Биласизми?

Дунёнинг "энг семиз" ва "энг озғин" давлатлари харитаси тузилди

Жаҳон мамлакатлари фуқароларининг семизлик даражасини кўрсатиб берувчи харита АҚШнинг Марказий Разведка Агентлигининг World Factbook (жаҳон ҳақида далиллар) электрон манбаасида эълон қилинган. Шундай қилиб, жаҳоннинг "энг семиз мамлакати" деган номга Америка Қўшма Штатлари эмас, унга қўшни бўлган, Тинч океани жанубида жойлашган Америка Самоаси давлати муносиб деб топилган. Маълумотларга кўра, бу ерлик аҳолининг 74.6 фоизи семириш дардига мубтало бўлган.

Шу билан бирга, Тинч океани қирғоқларида жойлашган Науру, Тонга, Самоа, Палау ва Кирибати, шунингдек Осиё минтақасидан Қувайт каби давлатлар юқори ўнталикдан жой олган. Бу ҳудудларда катталарнинг семириш даражаси халқаро миқёс билан солиштириб кўрилганида 4 маротаба юқори. Илмий изланишлардан маълум бўлишича, бу ороллар аҳолисида семиришга бўлган мойиллик генетик хусусият ҳисобланади. Харитада АҚШ аҳолисининг 33 фоизи тўлаликдан азият чекиши кўрсатилиб, Америка умумий рўйхатда 18-ўринни эгаллаган. Миср (33.1), Саудия Арабистони (33), Баҳрайн семириш бўйича юқори 20 таликдан жой олган. Осиё, Африка минтақасидаги Эфиопия, Бангладеш, Непал, Эритрея, Мадагаскар, Вьетнам, Конго, Ҳиндистон семириш бўйича сўнгги ўринларни (аҳолининг 1-2 фоизи) эгаллаган. Туркия (27.8 фоиз), Сурия (27.1), Ироқ (27) Осиёнинг тез "семираётган" мамлакатларига айланишди. Япония ва Хитой ҳам пастки, яъни 157-, 152-ўринларга муносиб кўрилган. Европада семириш бўйича Швейцария, Франция (18.2 фоиз), Дания (18.2 фоиз), Шведция (18.6 фоиз) нисбатан орқада. Буюк Британия (26.9), Испания (26.6), Россия (26.5), Польша (25.3) семиришда етакчи бўлишмоқда. Мазкур рўйхатга Марказий Осиё мамлакатлари ҳам киритилган. Хусусан, маълум қилинишича Ўзбекистон аҳолисининг 15.1 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 23.7 фоиз, Туркманистонда 13.2, Тожикистонда 8.6, шунингдек Озарбойжонда 23.8 фоизни ташкил этади. Тадқиқотлар замонавий турмуш тарзи ва қўшимча кимёвий моддалар асосида тайёрланадиган замонавий озиқ-овқатлар семиришнинг бош омили эканини кўрсатмоқда.