SkyPower Global компанияси (Канада) Ўзбекистонда қуёш электр станциялари қурилиши учун 1,3 миллиард доллар инвестиция киритади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграмдаги каналида хабар берилмоқда.
Хабар қилинишича, "Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, хорижий инвестор ўз маблағлари ва мустақил жалб этиладиган кредитлар ҳисобидан фотоэлектр қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича объектларни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, эгалик қилиш ва фойдаланиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.
Қуёш электр станцияларини Тошкент, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қуриш режалаштирилган.
Мазкур вилоятлар ҳокимликлари май ойи охирига қадар ушбу лойиҳани амалга ошириш учун белгиланган тартибда ер участкалари ажратишлари лозим. Ушбу лойиҳа билан шуғулланувчи компанияларга божхона ва солиқ тизимида имтиёз ва енгилликлар берилади.
Ўзбекистон 2021 йилгача умумий қуввати 500 МВтли бешта фотоэлектр станцияси қуришни режалаштирган.
2016 йил декабрда Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology Co. Ltd компанияси Самарқанд вилоятида Марказий Осиёдаги биринчи фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендерни ютиб олганди. У йилига 200 миллионов кВт/с электр энергияси ишлаб чиқаради.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, республика энергия салоҳияти 51 миллиард тонна нефть муқобилидан ортиқроқдир.