Иш

Жек Ма: 35 ёшда ҳануз камбағал бўлиш – кечирилмас айб

Халқаро Alibaba онлайн савдо платформаси асосчиси хитойлик Жек Ма инсоннинг меҳнат ва ҳаракат эвазига тақдирини ўзгартира олишининг ёрқин тимсолига айланган. KFC компаниясидан иш топишга ҳаракат қилган, ўқитувчилик йилларидан тортиб, 10 йиллар давомида кичкина хонада жаҳоннинг энг қиммат бизнес империяларидан бирини ярата олган жаноб Жекнинг бугун ҳар бир тавсияси, фикри одамлар учун қимматли ўгитга айланмоқда.

Жек Манинг қуйидаги, Хитой нашрларида эълон қилинган ҳикоясида ҳаётдаги имкониятлар ва улар учун кураш, мақсад ва ҳаракатни пучга чиқарувчи омиллар ва 35 ёшда ҳам ночор яшаш инсоннинг ўзининг айби эканлиги ҳақида фикр юритилади.

"Alibaba компаниясига асос солишимидан бир муддат аввал тадбиркорлик билан шуғулланиш режаларимни ўртоқлашиш ва муҳокама қилиш учун 24 нафар ўзимга яқин дўстларимни уйимга таклиф қилдим. Биз 2 соат мобайнида мендаги режалар ҳақида гаплашдик. Шунда ҳам, дўстларимнинг аксарияти менинг ғояларимга шубҳа билан қарашаётган эдилар. 24 нафар меҳмонлардан 23 таси хайрлашаётиб менга бу режалардан воз кечишим кераклигини таъкидлашди. Бунинг сабабини эса интернет ҳақида ҳеч нима билмаслигим, яна ҳам бунинг учун қўлимда ортиқча сармоя йўқлиги билан изоҳлашди".

"Улардан фарқли равишда банкда ишлайдиган биргина дўстим менга "Чиндан ҳам бу ишни қилгинг келаётган бўлса, бунга уриниб кўр. Ишлар ўхшамаса, яна бугунгидек амаллаб кунингни кўрарсан", деди.  Туни билан ўзим билан ўзим тортишиб, тонгга яқин қарор қабул қилдим ва ўша куниёқ ишга киришдим".

"Alibaba савдо платформасини яратишга киришар эканман, оила аъзоларим ва дўстларимнинг жиддий қаршилигига дуч келдим. Бугун ортга қарасам шуни англайманки, мени ўша кезда олға бошлаган куч Интернетнинг истиқболига бўлган ишонч эмас экан. Мен мағлуб бўлсам ҳам, омадим чопса ҳам, мақсадим йўлидаги ҳаракатларимдан  ҳеч бўлмаганда қимматли тажриба ва хулоса олиш учун тақдиримни ўзгартиришга уриниб кўрган эканман. Ҳаракат қилиш керак, агар ўхшамаса, яна одатдагидай умр кечиришда давом этиш мумкин".

"Мен доимо Т. Э. Лоуренснинг "Орзу қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келади, аммо ҳар ким ҳар хил орзу қилади: кимдир тун қўйнида уйқусираб орзу қилиб, тонгда бунинг хомхаёл эканини ўйлаб уйғонса, ўз орзуларини кундуз қидирган уйғоқ онгли одамлар мақсадларига эришадилар", деган фикрини мисол тариқасида келтираман".

Жек Манинг фикрича, одамлар қуйидаги 4 омил сабаб ҳаётда ютқазадилар:

  1. Имкониятларни кўра олмаслик.
  2. Имкониятларга баҳо бера олмаслик.
  3. Ўз мақсадларини англамаслик.
  4. Осонлик билан ён бериш.

"Сиз аниқ мақсадингиз йўқлиги учун ҳам, ҳануз камбағалсиз. Мақсад – ҳаётни муваффақиятлар билан яшашнинг асоси. Шу боис ҳам уни англаш умрнинг энг аҳамиятли ютуғи.

Тўғри, дунёда ақл бовар қилмайдиган нарсалар бор, бироқ бу дунёда имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар кимнинг истиқболи ундаги мақсаднинг кўлами билан билан ўлчанади".

Жаноб Ма 35 ёшда ҳам одамнинг камбағал турмуш кечиришига сабаб бўладиган омилларни санаб ўтади.

“Сиз муваффақият қозонишга интилмаганингиз учун ҳам ҳануз камбағалсиз.

Сиз эртани кўра олмаганингиз туфайли бугун ҳам кечагидай ўрта ҳол яшашда давом этяпсиз.

Сиз ичингиздаги қўрқоқлик устидан ғолиб кела олмагангиз учун ҳам шундай тақдирга муносибсиз.

Сиз журъат ва қатъиятнинг йўқлиги туфайли қўл учида яшашда давом этяпсиз.

Мақсад ҳамда ҳафсала билан тақдирнинг юқори чегараларини забт этиб, салоҳиятингизни оширишингиз мумкин!

Мақсад ва кучли иштиёқ билан ҳаракатда собит туриш, янги нарсаларни мунтазам ўрганиш ва мукаммаллик сари боришингиз мумкин.

Кучли иштиёқ қаршингиздаги тўсиқни олиб ташлаши, бошқалар журъат қила олмаётганда сизга мўъжизалар яратишга ёрдам беради.

Ота-онангизнинг камбағаллиги аҳамиятсиз. Ўз қобилиятингизга шубҳа қилманг ва мақсаддан чалғиманг.

Модомики, ўз оиланг сени кераксиз ҳисоблар экан, бу дунёда ҳеч ким сенга ачинмайди.

Ота-онангизда дори-дармон учун етарли пул бўлмаса, сизга бошқа ҳеч кимнинг ичи ачимайди.

Рақибларинг сенга зарба беришса, сенинг ҳолингдан кимнингдир жони оғримайди.

Севган инсонингиз сизни ташлаб кетса, кимдир сизга чин юракдан ачинмайди.

35 ёшгача ҳам бирор ишни қойиллатиб қўймаган бўлсангиз, биров сизга ачинмайди.

Ёки катта мақсад йўлида қадамни каттароқ ташланг, ё бўлмаса, тақдирга тан беринг ва ўзингизни оилага бағишланг. Акс ҳолда, сиз ўз навқиронлигингизни ҳавога беҳуда совураётган бўласиз".

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси.