Иш

Facebookдаги дўстлар сафига бошлиғингизни қўша оласизми?

Кунлардан бир куни севимли Facebookни очдингиз ва бошлиғингиздан дўстлик таклифи юборилганини кўрдингиз. Муносабатларни яхши сақлаш учун қабул қиласизми ёки шахсий доирангизнинг дахлсизлиги учун назокат билан рад этиш йўлини қидирасизми? Умуман, ижтимоий тармоқда раҳбар-ходим дўстлаша оладими? Мақоламиз шу ҳақда.

Бошлиқ билан ижтимоий тармоқда дўстлашиш – қалтис ва нозик масала, ишонаверинг. Тўғри, иш жойида қадрдонлар сингари бир-бирингизнинг қўлингизни сиқасиз, бир пиёла чой устида ҳамсуҳбат бўласиз, ҳаддингиз сиғса ҳазил қиласиз, ўзаро совғалар тақдим этишасиз, борингки, шахсий мавзуларда суҳбатлашишингиз мумкин. Аммо ижтимоий тармоқда дарҳол дўстлашмаган афзал. Бу сиёсий масала :)

Ижтимоий тармоқлар борган сари касбий имкониятларимизни кенгайтириб бормоқда. Кўпчилик эса шахсий хабар алмашиш ва оилавий муносабатларни ривожлантириш учун фойдаланади. Ўта яқинлашув турган-битгани фойда, деб айтиш қийин. Ижтимоий тармоқдаги оилавий тушган расмингизга бошлиғингиз изоҳ қолдирса, сизга ёқмаслиги мумкин. Ошналар билан қаердадир кайф-сафо сураётган расмингизни бошлиғингиз кўриб лайк босиши ва изоҳ ёзишини истамасангиз керак.

Пенсильвания университети олимлари “Ё, Худойим, бошлиғим мен билан дўстлашди” (OMG My Boss Just Friended Me) деган хитобли ном остида изланиш ўтказди. Натижага кўра, 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган қатнашчиларнинг 30 фоизи бошлиғи билан ижтимоий тармоқда дўстлашишдан мамнун экан. Умуман, бошлиқ билан дўстлашишни ноқулай ҳисоблайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Улар бу ҳолни худди ота-онаси шахсий ишларига аралашаётгандек қабул қилишади.

Бошлиқ билан ижтимоий тармоқда дўстлашишнинг қандай фойдали томонлари бор?

  1. Ижтимоий тармоқ – ажойиб нарса. Ундан бошлиқни қизиқишларини аниқласа бўлади: қайси машинани ёқтиради, қаерда дам олишни хуш кўради, қайси ҳофизни тинглайди ва ҳоказо. Сизга бу умумий қизиқишларингизни аниқлашда ёрдам беради: “Фалончихон ака, сиз ҳам Назарбековни эшитасизми? Манда янги концерти бор”.
  2. Унинг нозик томонларини тез илғайсиз. Бундан фойдаланиш мумкин :) Айниқса, хушомадни қотирадиганлар учун катта қулайлик. Эрталабдан келибоқ, унинг саҳифасидаги расмни мақтайсиз, статусидаги ҳикматга лайк босиб, шартта улашасиз. Ёки фарзандининг яхши ўқиётгани билан табриклаб қўясиз. Бу бошлиқнинг ожиз томонларидир – у қанчалик қаттиққўл бўлмасин, бу мавзуларда кулиб бош ирғаб қўяди.
  3. Карьерада қўл келади. Аслида ҳам бошлиқ билан яхши муносабатни сақлаш ҳеч кимга зарар келтирмаган. Бошлиқ назарига тушган ходимларга эса лавозим эшиклари ланг очиқ. Бу йўлда коммуникация воситалари хизматингизда.
  4. Ишга жон-жаҳди билан киришган одам қиёфасини чизинг. Ўз саҳифангизда хизматдаги муваффақиятларингиз, ўтган курсларингиз, иштирок этган лойиҳаларингизни ёзиб қўйинг. “Хўп тажрибали мутахассис экан” деб ўйласин кўрганлар. Бу карьера дафтарингизга бир балл қўшади.

Бошлиқ билан ижтимоий тармоқда дўстлашишнинг қандай зарарли томонлари бор?

Бошлиқ билан “фейсбукдош” бўлишнинг фойдаси билан бир қаторда яхшигина зарарлари бор. Юқорида эслаб ўтилган тадқиқотда 70 фоиз иштирокчи бундан ноқулайлик туйган, ўзини босим остида ҳис этган.

Нега бундай? Чунки ҳамиша оқ кўйлак қора шимда юрмаймиз. Уйда бошқачамиз, дўстлар даврасида “ўзимизни қўйиб” юборамиз. Худди шу расм ва видеоларни кўрган бошлиқ биз ҳақимизда фикри ўзгариши тайин.

