I-қисм
Мундиал, мана неча йилларки, барча ўзбек футболи ишқибозлари учун ушалмас орзу бўлиб қолмоқда. Ҳар сафар ҳам энг муҳим паллаларда Ўзбекистон миллий терма жамоасига нимадир панд беради, кимдир оёқдан чалади ва ҳаказо. Натижада бошни чангаллаганча жаҳон чемпионатидан мосиво бўлаверамиз.
Майли, тарих ортда қолди. Бугун уларни эслашдан ортиқ наф йўқ. Энг муҳими, улардан чиқарилган сабоқ олдиндаги муҳим синовлар чоғида асқотсин. Зеро, ақлли одамлар мағлубиятлардан ғалабалар учун асос сифатида фойдаланади.
Шундай қилиб, орзиқиб кутилган қуръа натижалари, кўпчликнинг фикрича, Ватанимизнинг бош жамоаси учун омадли бўлди. Бундан ортиғи ҳам бўлмайди. Биз айни дам Ўзбекистонга Австралия ва Япония сингари кучли жамоалар рақиб бўлмаганидан қанчалар қувонаётган бўлсак, жанублик корейслар ҳам гуруҳда Саудия Арабистони эмас, ҳеч қачон ютқазмаган Ўзбекистон терма жамоаси тушганидан шунчалар бошлари осмонда эканини яшириб ўтиришмаяпти. Майли, ҳали улар билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор.
Эрон терма жамоасини бошқараётган айёр Карлуш Кейрушнинг ҳам гуруҳда ўзи яхши танийдиган “эски қадрдонлари” рақиблик қилишидан оғзи қулоғида бўлса, ажаб эмас. Балки, аллақачон “жанг режалари” ва “стратегиялари”ни тузишга киришгандир?! Бироқ энди шаллақи жанобнинг ноғорасига ўйнайдиган анойи йўқ.
“Қони янгиланаётган” Қатарни менсимаслик яхши эмас. Жаҳон чемпионатини ўзида қабул қилишга тайёрланаётган бу юртда футбол ўйнаш учун ҳамма шароит мавжуд ва Қатар четдан мутахассис ёллаб, барчасини замонавий асосда йўлга қўйишга интилмоқда. Олимпия терма жамоасининг кўрсатган натижаси, футболчиларининг ўйинларига гувоҳ бўлдик. Аниқки, Осиёда яна бир кучли терма жамоа шаклланиб бораяпти. Бу дегани, саралаш ўйинларида Қатар яхшигина “бошоғриқ” бўлиши мумкин.
Сурия. Юрти нотинч бўлган бу терма жамоанинг сўнги босқичга етиб келганининг ўзи катта ютуқ. Ўз уйида ўйнаш бахтидан бегона бўлган сурияликлар гуруҳда бошқаларга шунчаки гол улашади, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Бироқ хулосага ҳали эрта.
Тахминлар, фикрлар, мулоҳазалар кўп. Сайтимиз орқали Ўзбекистон терма жамоасининг саралаш ўйинларидаги иштироки, имкониятлари борасида футбол мутахассислари, спорт журналистларининг фикр-мулоҳазаларини бериб боришни режа қилдик.
“Жаҳон чемпионатига борамиз(ми)?!” туркумидаги суҳбатимизнинг дастлабки меҳмони “Спорт” телеканалининг катта муҳаррири, спорт журналисти Камолиддин Алимов. Меҳмонларга учта савол билан мурожаат қилинади.
