Маданият

Ички кийимлар ҳақида беришга ийманадиган беш савол

Ички кийимлар либос жавонининг ажралмас ва энг муҳим элементларидан ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, мазкур соҳанинг йиллик айланмаси 30 миллирд доллардан ошади. Айтиш жоизки, ички кийимлар инсон ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Бироқ шунга қарамасдан, улар билан боғлиқ шундай саволлар борки, очиқчаси муҳокама қилинмайди. Дейлик, уларни кечаси ечиб ётса ёки мутлақо киймаса нима бўлади? Спорт билан шуғулланаётганда қандай турдаги ички либос кийган маъқул ва ҳоказо. Қуйида трусик (калта иштон) ҳақида очиқчасига беришга ийманиладиган бешта саволга жавобларни келтириб ўтамиз.

  1. Битта трусикни бир неча кун кетма-кет кийса бўладими?

Амалий жиҳатдан кеча кийилган трусикларни бугун ҳам кийишда давом этишнинг саломатликка ҳеч қандай салбий таъсири йўқ. Яъни, ички кийим тоза кўринаётган бўлса (ҳеч қандай ажратмалар асорати бўлмаса), уни кийишда давом этиш мумкин.

Бироқ ушбу маслаҳатда бир қанча истиснолар бор. Трусиклар жинсий аъзоларга тааллуқли тери соҳасида яралар, тошмалар, тирналган жойлар бўлса ёки сиз кучли терлаган бўлсангиз, инфекция тушиш хавфини камайтириш учун тез-тез алмаштириб турилиши керак.

Иккинчи маслаҳат кўпроқ аёлларга тегишли. Чунки ортиқча намлик кандидоз деб номланувчи замбуруғли касалликлар ривожланиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Бу ҳол эркакларни ҳам четлаб ўтмайди. Кучли терлаш бўлган заҳоти трусиклар алмаштирилиши лозим.

  1. Ички кийимнинг қандай материалдан тайёрлангани муҳимми?

Саломатлик билан боғлиқ саволга қисқа қилиб жавоб берсак, ҳақиқатдан ҳам ички кийим, жумладан трусикларнинг матоси муҳим! Ички кийимлар ўзидан ҳаво ва намлик ўтказадиган табиий матолардан тайёрлангани мақсадга мувофиқ.

Жинсий аъзолар ҳудудида инфекция ва қичишлар ривожланишининг олдини олиш учун табиий хом ашё (пахта, бамбук ва ҳоказо) тайёрланган тоза ва эркин трусикларни кийиш қатъий тавсия қилинади. Бу пайтда терининг нафас олишига имкон бериш керак.

Сунъий толали матодан тайёрланган трусиклар нафақат жинсий аъзолар соҳасидаги терининг нафас олишига тўсқинлик қилади, балки орқа чиқиш йўлидаги зарарли микробларнинг жинсий аъзоларга тушиши ва у ерда турли инфекцион, замбуруғли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

  1. Трусиклар тури жинсий қобилиятга таъсир кўрсатадими?

Илмий тадқиқотларда эркак уруғларининг ишлаб чиқарилишига иссиқлик таъсир кўрсатиши ўз тасдиғини топган. Мояклар соҳасида ҳароратнинг ортиши уруғлик ишлаб чиқарилишини қийинлаштиради. Тухумлар ҳарорати ва қулайлигига асосий нима таъсир кўрсатади? Албатта, биринчи навбатда ички кийим.

Шу боисдан эркаклар ўта тор ва сиқиб турувчи трусикларни киймасликлари мақсадга мувофиқ. Энг яхшиси, эркинроқ турувчи бошқа трусикларлан фойдаланган маъқул.

Бу ерда плавка турига мансуб трусиклар ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Бу турдаги трусикларни доимий равишда кийиб юриш жинсий аъзолар соҳасида қон айланишини қийинлаштириб, турли патологик муаммоларни келтириб чиқариш эҳтимолини оширади. Бундан эҳтиёт бўлиш ва барча жинсий аъзолар терисининг эркин нафас олиши ва қон айланишда муаммолар бўлмаслигига қатъий эътибор қаратиш лозим.

  1. Трусикларсиз юрса ҳам бўладими?

Мумкин! Бунинг учун бир қанча шартлар бор.

Айниқса жисмоний тарбия ва жинсий аъзо қўзғалган вақтда уларни киймаган маъқул. Бу терига салбий таъсир кўрсатиб, яллиғланиш ва қичишларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ бу терида ҳеч қандай муаммо бўлмаса ва устки кийим пишиқ ва намлик ўтказсагина тавсия этиради.

Умуман олганда эса трусикларга эҳтиёж борлиги сабабли ҳам оммавий фойдаланиладиган либос ҳисобланади. Биринчидан, ички кийим шахсий гигиена учун зарур. Турли инфекцияларнинг жинсий аъзоларга яқин йўламаслиги учун тоза ва табиий матодан тайёрланган трусикларнинг ўрни беқиёс.

  1. Ички кийимларни қандай ювиш керак?

Ички кийимларни имкон қадар табиий кир ювиш воситаси – кир совун билан қўлда ювган маъқул. Трусикларни алоҳида, бошқа ички кийимларни алоҳида, уларни пайпоқ ёки турли хил кийимлар билан аралаштириб ювмаслик керак.

Кир ювиш кукуни таркибидаги натрий силикати, фосфонатлар, поликарбоксилатлар, цеолит, энзима, ноиногенли сурфактантлар, юқори фаол моддалар катионлари ва бошқа кўплаб кимёвий моддалар қўшилади. Кир ювиш кукунида ички кийимлар ювилган тақдирда улар матосида кам миқдорда кимёвий моддаларнинг сақланиб қолиши, улар йиллар давомида тери орқали қон томирларига тушиб, аъзоларда тўпланиши мумкин. Кимёвий моддаларнинг организмда меъёридан ортиқ тўпланиши эса келгусида хавфли хасталиклар, жумладан, саратонни келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқ эмас.

Хулоса

Энг муҳим маслаҳат — ўз ички кийимингизни тоза, қуруқ ва янги ҳолатда сақланг. Агарда жинсий аъзолар соҳасида бирор муаммо бўлса, ички кийимларнинг тозалигига қатъий риоя қилинг ва керак бўлса кунига икки маротаба бўлса ҳам алмаштиринг. Агарда терламаган бўлсангиз ва ҳеч қандай ажратмалар бўлмаса, уларни бир неча кун кийишнинг зарари йўқ.