  1. Ижтимоий тармоқдан асл қиёфангизни яшира олмайсиз, бошлиқнинг олдида эса доимо “формада”сиз. Айтайлик, сиз севган селфи деган нарсани кўрса бошлиғингизнинг асаби ўйнар. Бирров саҳифангизга меҳмон бўлди, унда эса селфи деганлари ғиж-ғиж..
  2. Ижтимоий тармоққа ёпишиб олганмисиз-йўқми – текшириб кўра олади. Интернет барчасини “сотиб беради”. Аватарингиз олдидаги кўк чироқча ёниб турган бўлса, демак иш вақтида гап сотиш билан оворасиз. Хўш, шунда ҳам ишлаётганлигингизни исботлаб кўринг-чи. Лайк босиб ё улашиб қўйсангиз, муаммо янада чигаллашади.
  3. Бошлиқ статусингизга лайк босиши ё изоҳлаши мумкин. Лайкка чидаса бўлар, изоҳ эса ҳар хил бўлади. Айтайлик, дўстлар билан маишатдасиз, бошлиқ эса “Ўртоқлар, эртага ишга боришингиз эсдан чиқмасин-а”, деб изоҳ ташлади. Яқин улфатингиз шу изоҳни ёзса талаб ташлайсиз-а, аммо бошлиққа бўйсунмай кўринг...
  4. Энди иш ҳақида доимо ижобий мазмунда ёзасиз. Илгари ижтимоий тармоқда “ойлик бермаяпти”, “лойиҳа оёғи осмондан келди” дея шикоят ва киноявий оҳангда ёзиб юрган эдингиз. Ҳушёр бўлинг – сизни мониторинг қилишяпти.
  5. Дейлик, ўнғайсиз расмларни ўчириб қутулдингиз. Аммо дўстлардан қутулиб бўлмайди-ку. Бирор яқин улфатингиз расмларингизни қўйиб “Кеча бўкиб ичибмиз” деб ёзиб, камига сизни белгилаб турса, буёғи қанчадан тушди?

Бошлиқнинг дўстлик таклифидан қандай қутулиш мумкин?

  1. Иродангизни тўплаб ўзига очиқ айтинг. “Шундай-шундай, мен хизматчиликни ва шахсий доирамни аралаштирмоқчи эмасман. Давлатнинг жунига шахсий жунингни аралаштирма деб қўйибди”. Хушфеъл раҳбар тўғри тушунади. Агар унинг ўзи шу ҳолатни бошидан кечирган бўлса, аччиқланмайди.
  2. Бу вазиятдан сизни LinkedIn ижтимоий тармоғи қутқариши мумкин, чунки у айнан хизмат масалалари бўйича алоқа қилиш учун яратилган. Фейсбукда эмас, LinkedInда дўстлашинг.
  3. Таклифни рад этинг. Ҳа, бу болаларга хос, аммо таклиф муддатини чўзиб юриш ҳам яхши эмас. Бошлиқ буни унутиб юбориши ҳам мумкин. Агар у нега рад этганингиз билан қизиқса, ижтимоий тармоққа кам киришингиз, паролни эсдан чиқариб қўйганингизни баҳона қилинг. Камига “мен ҳақиқий ҳаётда мулоқот қилишни афзал биламан” деб қўшиб қўйинг.
  4. Бошлиқ таклифини қабул қилиб, кўп ўтмай дўстлар сафидан ўчиринг. Яхшики, кўплаб тармоқларда дўстлар сафидан ўчирилган аъзога хабар бормайди. Аммо бунинг нозик тарафи бор, у барибир муштарийларингиз орасида қолади ва эртами-кечми бу ҳақда барибир билади.
  5. Махфийлик (приватност) созлашларидан фойдаланинг. Бу энг мақбул йўлдир. Аввало, дўстларни саралаб оласиз: яқин дўстлар, танишлар, ҳамкасблар ва ҳоказо. Расм ёки постни улашганда “ҳамкасблар” (ёки фалон шахс) кўрмайдиган қилиб созласа бўлади.

Аммо эсда тутингки, бу ҳам шахсий ахборотни юз фоиз сақлай олмайди. Бехосдан махфийлик созлашини унутиб қўйсангиз, ана томоша.

Мақоламиз сўнгида таскин берувчи бир фактни келтириб ўтамиз: бошлиқларнинг ўзи ҳам ходимдан дўстлик таклифи юборилишини хуш кўришмас экан. Robert Half консалтинг компанияси ўрганишига кўра, 57 фоиз бошлиқлар ўз ходимидан дўстлик таклифи олишни ёқтирмаган, фақат 37 фоиз қатнашчи қарши эмаслигини билдирган.

Сиз бу ҳақда нима дейсиз? Бошлиғингиз ижтимоий тармоқда кузатиб қўлга туширган ҳолатлар бўлганми? Бу ҳақда бизга изоҳ қолдиринг.

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди