Омадли бўлиш жуда осон. Омадлилар бунга ишонишади. Уларнинг ягона устунлиги шу. Ҳар бир инсонда ўзига хос табиат бўлади. Ижобий ёки салбий. Ижобий фазилатлилар белигача қум тўлдирилган қопни “ярим тўла қоп” деса, феълида салбий хусусиятлилар кўпроқ бўлган инсонлар буни “ярим бўш” кўради. Шу табиатига кўра, унинг атрофида ўз муҳити вужудга келади. Унинг омадли ёки омадсизлиги худди шу муҳитга боғлиқ. Буюк инсонларнинг омадининг бош сабаби – уларнинг феъл-атворида ишонч ва ижобийлик ҳисларининг устунлигидир. Ижобийлик буюкларнинг энг буюк фазилати, десак хато бўлмайди.
Ҳар бир оилада ўзига хос анъана бор. Ҳар бир жамиятнинг ўзига тегишли бўлган урф-одатлари мавжуд. Қайсидир давлатга хос сиёсий ёки ижтимоий умумийлик, шу миллатнинг хусусиятлари ҳамда фазилатлари негизида шаклланади. Мамлакатдаги бу умумий табиат унинг келажагини белгилайди. Бугунги замон ва ўтмиш даврларнинг муҳитида ўзига хос фазилат ва зиддиятлар борлиги аниқ. Руҳшунос Мартин Селигманнинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, ХХ асрнинг сўнгги 30 йилида руҳшуносликка ихтисослашган журналлардаги салбий руҳдаги мақолалар ҳажми 46,000 ҳамда ижобий руҳдаги ишлар ҳажми бор йўғи 400 саҳифа экан.
Руҳшунослар Америка президенти Барак Обаманинг президентлик сайловларида ғолиб чиқиш сабаби қилиб, унинг нутқларида ижобий фикр ва ишончнинг устунлиги эканлигини таъкидлашмоқда. Сабаби, Америка таскинга муҳтож эди. Охирги ўн йилликдаги кузатишлар ривожланган мамлакатлар аҳолиси табиатида руҳий тушкунлик даражаси тобора кўтарилиб бораётганини кўрсатмоқда.
“Ҳар нарсани яхшиликка йўй”. Бу қадимий нақл бахтли яшаш сирларидан бири. Уни ижобий руҳдаги кишилар яратишган. Ижобий фазилатлилар оламни, ундаги ҳар бир нарсани одамзотга хайрихоҳ деб билишади. Ҳар бир воқеани хосиятли ҳисоблашади. Биз ёшликни илм учун сарфлаймиз. Оқибатда яхши турмуш тарзидан тортиб, жамиятда ўзимизга яраша ҳурматга ҳам эришамиз. Ижобий табиатлилар ҳаёт уларни йиғлашга мажбур қилганда ҳам бунда бир хосият кўра олишади.
Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати шарқида Маҳабалешвар воҳаси бор. Табиат ихлосмандлари сифатида йўлбошловчи олиб, тоғ ёнбағри бўйлаб саёҳат қилар эдик. Ўша куни боришимиз лозим бўлган сўнгги манзил – йўлбошловчи ваъда қилганидек, шаршара эди. Шаршарага етганимизда табиатнинг бу қадар гўзаллигидан лол қолдик. Кун иссиғидан ҳолсизланиб, шаршара оқиб тушаётган анҳор бўйидаги баҳайбат дарахтнинг танга ором бағишловчи соясида чўзилдик. Узоқ саёҳатдан кейин бу роҳатни таърифлашга тил ожиз эди.
“Намунча иссиқ бўлмаса, ё Худо!”, деди сайёҳлардан бири жуда норози оҳангда. Бутун умри қуёшда ўтиб, шу қуёшда тобланган йўлбошловчи жилмайиб, “Агар иссиқ бўлмаганда, сиз ҳозир бу сояда лаззатланиш қанчалик ёқимли эканлигини тасаввур қила олмас эдингиз,” деди ажин тўла пешонасини қашлаб. Худога шер ва йиртқичларни яратгани учун нолима. Уларга қанот бермаганлиги учун шукр қил, деган мақол бор бизда,” деди у қўшимча қилиб.
Эндрю Карнеги Шотландиядан Америкага келганида, ҳали ёш бола эди. Кўчада дуч кеган ишни қилиб кун ўтказган Эндрю йиллар ўтиб, пўлат саноатини ривожлантириб, Американинг энг бой кишилари доирасига қўшилади. Бир вақтнинг ўзида унинг қўл остида 43 нафар миллионер ишлар эди. Эндрю Карнеги бу омаднинг сирини изоҳлар экан, “Одамлар билан ишлаш – тилла қидириш билан баробардир. Бир грам тилла учун тонналаб тупроқни елкамиздан ўтказишга мажбурмиз. Бу жараёнда тупроқ ёки чанг ҳақида эмас, муҳими биз топаётган тилла ҳақида ўйлашдир,” дейди йирик бизнесмен.
Кўпчиликнинг тушкунликка берилишига сабаб – ишларининг олға силжимаслигидир. Ишнинг олға силжимаслигининг сабаби – ўз вақтида ҳаракат қилмасликдир. Вақтидан илгари ёки кеч қилинган ҳаракат бекордир. Умидларни эрта йўқотмасликнинг ягона йўли – ўз вақтида ҳаракат қилишдир. Қилаётган ишингга олдин ўзинг ишон ва кейин борлиқни ишонтир, шунда ҳаёт ва бошқалар ҳам бунга хайрихоҳлик қилади.
Бу дунё биз учун барча қулайликлари билан яратилган (Готфрайд Лейбниз). Одамзотнинг энг биринчи душмани ҳам, дўсти ҳам унинг ўзи. Ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасида бахт бор. Фақатгина уни ҳис қилиш учун истак зарур.
Мисол учун, дераза ойнасидан ёмғирни томоша қилиш, яқин дўстингиздан хабар олиш, фарзандингизга янги нимадир ўргатиб, тарбиялаш, узоқ вақтдан кейин ота-онангиз билан кўришиш, мазмунли суҳбат, илк маротаба севиб қолиш, тун ярмида ширин уйқудан уйғониб, тонгача ҳали борлигидан қувониш, кимдандир ўзингиз ҳақида яхши таъриф эшитиш, севгилингиз ёки турмуш ўртоғингиз меҳрибонлигидан лаззатланиш, қизиқарли фильм кўриш, меҳр билан дастурхон тузаш ёки овқат пишириш, қуёш чиқаётганини томоша қилиб руҳланиш, янги дўстлар топиш, эски улфатлар билан чойхонада ўтириш, қўшнилар билан ҳангома қилиш, …
Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Имконият бор экан, ҳаётдан завқланиш керак! Шунда омад сиздан узоқлашмайди.
Доимо омадингизни берсин!