Иш

Кунингизни режалаштиринг, дейди Дэвид Аллен

Миянгиз турли ташвишлардан тўлиб-тошганда, муаммолар ўтиб бўлмас тоғ даражасида кўринганда “Наҳотки, уларни ҳал этиш шунчалар қийин!” – дея ўзингизга беихтиёр савол берасиз. Муаммолар ҳаётга ишончингизни сўндира бошлайди, тушкунликка тушиб ҳолингизга аза очишга тайёрланасиз...

Йўқ! Айни шу ҳолат ўз келажагингиз ва режаларингизни қайта кўриб чиқиш учун энг мақбул фурсатдир! Чунки энг машаққатли вазиятда ҳам нима қилиш лозимлигини билсангиз, бу ҳолат қийин туюлмайди.

Тўғри, айтиш доимо уддалашдан осон. Аммо ҳаёт сўқмоғидаги тўсиқларга дуч келганда ўзингизни назоратда тутмай гуп этиб йиқилсангиз бундан ёмони йўқ.

Бу ҳолни жуда кўпчилик бошдан ўтказган: ўзингизни худди футбол ўйнаётгандай, рақиб ўйинчилари сизни енгил алдаб ўтаётгандай тасаввур этасиз. Улар бақувват, тезкор, зарбаси кучли, сиз эса гўё нимжон ва секин югурасиз.. ҳаттоки, майдонда нега каловланиб юрганингизни англамаётибсиз. Руҳан чўкиб, ич-этингизни ейсиз..

Қаддингизни ростлаб, ўйдан амалга ўтишдан аввал диққатингизни қайси нуқтага қаратишни аниқлаштириб олинг. Пировард мақсадни белгилаб олинг. Футболчи учун асосий мақсад - рақиб дарвозасига тўпни киритиш. Шу йўлда у ҳаллослаб чопади, оёғидан тепкилар ейди, йиқилади-туради.

Мақсадни аниқлаб олганингиздан кейин ҳам бошингизни қуйи солиб рақобатчилар билан учрашга юрак бетламай ўтираверасизми? Биринчи қадамни қўйиш вақти келди.

Энди майдонга тушдингиз. Кучлар тенг эмаслигининг аҳамияти йўқ - ҳамма сизга қарши бўлмайдими?! Кураш қанчалик мураккаб бўлса, шунча қатъият сарфлашингиз лозим. Энг муҳим уч маслаҳатга амал қилинг:

  • ўзингиз шуғулланаётган ишдан тўла манфаатдор бўлинг;
  • қўйган мақсадингиз аниқ бўлсин;
  • қадам ташлашни қайси тарафдан бошлашингизни аниқлаб олинг.

Ишдан бўшадингиз ёки кутилмаганда бўшатиб юборишди. - Карьерангизни давом эттириш учун диққатни қайси томонга йўналтиришингиз лозим?

Саломатликни йўқотдингиз. - Аҳволингизни ўнглаш учун ишни нимадан бошламоқчисиз?

Омад сиздан юзини бурган маҳалда нима қилиш кераклигини ўзингиз ҳал этинг.

Бизни ўраб турган дунё яхши ёки ёмон бўлиб қолмайди. У қандай бўлса шундайича турибди. Ҳаммаси вазиятни қандай қабул қилишимизга боғлиқ. Айни вазиятга муносабатингизни ўзгартириб ҳаётингизни ҳам ислоҳ қиласиз.

Пойгачилардан сўрасангиз, энг қийини - машинани пастликка қарата ҳайдаш, дейишади. Машина ҳаракатини қаттиқ назоратда тутиш ва мағлубият томонга қарамаслик керак. Ўйнаётган ўйинингизга киришишингиз ва ундан завқ олишингиз лозим.

Ҳаётда энг муҳими олға интилишдир.

Самуэл Жонсон

Ҳатто сув тўлқинида ҳам осойишталикни топса бўлади, аммо одамлар орасида эмас.

Хитой мақоли

Буқадан қўрқмай жангда ғолиб бўлганингиз ёки қўрқиб мағлубиятга учраганингиз аҳамиятсиз. Қўрқув остида ғалаба қозонсангиз  ғалабани нишонлашга арзийди.

Номаълум муаллиф

Дэвид Аллен 1945 йилда туғилган. Вақтни режалаштириш масалалари ва шахс маҳсулдорлиги бўйича эксперт, маслаҳатчи. Шахс самарадорлигини оширишнинг оммалашган услуби муаллифи.

bismotivation.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди