Саломатлик

Эркаклар саломатлигига хатарлар

Агар сизни саломатлигингиздан кўра кўпроқ машинангиз ёки севимли гаджетингиз ташвишлантирса, демак, сиз ёлғиз эмассиз. Аксарият эркакларнинг саломатлик масаласига панжа ортидан қараши узоқ муддатли келажакда қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин. Турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун компьютердан узоқлашинг ва шифокор қабулига боринг.

        Юрак

Ёмон ишлаётган “мотор” ўзи ҳақида турли товушлар ёрдамида эслатиши мумкин. Агар уларни эътиборсиз қолдирсангиз, оқибатлари кўнгилсиз эмас, ўлимга олиб келувчи бўлиши аниқ. “American Heart Association” маълумотларига кўра, ёши катта эркакларнинг учдан бир қисми юрак-қон томир касалликларининг у ёки бу туридан азият чекиши аниқланган. Режали кўриклар муаммони аниқлаш ва ўзи уни вақтида даволашга ёрдам беради.

Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва бошқа респиратор касалликлар

Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги (ЎСОК) одатда кашанданинг енгил йўталидан бошланади. Вақт ўтиши билан у ўпка саратони ва эмфиземасига олиб келиши мумкин. Бутун дунё бўйлаб ҳар йили эркакларда борган сари кўпроқ саратон касаллиги аниқланмоқда. Албатта, бунда атмосферанинг ифлосланиши, ишлаб чиқариш омиллари ҳам ўз ролини ўйнайди, бироқ кашандалик олдингидай саратон хасталигининг бош сабабчиси бўлиб қолмоқда.      

Алкоголь

Алкоголдан ўлиш ва ичкиликка муккасидан кетиш сабабли касалхоналарга тушиш ҳолатлари аёлларга қараганда эркакларда жуда кўп. Бунинг устига эркаклар икки баравар кўп ичади ва маст пайтда агрессияга мойил бўлади. Спиртли ичимликларни суистеъмол қилиш оғиз бўшлиғи, томоқ, қизилўнгач, жигар ва йўғон ичак саратони ривожланиши хавфини оширади. Шунингдек, алкоголь гормонлар ишлаб чиқилишига таъсир кўрсатади, бу эса бепуштликка олиб келиши мумкин.

Тасодифий жароҳатлар ва авариялар

Эркак қанчалик соғлом бўлмасин, у барибир сувга ғарқ бўлиш, бош мия суяги жароҳатини олиш ёки машина уриши хавфидан ҳимояланмаган. Касалликлар профилактикаси ва уларни назорат қилиш марказларининг маълумотларига кўра, 2006 йилда эркаклар орасидаги ўлим ҳолатларига айнан фожиали тасодифлар бош сабабчи бўлган. Масалан, ишлаб чиқаришдаги жароҳатлардан асосан эркаклар жабрланган – бу жабрланганлар умумий сонининг 92 фоизини ташкил этади.  

Жигар касалликлари

Эркак жигарининг ўлчамини футбол тўпи билан таққослаш мумкин. Ушбу органнинг вазифасига озиқлантирувчи моддаларни сўриш ва организмни токсинлардан халос этиш киради. Энг “машҳур” жигар касалликлари орасида сирроз, гепатит, аутоиммун ва генетик касалликларни ҳамда саратонни қайд этиш мумкин. Алкогол ва кашандалик эса жигар муаммоларини янада чуқурлаштиради, холос.

Диабет

Америка диабетлар уюшмаси вакилларининг фикрича, «замонавий эркак» – бу қонидаги қанд моддаси миқдорини биладиган одамдир. Диабетга чалинган эркаклар тестостерон даражасининг тушиб кетиши ҳолатига тез-тез дуч келади. Даволанмаётган диабет буйрак, юрак, асаб тизими, кўз касалликларига ҳамда сўқирликка олиб келади.

Тери саратони

Ёши 50 дан ошган эркаклар, аёлларга қараганда икки баравар кўпроқ тери саратони ривожланиши хавфига мойил бўлади. Нега дейсизми? Қуёш таъсири ва шифокор ҳузурига боришнинг камлиги туфайли. Онкологлар солярийлардан қочиш, кўчага чиқишдан олдин қора кўзойнак тақиш ва қуёш нурларидан ҳимоя қилувчи кремдан фойдаланишни тавсия этади.

Манба: Avitsenna.Uz