Маданият

Ҳар бир эркак билиши лозим бўлган 10 одоб-ахлоқ қоидаси

Эркакнинг безаги - одоб дейдилар. Биз нафақат билимимиз ёки кийган кийимларимиз билан балки одоб ва ахлоқимиз билан ҳам бошқаларда ижобий ё салбий таассурот қолдирамиз.

Бу галги мақоламизда ҳамма эркаклар билиши керак бўлган қуйидаги 10 одоб-ахлоқ қоидаларини бир жойга жамлаб эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. Саломлашиш одоби

  • Салом тўлиқ, сўзларини бузмай, одоб билан "Ассалому алайкум" дея берилади. "Салом", "сомалайкум", "салом бердик", "привет", "хайрли кун" каби саломлашиш одобдан эмас;
  • Ёши катта киши ўзи қўлини чўзсагина қўл бериб енгил табассум билан кўзларига қараб сўрашинг;
  • Улов (от, машина кабилар) даги киши - пиёдага, пиёда кетаётган одам - ўтирганга, озчилик - кўпчиликка, кичиклар - катталарга, юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедаги одамга биринчи салом берилади;
  • Намоз ўқиётган, қироат қилаётган, ҳаммомда ювинаётган кишига, хожатхонада ўтирган кишига, ухлаётганга, оғзида таоми бор кишига ва номаҳрам аёлларга салом берилмайди.

2. Овқатланиш одоби

  • Ресторанда ёки жамоат бўлиб овқатланадиган жойларда (айниқса, расмий ўтиришларда) албатта столингизда аёл киши биринчи ўтиришига эътибор беринг. Бундай ҳолатларда доим ташаббускорликни ўз қўлингизга олинг ва аёл кишига тезкор равишда стулни суриб, ўтиришни таклиф қилинг, ундан кейин ўзингиз ўтиришингиз мумкин.
  • Агар аёл киши ўрнидан турадиган бўлса, тезда сиз ҳам ўрнингиздан туринг, бу билан сиз ҳурмат бажо келтирган бўласиз.
  • Овқатланаётганда (уйда ёки ресторанда) тирсагингизни стол устига қўйманг. Қачонки, стол устида овқат қўйилмаганда, оралиқдаги танаффусларда ёки умуман норасмий атмосферада тирсагингизни қўйишингиз мумкин.
  • Агар таом иссиқ бўлса, пуфлаб совутилмайди. Оғизни катта очиб овқатланилмайди. Таом ейилаётган қўл коса ёки товоққа, дастурхонга силкитилмайди.
  • Овқатингиздаги катта луқмаларни кичик бўлакларга бўлиб енг. Салфетка ёки рўмолчадан тез-тез фойдаланиб, қўлингиз ва оғзингизни тозалаб туринг. Оғизни қўл билан артиб бўлмайди ва оғизда луқма бўлганда гапириш беадаблик. Атрофда ҳамма қўл билан овқат еяётганда сиз қошиқ ва вилка билан овқатланишингиз одобсизлик саналмайди. Стол устига асло телефонингизни қўйманг.
  • Овқатланаётганда ва жамоат жойларида ҳар қандай ҳолатда сақич чайнаш одобсизлик ҳисобланади.

3. Кийиниш одоби

  • Ҳеч қачон бино ичига бош кийимингиз билан кирманг. Фақатгина истисно жойлар - жамоат жойлари, яъни поезд, автобус ва метро бекатлари, павилъонлар, лобби ва йўлакларда, диний ва маданий сабабларга кўра бош кийимингизни ечмаслигингиз мумкин.
  • Суратга тушаётганингизда, уйга кираётганингизда, давлат гимни янграётганда ҳамда аёллар ёнида бўлганингизда албатта бош кийимингизни ечинг.
  • Байрамлар, тадбирлар ва йиғилишларга, ишга ҳар кунлик ва дам олиш жойларига алоҳида кийим кийинг. Ўзингиз билмаган жойларга борганда ҳам иложи борича расмий кийиниб боринг.

4. Гуллар.

