Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистонда иқтисодиёт, маданият, маърифат, спорт соҳаларидаги қатор муҳим лойиҳаларни рўёбга чиқаришда иштирок этмоқда. «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Дахлдорлик туйғуси» кўрсатувида шу ҳақда сўз боради, деб ёзади Daryo.uz.
Ўзбекистон металлургия комбинати
Бу — Ўзбекистондаги ягона қора металлургия корхонаси. Сўнгги бир неча йилдан бери комбинат стагнация, турғунлик ҳолатида эди. Ишлаб чиқариш тўхтаб қолмаган бўлса-да, ривожланиш ҳам йўқ эди.
2017 йили Усмоновнинг кўмаги билан жаҳон миқёсидаги металлургия кластерларини ташкил этиш ва ривожлантириш борасида тажрибага эга чет эл компанияси — SFI Management Group комбинатнинг ташқи бошқарувига жалб этилди.
Ҳозирда комбинатга илк бор иссиқ брикетланган темир (ИБТ) ва қуйма хом ашё тайёр ҳолда ташқаридан келтирилмоқда — бу айнан жаҳон стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариш имконин берадиган омиллардир. Бугунга қадар 46 миллион долларлик ИБТ, 27,3 миллион долларлик қуйма хом ашё келтирилди.
Айланма маблағларни кўпайтириш учун қўшимча равишда йўналтирилган 50 миллион долларга тенг маблағ қисқа вақтда металлурглар маошини оширишга, бошқарувдаги қинғир йўлларни бартараф этиб, корпоратив бошқарув ҳамда молиявий менежментнинг замонавий усулларини қўллаш ва хориждан етук мутахассисларни жалб қилишга имкон берди.
2018 йилда металлопрокат ишлаб чиқариш прогнози 1,1 миллион тоннага тенг. Бу SFI Management Group компанияси ўтган йили амалга оширган тузилмавий ва ташкилий ўзгаришларнинг кичик бир қисми, холос.
Натижада биргина июль ойининг ўзида 99 минг тонна, йил бошидан ҳисобланса — 636 минг тонна металлопрокат ишлаб чиқарилди. Бу бутун 2017 йил давомида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг 87 фоизи демакдир.
Суюлтирилган пўлат эритишнинг ойлик ҳажми бўйича рекорд ўрнатилди — 82,4 тонна. Сўнгги 10 йилдан бери бу борадаги энг юқори кўрсаткич 64 минг тоннадан ошмаган эди.
Умуман олганда, йил охирига қадар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 3,5 баробарга ва даромад 3,3 баробарга ошиши, давлат бюджетига тушумлар эса 0,5 триллион сўмдан кўпроқ бўлиши кутилмоқда.
«Сўнгги йилларда катта муаммолар бор эди, коминат эса жар ёқасига келиб қолганди. Янги раҳбарият келиб, янги ғоялар, янги вазифалар белгилади. Буларнинг барчаси ортида мамлакат тараққиёти учун куч ва маблағ аямайдиган Алишер Усмонов турибди», — дейди комбинат ишчиларидан бири.
Хабар беришларича, комбинатга сўнгги йилларда халал берган муаммолардан бири металл чиқиндиларни йиғиш билан боғлиқ эди. Тизимни жонлантириш йўлида давлат раҳбарияти томонидан қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Улардан бири — иккиламчи қора металлар бўлинмалари («Иккиламчи қора металлар» компанияси) SFI Management Group бошқарувидаги «Ўзметкомбинат» таркибига ўтказилди. Айни пайтда барча минтақавий филиаллар 10 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилгани ҳолда тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати
Ушбу комбинат ҳам SFI Management Group’нинг ишончли бошқарувига топширилган. Ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли мамлакатларидан етакчи мутахассислар жалб этилган бўлиб, улар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун корхонани тафтиш (аудит) қилади.
Алишер Усмонов раҳбарлигида металлурглар, кончилар ва қимматбаҳо металл қазиб олиш соҳасининг етук олимлари иштирокида экспертлар гуруҳи ташкил этилган.
Улар томонидан ОКМКни узоқ муддатда модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Дастурда қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга илғор хорижий тажрибани жорий қилиш кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу дастурни татбиқ этиш учун тахминан 300 миллион долларлик маблағ йўналтирилади.
Бу эса йилига мис ишлаб чиқариш ҳажмини 109 минг тоннадан 140 минг тоннагача, руҳ металлини ишлаб чиқаришни 78 минг тоннадан 120 минг тоннагача, олтингугурт кислотаси ишлаб чиқаришни қарийб икки баробар — 845 минг тоннадан 1,6 миллион тоннагача ошириш имконини беради.
Қимматбаҳо ва нодир металларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш аввалги йилларга нисбатан 1,3 мартага ортади.
Маҳсулотларни сотишдан олинадиган даромад 1,5 баробарга ортиб, 12 триллион сўмга етади. Давлат бюджетига тушумлар ҳажми ҳам 1,4 баробарга ортиб, 5 триллион сўмдан ортади. Комбинатнинг соф фойдаси ҳам 1,4 баробарга ортиб, 1,6 триллион сўмни ташкил қилади.
Янги конларни, жумладан, «Ёшлик 1» (23 миллион тонна мис-молибден) ва ва «Ёшлик 2» (2 миллион тонна мис-молибден) конларини ўзлаштириш ва ривожлантириш йўлида айни пайтда еттита истиқболли инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тошкент металлургия заводи
Ушбу лойиҳа ҳам Усмоновнинг кўмагида амалга оширилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна совуқ зичланган металлопрокат ишлаб чиқарилади.
Бу сўнгги 10 йилликда МДҲ давлатлари ва яқин хорижда совуқ зичланган металлопрокат ишлаб чиқариш соҳасида амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан биридир. Қурилиш 2017 йил сентябрида бошланган заводни 2019 йил декабрида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Лойиҳанинг умумий қиймати — 286,7 миллион евро бўлиб, шундан 206,69 миллион евролик қисмини хорижий инвестициялар ташкил этади. Ишлаб чиқарилган умумий маҳсулотнинг 80 фоизини ички, қолган 20 фоизи эса ташқи бозорга йўналтирилади.
Бошқа лойиҳалар
Бундан ташқари, маданият, маърифат ва спорт соҳаларида ҳам Алишер Усмонов кўмагида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Улардан бири — Самарқанд вилоятида Имом ал-Бухорий нмоидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш, айни вақтда Имом ал-Бухорий мажмуасини тўлиқ қайта реконструкция қилиш лойиҳасидир.
Алишер Усмонов ҳозиргача ушбу лойиҳа учун 19 миллион доллар миқдорида сармоя киритиб улгурган.
Усмонов Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳасида ҳам қатнашмоқда. Қурилиш ва марказни зарур анжомлар билан таъминлаш учун Усмоновнинг хайрия фондидан 2018 йилнинг ўзида 68 миллион доллар маблағ ажратилган.
Бухорода реставрация ишларини амалга ошириш ишлари учун Алишер Усмонов 13 миллион доллар миқдорида маблағ киритган.
Умуман, Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги объектларни қуриш ва реставрация қилиш учун Алишер Усмонов 2018 йилнинг ўзида 100 миллион доллар ажратади.
Алишер Усмонов «Пахтакор» футбол клубини ҳам ўз оталиғига олган — клубнинг устав капиталининг 80 фоизи SFI Management Group’га тегишли.
Клубнинг эски стадиони ўрнида ФИФАнинг халқаро стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган янги стадион қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун 100 миллион доллар ажратилади.
Ҳозиргача клубга 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритилган. Хорижий мураббийлар гуруҳи таклиф қилинган. Клубда ҳамма нарса — менежмент, мураббийлар таркиби, жамоа фалсафаси ўзгарган.
Кўрсатув охирида Алишер Усмоновдан бир неча иқтибос келтирилган бўлиб, унда, жумладан, миллиардер Ўзбекистон учун қандай фойдаси тегса, исталган вақтда исталган нарсани қилишга тайёр эканини таъкидлайди.
«Ўзбек эканимдан фахрланишимни бир неча бор айтганман. Бу менинг ватаним эканидан фахрланаман. Ўзбекистонга, унинг раҳбариятига қандайдир фойдам тегадиган бўлса, мен ҳар доим тайёрман. Ҳар доим, исталган дақиқада», — дейди Алишер Усмонов.
Аввалроқ SFI Management Group компанияси Ўзбекистондаги икки компания акцияларини ишончли бошқарув учун қабул қилиб олгани ва, умумий ҳисобда, энди «Ўртачирчиқпарранда»нинг 89 фоиз ҳамда «Ўзкимёфарм»нинг 74 фоиз акцияларига эгалик қилиши ҳақида хабар берилган эди.
SFI Management Group масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) кўринишидаги қўшма корхонаси (ҚК) 2017 йил январь ойида ташкил этилган. Ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестициявий жараёнларни бошқаришга халқаро стандартларни жорий этишга ихтисослашган. Компания лойиҳалари орасида «Ўзметкомбинат», Тошкент металлургия заводи, «Ўзкимёфарм», Eurasia Insurance, Inter Capital ва бошқалар бор.