Биласизми?

Лимоннинг шифобахшлиги

Лимон таркибида лимон кислота (7 % гача), қанд (2-3%), витамин A, B, C, D, фитонсидлар, эфир мойлари, пектин моддалар, натрий, каллий кальций, фосфор, темир, магний каби унсурлар мавжуд. Шамоллаганда, дармон қуриганда, юқумли хасталикларда малҳам бўлувчи бу ажойиб меванинг қон босимини пасайтириш хусусияти бор, қанд хасталигида дори сифатида ҳам ишлатилади. Бронхитни даволашда 5 дона пиёз, 7 ош қошиқ асал, битта лимон керак бўлади. Пиёзларни майдалаб тўғранг ёки майда қирғичдан ўтказинг ва асал билан яхшилаб аралаштиринг. Кейин лимонни гўштқиймалагичдан ўтказиб, аралашмага қўшинг. Кунига 3-4 маҳал 2-3 ош қошиқдан истеъмол қиласиз. Муолажа муддати – 10-14 кун.

Ларингитни даволашда кичикроқ лимоннинг сувини сиқиб, 3 ош қошиқ асалга аралаштирасиз ва ярим литр қайнаган сувга соласиз. ҳар 3-4 соатда ғарғара қилиб турасиз.

Зотилжам, яъни пневмонияда 4 бош саримсоқ қирғичдан ўтказилади, битта лимон гўштқиймалагичдан чиқарилади ва 8 ош қошиқ асал билан аралаштирилади. 7-10 кун давомида эрталаблари 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади.

Ангина бошланаётганда яримта лимон ейиш фойдали. Қолган ярмини 2-3 соатдан кейин ейиш мумкин. Лимоннинг сувини сиқиб, минерал сувга 1:1 нисбатда аралаштириб ичиш мумкин.

Фарингитни даволашда битта лимоннинг сувини сиқиб, 5 ош қошиқ асал билан аралаштирасиз, кейин унга 3 стакан тирноқгул тиндирмаси (настойка календули)ни қўшасиз. Бирор нарсага стерил бинтни ўраб, аралашмага ботирасиз ва асталик билан томоқни артасиз.

Гриппнинг олдини олиш учун овқатларга лимон ва лимон шарбатини қўшиб истеъмол қилиш мумкин. Қуйидаги муолажа организмни витаминлар билан тўйинтириб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Бунинг учун 2 дона лимон, 1 кг дан сабзи ва олма, ярим кг баргак, 300 г майиз ва 5 ош қошиқ асал керак бўлади. Сабзи ва олма майда қирғичдан ўтказилади, баргак майда тўғралади, лимон гўштқиймалагичдан чиқарилади ва ҳаммаси асал билан яхшилаб аралаштирилади. Грипп эпидемиясида кунига 3 маҳал 1-2 ош қошиқдан еб туриш лозим.

Дерматитдан қийналаётган бўлсангиз, ушбу муолажани қўллаб кўринг: ярим литр қайнатилган илиқ сувга ярим чой қошиқ ўсимлик ёғи ва иккита лимоннинг сувини қўшиб аралаштирасиз. Докани ҳўллаб, зарарланган соҳага 10 дақиқага қўйинг. Кейин қуруқ пахта билан артиб ташлайсиз.

Гастритда битта лимон суви 3 ош қошиқ асал ва 1 л тирноқгул тиндирмаси билан аралаштирилади. Кунига 3 маҳал, овқатланишдан ярим соат олдин 2-3 ош қошиқдан ичилади.

Юрак-қон томир касалликларида 2 ош қошиқ лимон шарбати 4 ош қошиқ асал ва 1 ош қошиқ кунгабоқар ёғи билан аралаштирилади. Наҳорга 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади.

Гипертония ва инсултнинг олдини олиш учун 2 ош қошиқ лимон қобиғи 2 стакан сувда ярим соат паст оловда қайнатилади. 10 дақиқа дамлаб, сузилади. Кунига 3 маҳал овқатланишдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.

Мигренда 1 ош қошиқдан лимонўт (мелисса) ва ялпиз (мята)ни 1 стакан қайнаган сувда ярим соат дамланг. Кейин сузиб, ярим стакан лимон шарбатини қўшинг. Кунига 3 маҳал, овқатланишдан олдин 3 ош қошиқдан ичсангиз, ёрдам беради. Шунингдек, қуйидаги муолажани ҳам қўллаш мумкин: ярим стакандан лимон ва олма шарбатларини аралаштириб, унга 2 ош қошиқ қайнаган сувда эритилган 1 ош қошиқ асални қўшасиз. Кунига 2 маҳал, овқатланишдан ярим соат кейин 1 стакандан ичасиз.

Атеросклерозда яритма лимон суви, ярим стакан қайнаган сув ва 1 чой қошиқ асални аралаштириб, кечқурун ухлашдан олдин ичилади.

Авитаминозда 2 ош қошиқ наъматак 1 стакан сувга солинади ва оловга қўйилади. Қайнаб чиққач, сузиб олиб 1 стакан лимон суви қўшилади. Кунига 4 маҳал, овқатланишдан 20 дақиқа олдин ярим стакандан ичилади.

Холецистит ва вирусли гепатитда иккита лимонни миксерда майдалаб, 1 кг асал ва стакан зайтун ёғи қўшилади, яхшилаб аралаштирилади. Кунига 3 маҳал, овқатланишдан ярим соат олдин 1 ош қошиқдан истеъмол қилинади. Аралашма оғзи берк идишда совутгичда сақланади.

Артритда кунига 2 марта яримта лимоннинг сувини сиқиб, оғриётган бўғимларга суртинг ва ўзи қуримагунча ҳаракатда бўлинг.

Лимонни танлаш уни қанча сақлашга боғлиқ. Агар уни харид қилган кунингиздаёқ шифо мақсадида истеъмол қилмоқчи бўлсангиз, етилган лимон харид қилганингиз маъқул. Лимон етарлича қаттиқ бўлмаса, билингки, пишиб ўтиб кетибти. Бундай лимоннинг ичи чириб кетмаган кўринса-да, таъми бузилган ва шифобахш хусусиятларини йўқотган бўлади. Яхшиси, пишай деб қолган лимонни харид қилинг, уни бир неча ой ҳам сақлашингиз мумкин. Лимон қоронғи, салқин жойда туриши керак, масалан совутгичнинг пастки қисмида. Шунда унинг шифобахш хусусиятлари узоқ сақланади.

Ошқозон кислоталилиги юқори бўлган, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасига чалинган беморлар лимондан эхтиёткор бўлиб фойдаланишлари керак.

Гулчеҳра Умарова тавсиялари. «Сиҳат-саломатлик» журналидан

Манба: Avitsenna.uz