Таълим

Чанг босган дипломлар ҳақида

“Келажакда ким бўлсам экан?” Бу савол эндигина мактабни тугатиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган ҳар бир йигит-қизни ўйлантиради. Бундан бироз олдинроқ, яъни болаликда кўпчилик ўйланмасдан, ўз ота-онасининг касбини танлашини айтиши мумкин. Лекин вақт ўтиши билан ҳамма нарса аниқ бўлиб қолар экан. Тўғри, кимлардир ота-онасининг хоҳиши билан ўқишга топширадию, пайти келиб ўз қизиқиши ва истеъдоди бўйича бошқа ишга ўтиб кетади. Ҳаётда бу каби ҳолатларни кўп учратамиз. Ёки икки дипломга эга бўла туриб бирор ишнинг бошини тутмаганлар ҳам бор...

Бутун дунёда ишсизлар қанча? Халқаро меҳнат ташкилоти тарқатган “Бандликнинг глобал тенденциялари-2013” ҳужжатига кўра, бутун дунёда ишсизлар сони 197 миллион кишига етди. Ўтган йилда дунё бўйича ишсизлар сони тўрт миллион кишига кўпайган. 2012 йилда ишдан айрилганларнинг атиги чораги ривожланган мамлакатларда, қолган 75 фоизи эса ривожланаётган давлатлар, асосан, Жануби-Шарқий Осиё ва Африка давлатларига тўғри келади. Маълум бўлишича, асосан ривожланган давлатлардаги 870 миллионга яқин киши ишли бўлса ҳам, бир кунда 2 доллардан камроқ пул топади, улардан 400 миллионга яқини камбағалликда кун кечирмоқда.

КАСБ ТАНЛАШНИ ЎРГАТИШ ҲАМ КАСБ Касб танлаш давлат аҳамиятига эга масала эканлиги биринчи марта Испанияда 1575 йилда Хуан Уарте томонидан ўртага қўйилган эди. Ўшанда давлат бу масала билан шуғулланадиган одамлар ва ташкилотлар бўлиши кераклигини таклиф қилган. IX аср охири ва XX аср бошларида қатор мамлакатлар (АҚШ, Германия, Франция, Россия ва бошқалар) олимлари ва жамоат арбоблари ҳам йирик ишлаб чиқариш саноат корхоналари учун ёшлардан махсус тайёргарлик кўрган кадрларни танлаб олиш, ўқитиш, касб ўргатиш зарурлиги масаласини қўйдилар...

ОРЗУ ФАҚАТ ШАХСИЙ ҲАЁТДА БЎЛАДИМИ?! Тўғри, ҳаммамиз ҳам орзу-ҳавас қиламиз. Ният қилган тўкин ҳаётга эришиш учун жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилишга аслида ўзимиз мойил яратилганмиз. Бироқ орзуга етишиш йўлида аниқ мақсад билан ҳаракат қилмасак, ютқазишимиз ҳеч гапмас. Чунки орзуларимизнинг амалга ошиши фақат шахсий ҳаётда керак, иш фаолиятимизда эса аниқ мақсад. Баъзи ёшларда тезроқ мансабга кўтарилиш иштиёқи кучли бўлади. Шунинг учун ўзи қизиққан соҳани эмас, уларнинг назарида осонроқ ва тезроқ «кўтарилиш»лари мумкин бўлган соҳани танлашади. Кимдир ота-онасининг хоҳишига қараб ёки уларнинг изидан бориш учун, яна кимдир эса ўзи хоҳлаган ўқишга кетма-кет бир неча йил кира олмагани учун ва энг ҳайратланарли сабаб – севган қизи шу ерда ўқиётгани учун ҳам шу ўқишга кирганлар бор. Натижада келажакда бирор ишнинг бошини тайинли тутолмай, мудом оилавий қийинчиликлар гирдобида яшайдиганлар кўпаяди. Аслида болаликдан бошлаб ҳар бир инсонда касб танлашга бўлган кўникмаларни шакллантириб бориш керак.

“НИҲОЛНИНГ ЎЗИ ЎССИН” Азиза Авазова, психолог: Фарзанд ўз тирикчилик манбаини бошиданоқ ўзи яратиши керак. Тирикчилик манбаи эса “касб” деб аталади. Аввало, унинг ўз қизиқиши ва қобилиятига мос касбни танлай олишига ота-оналар эртароқ эътибор қаратиши зарур. Ўзига қўйиб беринг. Кузатинг, фарзандингиз кўпроқ нималар билан машғул, нимага қизиқади, сиздан бу борада фақатгина тўғри йўлни кўрсатиш талаб қилинади. Агар дарахт кўчатини эксак унга қандай ўсиш кераклигини маслаҳат бермаймиз, ўзи ўсади. Худди шундай, фарзандимизни ҳаётда “судрайвермасдан”, унда қандай “ниҳол” борлигини аниқлаб, унинг ўсиши учун шароит яратиб берайлик, ниҳол ўзи ўссин ва мева берсин.

КАСБ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТИНГИЗ ЕТАРЛИМИ? Республикамизда ҳам ҳар бир соҳага кирувчи юзлаб касблар бор. Масалан, соғлиқни сақлашда – ҳамшира, шифокор, фармацевт, тиш техниги; маорифда – ўқитувчи, тарбиячи, мураббий, тўгарак раҳбари; қурилишда - сувоқчи, дурадгор, ғишт терувчи, бўёқчи, кранчи ва ҳоказо соҳалараро касблар ҳам мавжуд. Бу мисоллар транспорт, саноат, коммунал хўжалик соҳаси ва бошқаларда ҳам учрайди. Шунингдек, ҳозирда замон илгарилаган сари шу пайтгача бизга номи номаълум бўлган касблар ҳам ортиб бормоқда. Шунга кўра биз бу касбларнинг нима билан шуғулланишини билмаслигимиз мумкин. Касб номининг ўзи  эса у ҳақида  маълумот бера олмайди. Масалан, риэлтер-кўчмас мулк агенти, метрдотель-ресторан ва меҳмонхоналарга мижозларни жойлаштириш ҳамда буюртмаларни олиш билан шуғулланувчи бош мезбон, букмекер-отчопар ва пойга ўйинларида пул қабул қилувчи ходим, имиджмейкер-шахсни сиёсатда, реклама ва бошқа соҳаларда таниқли бўлишда ҳиссий-руҳий ёрдам кўрсатувчи мутахассис, импресарио-томоша, тадбирларни ташкил этадиган ва артистлар номидан иш юритадиган вакил. Демак, бугунги замон кишисидан, аввало, ота-онанинг ўзи билимли бўлиши талаб этилади. У фарзандининг келажакда бировдан кам бўлмай мустақил ўсиши, ақлли, билимли ва тафаккури етук бўлиши учун қўлидан келадиган ҳеч нарсани аямас экан, ўзи ҳам бугун шиддат билан олға қараб бораётган замондан ортда бўлмаслиги лозим.

Манба: Oilam.uz