Биласизми?

Ҳукумат қарори: Ўсимликлар клиникалари фаолияти ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Ҳужжат билан Ўсимликлар клиникаларини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда ва ҳар йили 1 февралгача давлат-хусусий шериклик шартларида ўсимликлар клиникаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ажратилиши керак бўлган ер участкаларини белгилайдилар, шунингдек, тасдиқланган ер участкалари маълумотлари рўйхатларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига тақдим этадилар.

Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўсимликлар клиникаси юридик шахс тарзида ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси (филиали) шаклида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади.

Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик шакллари қуйидаги тарзда амалга оширилади:

давлат мулкининг фойдаланилмаётган бўш турган объектларини “ноль” харид қиймати бўйича сотиш;

давлат мулки объектларининг фойдаланилмаётган биноларини узоқ муддатга бепул фойдаланишга бериш;

битимда кўрсатилган шартларда қурилиш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ажратиш.

Қуйидагилар ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этишда асосий талаблар ҳисобланади:

а) шу жумладан, зарарсизлантириш бўйича камида тўрт нафар кишидан иборат отрядлар ташкил этиш ҳисобига ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш хизматлари кўрсатиш;

б) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалари, ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича воситалар, шу жумладан:

феромон тутгичлар;

зараркунандаларга қарши курашиш учун биомаҳсулотлар;

гербицидлар, фунгицидлар, инстектицидлар, инсектоакарицидлар, нематоцидлар ва биопрепаратлар билан таъминлаш;

в) узлуксиз сотишни таъминлаш учун кимёвий, биокимёвий, биологик, механик воситалар, приборлар ва препаратларнинг минимал ассортименти мажбурий мавжуд бўлиши;

г) бинолар ва хоналарга қўйиладиган экологик талаблар, санитария нормалари, қоидалари ва гигиеник нормативларга риоя қилиш;

д) зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларни аниқлаш учун тегишли лаборатория ускунаси, инвентарь мавжуд бўлиши, шунингдек, ўсимликларга ишлов бериш учун кимёвий, биокимёвий ва биологик воситаларни тайёрлаш ва қадоқлаш.

Ўсимликлар клиникаларида мавжуд бўлиши мажбурий бўлган кимёвий, биокимёвий, биологик, механик воситалар, приборлар ва препаратларнинг минимал ассортимента рўйхати Инспекция томонидан тасдиқланади ва (ёки) битимда назарда тутилади.

Ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек, ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалар билан таъминлаш ўсимликлар клиникаларининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Ўсимликлар клиникалари қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

кейинчалик сотиш учун белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситаларини харид қиладилар;

белгиланган тартибда ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситаларини сақлашни, йўқ қилишни таъминлайдилар;

тегишли ҳудудда ўсимликлар карантини объектлари аниқланиши ҳамда ўсимлик дунёси касалликлари ва зараркунандалари тарқалиши ҳолатлари тўғрисида Инспекцияни хабардор қиладилар, Инспекциянинг мурожаати бўйича амалиётда учрайдиган ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари тўғрисида ахборот тақдим этадилар;

ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик воситалари ва механик воситаларини қўллаш ва сақлаш бўйича аҳолига бепул маслаҳатлар берадилар ва ахборот ёрдами кўрсатадилар;

ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича зарур хизматларни кўрсатиш учун ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлар турларини аниқлайдилар.

Ўсимликлар клиникаларининг фаолиятини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларидаги клиникалар фаолияти мониторингини олиб бориш Инспекция томонидан амалга оширилади. Ўсимликлар клиникалари фаолияти мониторингини олиб бориш тартиби Инспекция томонидан тасдиқланади ва (ёки) битимда назар да тутилади.