1-савол: Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
Худди буюртма берилганидек, қуръа ва тақвим биз учун жуда ҳам омадли келди. Аввалбошдан гуруҳимизга Австралия ва Япония терма жамоасининг тушмаслигини хоҳлагандик. Амалда ҳам шундай бўлди. Ҳар ҳолда Яшил қитъага бориб келиш билан Эронга уч соатлик парвоз ўртасида катта фарқ бор-да. Аксинча, ЖЧ-2014 саралаш босқичидаги эски танишларимиз Жанубий Корея, Қатар ва Эрон билан яна бир бор тўқнаш келадиган бўлдик. Тақвимнинг қулайлигини айтмайсизми, Россия томон юришни ўз майдонимизда Сурияга қарши ўйин билан бошлаб, Тошкентда гуруҳ етакчиси Жанубий Кореяга қарши учрашув билан якунлаймиз. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, гуруҳнинг дастлабки 4 та учрашувидан 3 тасини ўз майдонимизда ўтказамиз. Бешинчи турга борибгина асосий рақиб Корея билан тўқнаш келамиз. Шунда ҳам биринчи бўлиб Кореяга борамиз. Очко жуда кераклигида, яъни сўнгги турда корейсларни ўз майдонимизда қабул қилишимиз терма жамоамизга қўшимча имкониятларни тақдим этади. Кейин сентябрь ва октябрь ойларида чемпионатимиз айни қизиган бўлади. Одатда бу пайтда терма жамоамиз ёмон ўйин кўрсатмайди. Футболчилар айни кучга тўлган ва спорт формасига кирган бўлади. Бу ҳам терма жамоамиз фойдасига хизмат қилиши керак.
Гуруҳдаги асосий рақиблар бу Корея ва Эрон бўлишини тахмин қилиш мушкул эмас. Сўнгги йилларда Хитой футболи савияси тушиб кетганди. Футболдан ташқари бошқа барча Олимпия оиласига мансуб спорт турларида оламшумул ютуқларга эришаётган хитойликлар энди миллионлар ўйинига ҳам эътибор қаратишяпти. Футболга катта сармоя киритилмоқда. Хитой чемпионатида ўйнаётган легионерлар маҳаллий футболчиларнинг савия бобида ўсишига хизмат қилиши керак. Қатар терма жамоаси сунъий равишда маҳаллийлаштирилган футболчилар эвазига кучаймоқда. Хуллас, гуруҳимиз кутганимиздан ҳам яхши. Бемалол гуруҳда дастлабки иккита ўриндан бирини эгаллаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишимиз мумкин.
2-савол: Миллий терма жамоамизнинг кучли ва кучсиз жиҳатлари?
Жорий йилнинг 1 сентябрь куни Сурияга қарши кечадиган гуруҳнинг илк учрашувида сариқ карточкалари йиғилиб қолгани боис, марказий ҳимоячи Егор Кримец терма жамоамизга ёрдам бера олмайди. Унинг ўрнини билиниши мумкин. Лекин ўз олдига ЖЧга чиқиш вазифасини қўйган жамоа учун бир футболчининг йўқлиги катта муаммо бўлмаслиги керак. Ҳозирги таркиб аввалги саралашарда иштирок этган таркибдан кучли. Бу шахсий фикрим. Бош мураббий Самвел Бабаян ҳам матбуот анжуманларининг бирида худди шу нарсага урғу қаратди. Бу терма жамоамизнинг устун томонларидан бири. Устунликдан эса фойдаланиш лозим. Сервер Жепаров, Анзур Исмоилов, Александр Гейнрих сингари тажрибали ва шу билан бирга асосий таркиб футболчиларимиз учун бу фаолиятларидаги ЖЧга чиқиш учун сўнгги имконият бўлади. Етакчи футболчиларимизга бу қўшимча мотивация бериши шубҳасиз. Минус томонларимиздан бири ва таъбир жоиз бўлса, энг долзарби ҳануз сўнгги ҳал қилувчи босқич учун тайёргарлик режасининг йўқлиги. Бунга ЎФФ Терма жамоалар маркази масъул. Ўзи аслида ўртоқлик ўйинлари камида йил бошида ўша бир йил учун тасдиқланиб бўлиниши шарт. Фақат биз (ЎФФ Терма жамоалар маркази) бунга амал қилмаймиз. Бизнинг ўз қонун-қоида ва футболга қарашларимиз бор-да!
