳасида магистр мутахассислар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор янгиликлар киритилган.
Жумладан, эндиликда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг тажрибаси асосида олий таълим муассасаларида икки йўналишда: ишлаб чиқариш (камида бир йил) ҳамда илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларда магистрларни тайёрлаш назарда тутилмоқда.
Ушбу қарор лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида магистратура мутахассисликлари бўйича қабул квоталари кадрлар буюртмачилари томонидан берилган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, олий таълим муассасаси таклифлари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқлаш таклифи киритилган.
Ҳужжатда иш берувчи ташкилотлар талаблари асосида илмий-педагогик йўналишда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш фақат давлат гранти асосида амалга оширилиши, илмий-педагогик йўналишда мақсадли тайёрланган мутахассислар магистратурани битиргандан сўнг иш берувчи ташкилотда камида 5 йил (таянч докторантурада ўқиш вақтидан ташқари) ишлаб бериши кўрсатилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда қуйидаги янгиликлар ҳам кўзда тутилган:
- магистратурада бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбати амалдаги нормативларнинг 50 фоизи миқдорида белгилаш;
- ўқув йили якунларига кўра магистратура ўқув режасида белгиланган фанлардан, ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётлардан етарли рейтинг балини тўпламаган талабаларни курсида қолдирилиши;
- давлат гранти асосида қабул қилинган талабаларга ўз ҳисобидан тўлов-шартнома асосида ўқишни давом эттириш имкониятини бериш;
- хорижий мамлакатларда 6 ойгача бўлган муддат (бир семестр) стажировкада бўлган магистратура талабаларига ўқув режасида белгиланган фанларни шахсий режа асосида эркин ўзалаштириш имконияти бериш;
- магистратурани имтиёзли тамомлаган талабаларни олий таълим муассасасининг Кенгаши қарори асосида таянч докторантурага синовларсиз қабул қилиш;
- магистратура талабаларининг Импакт-фактор кўрсаткичи юқори бўлган илмий журналларда мақола чоп этиш харажатларини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплашга рухсат бериш ва бошқалар.