  • Аёлларга гул совға қилаётганда ҳам айрим этикетга эътибор бериш керак. Агар сиз гул совға қилаётган инсон сизнинг унга қизиқишингиз, ёки уни севишингизни билдиришни хоҳламасангиз, уларга асло қизил ёки пушти атиргул совға қила кўрманг. Умуман олганда, атиргул - севги, ёқтириш ва "юксак ҳурмат" белгиси ҳисобланади. Масалан, атиргул билан 8-март байрамида онангизни табриклашингиз ҳам мумкин.
  • Ёқтиришингизни, севишингиз ёки бошқа мақсадларингизни билдирмасдан, аёлларни туғилган кунлари, ўқишни тугатгани ёки каръ'эрадаги ўсиши билан гул совға қилмоқчи бўлсангиз, иложи борича турли хил навдаги гулларни танлаганингиз мақбул, масалан, лилия, маргаритка, хризантема ва бошқа гуллар.

5. Шахсий буюмлар.

  • >Эркак киши бошқа кишининг шахсий нарсаларига, айниқса аёлларнинг нарсаларига асло тегиши ёки жойидан силжитиши мумкин эмас. Масалан, бегона аёлнинг сумкаси сизга ҳалақит бериб турган бўлсада, уни суриб қўйишингиз ёки жойидан олиб қўйишингиз мумкин эмас. Яна бошқа кишиларнинг кийимига, телефон қурилмасига ёки бошқа шахсий буюмларига тегмаслик керак.
  • Истисно ҳолатларда, яъни, йўқолган сумка ёки буюмни эгасига қайтаришда мумкин. Лекин бошқа ҳар қандай ҳолатда қўлингизни асло теккизмаслик одобдан.

6. Соч-соқол олиш.

  • >Эркаклар одатда соқол олишни ёқтиришмайдилар. Лекин тўй, расмий йиғилишлар, иш бўйича учрашувлар, ишга қабул қилиш учун суҳбат ва бошқа шунга ўхшаш тадбирларга албатта соқолингизни олиб ёки текислатиб боришингиз керак. Нотаниш жойга бораётганда ҳам таваккал қилмасдан соч-соқолга эътибор бериб бориш керак.

7. Йўталиш ва аксириш.

  • Доим оғзимизни беркитиб аксириш керак. Агар қўлингизда рўмолча ёки салфетка бўлса, улар билан оғзингизни ёпиб йўталинг ёки аксириб, кейин тезда рўмолчани бекитинг.

8. Таклиф.

  • Икки ҳолатда сизга билдирилган таклифни асло рад этишингизга ҳаққингиз йўқ. Бири жанозага чақиришганда, иккинчиси, сизни деб уюштириладиган банкет ёки тушликка таклиф қилишганда рад жавобини беришингиз мумкин эмас.

9. Уяли алоқа воситасини тутиш одоби.

  • Уяли алоқа воситаси ўзгага тегишли бўлса, унинг рухсатисиз олиш, ундан бировга қўнғироқ қилиш, унинг ичидаги нарсаларни очиб кўриш мутлақо мумкин эмас.
  • Жамоат йиғинлари - мажлислар, йиғилишлар ва учрашувларда телефонингизни қўлингизда очиб ўйнаб ўтиришингиз, бировга қўнғироқ қилишингиз ёки қўнғироққа жавоб қайтаришингиз мумкин эмас. Уяли алоқа воситангизни овозини ўчириб қўйишингиз керак.
  • Бир марта қўнғироқ қилганда жавоб берилмаса, орадан бироз муддат ўтказмай туриб, қўнғироқни қайтариш беодобликдир. Уч марта қўнғироқ қилингандан кейин ҳам жавоб бўлмаса, қўнғироқ қилишни тўхтатиш лозим.
  • Қўнғироғингизга жавоб қайтарган кишига биринчи бўлиб салом беринг. Иложи борича телефонда суҳбатлашаётганда овозни керагидан ортиқ кўтармаслик керак ҳамда суҳбатни имкон қадар тезроқ тамомлашга ҳаракат қилиш лозим.

10. Суҳбатлашиш одоби.

  • Суҳбатлашаётганингизда телефонингиз билан овора бўлишингиз, қўнғироқ қилиш ва қабул қилиш, соатингизга қарашингиз одобсизликдан. Суҳбатдошингиздан зерикканингизни асло билдирманг.

Албатта эркаклар билиши керак бўлган одоб-ахлоқ қоидалари юқорида санаб ўтган 10 та қоида билан чекланиб қолмайди. Сиз яна қайси одоб-ахлоқ қоидаларини эркаклар билиши зарур деб ҳисоблайсиз?