Эътибор беринг, асосий рақибимиз Жанубий Корея терма жамоаси июнь ойида Испания ва Чехия билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушади. 1 июнь кунига белгиланган Испания – Жанубий Корея ўйинининг Австрияда ўтказилиши режалаштирилган. Корейслар 5 июнь санасида Чехия билан тўқнаш келишади. Ўтган мундиалнинг саралашида оёғимиздан тортиб қолган Эрон эса Хорватия ва Македония билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишиб қўйган. Режага кўра, 30 май куни Хорватия, 2 июнда эса Македонияга қарши ўйин бўлиб ўтади. Яна бир рақиб Қатар терма жамоаси 29 май куни Австрияда Албания билан ўйнайди. Сурия терма жамоаси 31 май куни Ханой шаҳрида Вьетнам билан ўртоқлик учрашувини ўтказишини маълум қилган. Хитой эса 7 июнда Испанияда Андорра билан ўйин ўтказади. Гуруҳдаги бу рақибларимиз ўз ўртоқлик ўйинларини қуръадан кейин ошкор қилишмади. Улар аввалдан ўртоқлик учрашувлари бўйича жамоалар билан келишиб қўйишган эди. Бизга ўхшаб қайси жамоа тушар экан, шунга қараб рақиб танлаймиз, деб ўтиришгани йўқ. Бундай эскича фикрлайдиган замонлар ўтиб кетди. Ўзбекистон учун муҳими жамоавий ўйинни янада кучайтириш, футболчиларнинг ўзаро бир-бирини тушуниши ва ҳамжиҳатлигини ошириш бўлиши керак эмасми? Қачонгача ҳамма терма жамоалар аллақачон бир-бири билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишиб олганда, биз қолган-қутган жамоаларни қидириб юраверамиз?
3-савол: Терма жамоага хорижлик мутахассис (маслаҳатчи мураббий) керак, деган фикрга қўшиласизми?
Иккинчи саралаш босқичидаги натижаларга қарасак, мураббийлар штабининг ишига эътироз йўқ. Ливан билан ўтказилган ўртоқлик учрашуви билан қўшиб ҳисоблаганда терма жамоамиз кетма-кет 8 та ўйинда ғалабага эришди. Шу пайтгача бизга бош оғриғи бўлиб келган Баҳрайн терма жамоаси ҳам сафарда, ҳам ўз майдонимизда мағлуб этдик. Нохуш анъанага Бабаян даврида чек қўйилгани мураббийнинг обрўсини ошириши тайин. Лекин бошқа томондан унутмаслик керак, биз шу пайтгача ҳам иккинчи саралаш босқичидан деярли муаммосиз ўтиб келганмиз. ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичидаги натижаларимиздан ҳаволаниб, жуда мағрурланиб кетмаслик керак. Сўнгги босқичда барча жамоаларнинг нияти жиддий бўлади. Биз яна эскин танишлар билан тўқнаш келамиз. Ўша эски танишлар бизни бундан аввалги мундиалнинг саралашида “йиғлатиб” кетишганди. Ёдингиздами, ўшанда Корея сўнгги турни ўз майдонида Эронга қарши ўтказганди. Дуранг ҳам Кореяни ЖЧ-2014 финал босқичига олиб чиқарди. Корейслар камида дуранг ўйнаш орқали бизни ҳам ўзларига эргаштириб, мундиалга олиб чиқишарди. Лекин ғайриоддий тарзда биз кутган натижа бўлмаганди. Шу боис, бу галги саралаш босқичида ҳамма нарсага тайёр туриш керак.
Бош мураббийни қолдириб, унинг олдига хорижлик кучли мутахассисни олиб келиш керак, деб ўйлайман. Кечирасизу, Деян Журжевич бундай тоифадаги мураббий эмас. Бизга сафарга бориб, рақиб ўйинларини ўрганиб келадиган эмас, шу ернинг ўзида, мураббий ёнида камарбаста бўлиб ишлайдиган номдор мутахассис керак. Ҳалиям кеч эмас. Отни тезроқ қамчилаб қолмасак, бу сафар ҳам ЖЧга чиқиш орзуларимиз сароб бўлиб қолиши мумкин. Кейин ҳар тўрт йилда шу бўлар такрор, деган жумлаларни айтиб, ҳиргойи қилиб юрмаймиз. Барчамизнинг истагимиз миллий терма жамоамизни ЖЧ-2018 финал босқичида кўриш экан, ягона мақсад йўлида бирлашишимиз керак. Бош мураббий ва унинг ёрдамчилари ўз ишларини қилишсин! Футболчилар жон куйдириб майдонда сўнгги сониягача курашишсин! Мухлислар ҳам астойдил футболчиларимизни қўллаб-қувватлашсин! Шунда ҳаммаси яхши бўлади.