Биласизми?

Бола олдида чекиш мумкин эмас!

Ота-оналар фарзанди учун кўп нарса қилишга тайёр. Тумандаги энг зўр мактабга юборадилар, бетоб бўлса, топилмас дори-воситаларини келтирадилар, ўзи емай фарзандига энг зўр кроссовка олиб беришга тайёр бўладилар. Кўзбўямачиликми ёки ҳақиқий меҳрми бу?

Албатта ҳақиқий меҳр. Шак-шубҳасиз ота-она боласи учун бор-йўғини аямайди. Лекин фарзанди учун, унинг саломатлиги учун чекишни ташлай оладиганлар борми? Ваҳоланки, айнан шу сигарет иси боланинг саломатлиги учун энг хавфли воситадир. Биров фарзандингизга тош отса, жаҳлингиз чиқадими? Унинг олдида сигарет чекаётганингизда сиз бундан баттар қиласиз.

Афсус юзлаб эркаклар ёнида ҳомиладор аёли бўла туриб чекиб юрадилар, уйда чақалоқ туғилгач уй ҳавосини сигарет ҳиди билан тўлдириб ташлайдилар. Шундай бўлса, юқоридаги қимматбаҳо кийим-кечаклар, топилмас дори-воситаларни келтиришнинг нима кераги бор? Бу ҳақиқий кўзбўямачилик. Бошқаларни олдида боласи учун қайғураётганини кўрсатиш имконяти холос.

Агар эркак ҳақиқатдан фарзандининг саломатлиги ҳақида қайғурганида авалло унинг олдида, у яшаётган уйда чекмаган бўлар эди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, чекаётган одам оладиган зарардан кўра, сигарет исини ҳидлаётган одам бир неча баробар кўпроқ зарар олади.

Сигарет иси бор уйда ўсаётган болалар пневмония, астма, отит, бронхит, синусит, круп (ўткир йўтал) ва баъзи кўз касалликларига бошқа болаларга нисбатан бир неча баробар кўпроқ чалинадилар.

Ҳалқаро Соғлиқ Ташкилотининг статистикасига биноан чекувчи ота-оналар фарзандлари шифохонага нафас олиш аъзолари касалликлари туфайли чекмайдиган оила фарзандларидан 2 баробар кўпроқ мурожаат қилар эканлар.

Ундан ташқари сигарет исини ҳидлаб ўсаётган болалар қон таркибида организм учун фойдали липопротеин моддасининг камайгани кузатилади. Айнан шу модда юракни ишемик касалликдан ҳимоя қилиб туради.

Афсус охирги йиллар тадқиқотлари шуни кўрсатдики, икки ва ундан кўп оила аъзоси чекадиган хонадонларда ўсаётган болаларда келажакда ўпка саратони ривожланиш эҳтимоли юқори экан.

Баъзи сабабларга кўра, дунёда чекишни қонуний равишда таъқиқламайдилар. Лекин бизнинг оила бу бизнинг бир кичик дунёдир. Ана шу ўзимизнинг дунёда фарзандларимизнинг саломатлиги учун курашиш ўзимизнинг қўлимизда. Хонадонда, боланинг ва ҳомиладорларнинг олдида чекмаслик, сигарет иси билан болага гапирмаслик унга ҳақиқий меҳр кўрсатишдир.

Икки ёшлик ўғил боланинг отаси унинг олдида чекиб туриб мендан, "Қайси спортга берсам болам соғлом бўлади, қиш кунлари тез-тез шамоллайди," деб сўраган эди..."Унинг олдида чекишни тўхтатишдан бошланг", деб жавоб қилсам, кулиб юборган холос. Uzbaby.uz Педиатри сўзларидан.

Қимматбаҳо кроссовка олиб бериш ёки касал бўлганидан кейин қимматбаҳо дориларни топиб келиб мақтаниш шарт эмас, болам учун чекишни ташладим деб мақтаниш керак. Хотиним ҳомиладор бўлиб қолгани учун уйда, унинг ёнида чекмаяпман деб ғурурланиш лозим. Мана бу ҳақиқий меҳр ва кучдир.