Биласизми?

Фаол ҳаёт тарзи қариш жараёнини секинлаштиради

Фаол ҳаёт тарзи ақлий салоҳиятга ижобий таъсир кўрсатиб, нафақат тана, балки мияни "жонлантиради".

Translational Research Institute for Metabolism and Diabetes (Моддалар алмашинуви ва диабет трансмиллий тадқиқот институти) тадқиқот институти бир гуруҳи кўнгиллиларнинг мушак тўқима намуналарини тўплайди. Маълум бўлишича, сон соҳасидаги мушак тўқимасининг бир бўлаги инсоннинг жисмоний ҳолати ҳақида кўп нарсаларни "айтиб бериши" мумкин экан.

Метаболик фаол мушаклар

Илм-фан ҳозирда қанча мушак тўқимамиз борлиги ва унинг қандай ҳолатда эканлигини билиш имконини беради.

Метаболик фаол мушаклар - толаларнинг зарарли ёғлардан холи тури, унинг таркибида митохондриялар мавжуд. Улар биздаги ортиқча вазн, энергия даражаси ва қандли диабет ҳамда юрак-қон томир касалликларига чалиниш хавфи қанчалик юқори бўлишига улкан таъсир кўрсатади. Ҳатто саратон билан курашишда соғайиш имкони ҳам мушаклар саломатлигига боғлиқ экан.

Мушак толаларининг бу тури шу қадар муҳимки, фармоцевтика компаниялари уларни соғ ҳолатда сақлашга ёрдам берувчи дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича пойгани бошлаб юборишди. Бу жисмоний ёшликни узайтиради ва организмга касалликларни тезроқ бартараф қилишга ёрдам беради.

Биз вақтнинг ўтиши ва бунинг жисмоний ҳолатимизга қандай таъсир ўтказаётганини сезмай қолишимиз мумкин. Ҳозир одамлар кўп вақтини ўтириб ўтказмоқда, ҳаракатчанлик йўқолмоқда, энергия даражаси аста-секин пасаймоқда. Бунинг натижасида биз шифокор ҳузурига шошиламиз ва унинг таҳлилларимиздан кўнгли тўлмаганини кўрамиз.

Ҳар қандай вазиятдан чиқишнинг йўли бор. Масалан, ҳаёт тарзини фаоллаштириш мумкин.

Митохондриялар

Тадқиқотчилардан бири доктор Брет Гудпастернинг айтишича, мушакларнинг кучи ва саломатлиги ҳамда улардаги митохондриялар сони тўғридан-тўғри бизнинг қанчалик фаол ҳаракатланишимизга боғлиқ экан.

Айнан нима билан шуғулланишимиздан (пиёда сайр қилиш ёки оғир жисмоний машқларни бажариш) қатъи назар, мушакларимиз микроскопик электростанциялар ишлаб чиқарувчи энергияга муҳтож бўлади.

Мушаклар ичидаги носоғлом ёғ

Асосийси, чиройли пресс ёки бирор бир аъзони мукаммаллаштиришда эмас, мушакларнинг ичида қанча носоғлом ёғлар борлигидадир. У заҳарли бўлиши ва соғлом тўқималарнинг инсулинга сезувчанлигини камайтириши мумкин. Бу ортиқча вазн тўплаш механизмини ишга туширади, озишни мураккаблаштиради ва иккинчи турдаги қандли диабетга олиб келади.

Носоғлом ёғли мушаклар заифликни келтириб чиқаради ва бизни камҳаракат қилади. Буларнинг барчаси треморнинг пайдо бўлиши ва мушак тўқималарини вақтидан илгари  йўқотишга олиб келиш эҳтимоли бор.

Биз қанчалик заифлашсак, жисмоний машқларни бажариш  шунчалик қийинлашади, машқларнинг асорати ҳам оғриқлироқ бўлади. Натижада танлов аён - спорт клуби ёки сайрга чиқиш эмас, диванда ётиш ва телевизор кўриш.

Қаришни қандай секинлаштириш мумкин?

Ҳар қандай аэробик машқлар янги митохондрияларни ишлаб чиқарувчи тизимни фаоллаштиради. Организм кўпроқ энергия талаб қилгани туфайли митохондриялар генларга диққатни қаратади. Қанча кўп машқ қилсангиз, мушакларингиз ёғларни шунча самарали парчалай бошлайди.

Бунга катта куч сарфлашнинг ҳожати йўқ. Тадқиқотларга кўра, 3-7 кун давомида 45 дақиқадан тез қадамлар билан сайр қилиш янги митохондриялар ишлаб чиқарилишига олиб келади.

Тўғри овқатланишсиз соғлом ҳаёт тарзига риоя қилиб бўлмайди. Истеъмол қилаётган ҳар бир таомимиздаги  ўсимлик ва ҳайвон оқсили ҳамда D витаминининг қўшимча порциялари (агар унинг организмдаги даражаси меъёрдан кам бўлса) жисмоний машқлардан кейин мушакларни қайта тиклашни тезлаштиради.

Шундай экан, сизнинг ҳам муайян машқлардан иборат графикингиз бўлса, биологик ёшингиз паспортингизда кўрсатилган рақамлардан анча кам бўлиши муқаррар.

Манба: Kun.uz