Мулоҳаза учун мавзу

Лотинми ёки Кирилл, ўзбек тилими ёки рус?

Блогер Хуршид Марозиқовнинг Fikrbank​ сайтида эълон қилинган мақолани сизлар билан бўлишишни лозим топдик. Зеро, бу муаммо ҳал қилинмагунича миллатимиз оғриқли нуқтаси бўлиб қолаверади.

Асос

Бу йил 21 октябрда ўзбек тилига «Давлат Тили» мақоми берилганига 28 йил бўлади. 1989 йилда туғилган бола 28га кирди. Фарзанд кўрди. Ўзбек тили бу расмий юқори мақомга чиққандан сўнг, иккинчи авлодни кўрмоқда. Лотин алифбосига ўтилган пайтда туғилган авлод аллақачон 20 ёшдан ўтиб бўлди ва баъзилари фарзанд кўришди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек тили алифбоси ҳам иккинчи авлодни қарши олмоқда.

Бу (лотин алифбосига асосланган) йўл шахсан Ватан тараққиёти учун глобаллашув асрида жуда зарур бўлган деб биламан. Лотин ёзуви қарийб барча давлатларда, шарқу ғарбда алмаштириб бўлмас ёзувга айланиб бўлди. Бунинг сабабини ХХI аср технологиялар асри бўлиши билан ҳам боғлаш мумкин. Қайси оммавий дастурлаш тили кирилл алифбосида ёки Хитой ироглифлари ёрдамида ёзилади? Халқаро авиация тили қайси тилга асосланган ва у қайси ёзув асосида? Яқин қўшнимиз, Қозоғистоннинг ҳам биздан йиллар ўтиб, якуний Лотин ёзуви ҳақидаги қарорга келгани ҳам қайсидир маънода фикримиз тасдиғи бўлиб турибди. Туркман оғаларимиз ҳам, узил-кесил лотин алифбосидан фойдаланишади. Уйимда 4 та Туркман телеканали кўрсатади. Ҳаттоки орқа фонда ҳам кирил шрифтларида ёзилган ёзув топишингиз мушкул. Туркманлар ва Озарбайжонлик қардошларимиз учун, лотин алифбосига асосланган маҳаллий тилга ўтиш учун 1 йил кифоя қилди.

Факт

WorldStandards маълумотлар марказига кўра, дунёда 252 миллион одам кирил алифбосидан фойдаланади (тахминан 3.8% Жаҳон аҳолиси). Шулардан ярми, лотин алифбосига ўтиш жараёнида, ёки расман ўтиб бўлган ҳудудларда яшамоқда. Лотин алифбоси бундан 10 баробар кўп одам томонидан истеъмолда (ер юзидаги аҳолининг 36%). Қисқаси, мустақилликдан аввал туғилган ва мустабид Совет ҳукуматига хайрихоҳ одам бўлмасангиз, юқоридагилар учун қарама-қарши мунозара олиб келишингиз қийин. Ҳукуматимиз, ниманидир билмаса, олдиндан қарор чиқармаган бу масалада.

Муаммо

Шундай бўлишига қарамасдан, ҳозирги ҳаётимизнинг жуда кўплаб соҳаларида бу масалада оқсамоқдамиз. Давлат идораларининг аксарида ҳали ҳам лотин алифбосида тўлдириладиган ҳужжатлар мавжуд эмас. Идоралар ўртасида ҳужжатлар алмашинуви ва ёзишмалар кўпинча рус тилида юргизилади. Бунга Давлат ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан назар солиш керак бўлади. Баъзи расмий сайтлари ҳали ҳам русча қисқартмалардан ташкил топган (масалан mvd.uz). Миллий телеканалларимиз – асосий қарор тарғиботчиларидир.

Афсус, ўзлари ҳали ҳам кирилл алифбосида аксар кўрсатувларни тайёрламоқдалар. Бошқа шу каби масалаларга яхшироқ эътибор берилмаса, кейинчалик деярли барча соҳаларда бўшлиқ пайдо бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Кирилл алифбосидан фойдаланадиган, Рус тилига ихтисослашган мактаблар мустақиллик бошида ва ҳозир ҳам давом этиб келаётган эмиграция ҳисобига сон жиҳатдан камайиб кетди. Яна, маҳаллий аҳолининг тез суратда ўсиши ҳам бунда асосий факторлардан бири бўлмоқда. Келажакдаги вазият ва халқаро тренд (компютер дастурлари ва астро-физика) қай тарафга кетаётгани кундек равшан. Шулардан ҳам хулоса қилмасдан, бу масалада эътиборсиз бўлиш узоқ муддатли мамлакат мақсадларини фақат ва фақат секинлаштиради.

Ечим

Бирлашган Араб Амирликларида барча фирмалардан, ҳаттоки халқаро брендлардан (масалан Старбуcкс, МcДоналдс, КФC, Субwай ва ҳ.к) ҳам араб алифбосида пештоқ номларини инглизчаси ёнига ёзиш қонун билан талаб қилинади. Россияда ҳам кириллчаси сўралади. Бизда-чи? Агар ҳозирги аҳоли қатламини ҳисобга олсак, кескин ечим – куннинг эртасига лотин ёзувига ўтиш деярли имконсиз масала, албатта. Чунки, аҳолининг 50 ёшдан ошган қатлами (масалан отам ҳам) лотин ёзувида ёзилган ахборот сайтларни кирил алифбосига нисбатан секинроқ ҳазм қилади. Лекин, қисқа ёзувларни (реклама ёзувлари, Давлат идоралари биноларидаги ёзувлар, кафе ва бошқа жой номларини) кўрганда ўқий олмаслиги қийин масала. Айни шу санаб ўтилганлардан қонунга риоя қилишларини талаб қилса кифоя. Қолаверса, лотин алифбосида таҳсил олган авлод ҳукумат идораларида ўрин эгаллашни аллақачон бошлашган. Масалан яқинда тайинланган икки вазир ўринбосарлари ҳам бунга мисол бўла олади. Улардан қайсидир маънода бу соҳада етакчи бўлишлари талаб этилади.

  1. Авваламбор, бу борада телевидение ва бошқа ОАВлар пеш қадам бўлиши керак ва аҳолини секин-аста лотин ёзувига конверсия жараёнида керакли ёрдамни бериши керак. Ишни қуйидаги расмдаги каби хатоларни тўғирлашдан бошлаш лозим бўлади.

(Facebook​'даги “Xalq Bilan Muloqot” саҳифасидан олинди)

  1. Каналнинг янги очилгани ва синов режимида ишлаётганини ҳисобга олсак, бундай хатоларни кечириш мумкин. Лекин кейинчалик бундай ҳолатларга жиддий эътибор бериш лозим бўлади. Чунки қонун билан белгилаб қўйилган вазиятларда ва Президент қарорлари ижросида лоқайдлик қилиниши мутлақо мумкин эмас.
  2. Кўчалардаги реклама ёзувлари, идора ва тадбиркорлик субъекти номларини лотин ёзувида бўлишини назорат қилиш керак бўлади. Алифбони-ку қўяверинг, таълим муассасалари номларини ёритишдаги қўпол камчиликларни қандай тушуниш мумкин?

(Facebook​'даги «Аднучилар» гуруҳидан олинди.)

Хулоса

Юқоридаги тил масаласи жуда муҳим мавзу ва оғриқли муаммо саналади. Ўйлаймизки, тегишли идоралар бу масалага бефарқ бўлишмайди ва албатта келтирилган фикр ва таклифларни инобатга олишади. Умид қиламизки, телеканалларимиз ва ундаги журналистлар ҳам қўш хотинлик масаласидан ортиб, бундай улкан, ўз соҳалари билан чамбарчас боғлиқ муаммоларни кўтариб чиқишади. Зеро, машҳур тарихчи Арнолд Тойнби айтганидек, "Цивилизациялар ўлим туфайли таназзулга юз тутмайди, улар ўз жонларига қасд қилиш орқали ўзларини яксон қиладилар".

Демак, бундан инсоннинг ўз тилига аҳамиятсиз бўлиши, қайсидир маънода ўз давлатининг жонига тажовуз қилишдек бир гап эканлиги келиб чиқади.

PS: Бонус сурат ва савол. Нега Ўзбекистонимизнинг Ўзбек Президентини Ўзбек ёшлари Ўзбек тилида табриклашмади?