Саломатлик

Фин олимлари мия учун энг фойдали машқни аниқлашди

Жисмоний ҳаракат ҳар қандай ёшда миянинг соғлом ва зийрак фаолиятини таъминлаши ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.  Илмнинг исботлашича, тананинг фаол ҳаракати мияда марказий асаб тизими фаолиятини яхшилайдиган ва асаб тўқималари саломатлигини таъминлайдиган нейротроп моддаларни ишлаб чиқилишига сабаб бўлади.

Финландиянинг Жйваскйла университети олимлари ва спорт мутахассислари томонидан айнан қандай спорт машғулотлари мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши юзасидан тадқиқот ўтказилди.

Маълум бўлишича югуриш, тош кўтариш, юқори интенсивли аэробик машқлар инсоннинг асаб тизимини мустаҳкамлаб, қон айланишини яхшилар ва миянинг ишлаш самарадорлигини оширар экан.

Тадқиқотчилар тажрибани каламушларда синовдан ўтказишган. Боиси илмий жиҳатдан каламушнинг мия тузилиши инсонникига ўхшаб кетиши кўп жиҳатдан исботини топган.

Уч гуруҳга бўлинган каламушларнинг бир қисми махсус ғилдираклар ёрдамида қафас бўйлаб югуришга мажбур қилинган. Бошқа гуруҳ эса думларига боғланган юк билан деворларга чиқишга уринган. Учинчи гуруҳ каламушлар эса қисқа масофага юқори тезликда юугуришга мажбурланган.

Бир ҳафта мобайнида ушбу машқлар билан шуғулланишган каламушларда олиб борилган текширувлар шуни кўрсатдики, спорт туридан келиб чиқиб, уларнинг мияларидаги ўрганиш ва хотира ҳудудида янги мия тўқималари пайдо бўлган.

Айниқса, ғилдирак ёрдамида узоқ масофага югуртирилган каламушларда асаб толаси ва мия тўқималарининг юқори даражада ривожланиши кузатилган. Тадқиқотчилар узоқ масофага югуриб туриш мия учун энг фойдали машқ, деган хулосага келишган. Шу сабабли, сизга ҳам тез-тез узоқ масофага югуриб туриш ва мунтазам равишда спорт билан шуғулланишни маслаҳат берамиз.