Мулоҳаза учун мавзу

Эр хотинига маҳр бермай туриб ажрашиб кетса...

Cавол:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Маҳрни кейинроқ бериш шарти билан никоҳ ўқилган бўлса, лекин ҳали маҳр берилмаган ҳолда икки томон хоҳиши билан тўйдан бир йил ўтиб никоҳ бекор қилинса, маҳр бериш вожиблигича қоладими? Аёл: “Менга маҳр керакмас, розиман”, деса ҳам барибир маҳр бериш мажбурийми? Агар маҳр аёл розилиги билан берилмаса, яшаб ўтган бир йил зино бўлиб қолмайдими?

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли жавоб берадилар::

Ва алайкуму салом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Эркак ўз хотини билан илк бор ёлғиз қолганда, яъни хилвати саҳиҳа билан маҳр вожиб бўлади. Бунда жинсий яқинликка тўсқинлик қилувчи бирон омил бўлмаслиги, масалан эр жинсий ожиз ё бичилган бўлмаслиги керак. Демак, тўйдан кейин қиз ва йигит ёлғиз ўзлари қолишса, эрнинг зиммасига маҳр бериш вазифаси юкланади. Агар олдиндан маҳр миқдорини тайин белгиламасдан никоҳланган аёл бўлса, бу ҳолатда аёлга маҳри мисл бериш эркак зиммасида вожиб бўлади. Маҳри мисл дегани бу ўша никоҳланган аёлнинг ёшидаги, унинг ҳуснидаги ва унинг ижтимоий ҳолатидаги аёлларга одат бўйича неча пул маҳр берилса ўшанча миқдорда маҳр берилади. Бунда аёлнинг қариндош уруғлари эътиборли бўлади. Яъни келин томондаги аёлларнинг юқоридаги ҳолатлари ҳисобга олиниб, улар одатда узатилган вақтида қанча маҳр олсалар ўшанча миқдорда маҳр бериш лозим бўлади. Шунингдек, бирор аёлга маҳр бермасликни шарт қилган ҳолда уйланилса, ёки аёлнинг ўзи қайсидир сабаб билан маҳр сўрамаса ва орада никоҳ бўлиб, эрхотин каби яшасалар ҳам ундай аёлга маҳри мисл бериш вожиб бўлади. Чунки, маҳр бермаслик эвазига никоҳ ақдини тузиш нотўғри ҳисобланади, бинобарин, бундай шарт ҳеч қандай шаръий кучга эга бўлмайди. Ва бундай ҳолатда ҳам аёлга маҳри мисл бериш вожиб бўлади. Агар белгиланган маҳр фосид маҳр бўлса, масалан, ҳаром нарсалар маҳр сифатида белгиланган бўлса, бунда ҳам белгиланган маҳр бекор бўлиб, маҳри мисл бериш вожиб бўлади. Агар олдиндан маҳр тайинланган бўлса ва улар ҳали бирон марта ёлғиз қолмай туриб талоқ қилишга тўғри келса, у ҳолда аталган маҳрнинг ярмини бериш вожиб бўлади. Агар ажрашиш аёл сабабидан бўлса ҳам маҳрни бериш лозим бўлади. Шундай экан, бир йил яшаган, аёлдан озми-кўпми манфаат олган эркак унга маҳрни бериши керак. Гарчи бундан кейин бирга яшамаса ҳам. Аёл ажрашиш аламидан “маҳр керакмас”, деб айтиб юборган бўлиши мумкин. Аммо эркак ўз номига муносиб тарзда белгиланган маҳрни чин дилдан беради. Зеро, маҳр ўша аёлнинг ҳаққи. Бу ҳаққа ҳеч ким дахл қила олмайди. Шундан келиб чиқиб, айтиш лозимки, саволдаги ҳолатда зикр қилинган аёлга маҳри мисл бериш вожибдир. Маҳри мисл ўша аёлнинг ёши, сифатлари ва мавқеига ўхшаш аёлларга одатда қандай миқдорда маҳр берилса, ўша миқдордан келиб чиқиб берилади. Маҳр берилмасдан яшаган йили зино бўлмайди, аммо, маҳрни барибир кеч бўлса ҳам бериш шарт бўлади. Валлоҳу аълам.

Манба: Darakchi.uz