Жорж Клейсон қаламига мансуб машҳур “Вавилон ҳикоятлари” бестселлер китоби миллионлаб китобхонларни муваффақият ва бойлик излашга руҳлантириб, яқинlан кўмак берган. Бу китоб ўз молиявий имкониятларини режалаштиришни, пул топиш, уларни асраш ва жамланган бойликни кўпайтиришни ўргатади. Қуйида шу китобнинг бир бўлимини диққатингизга ҳавола қиламиз.
Қачонлардир, Қадимий Бобилда Аркад исмли жуда бой одам яшаган. Унинг бойлиги ҳақида афсоналар тўқилган. У ўзининг сахийлиги билан ҳам донг таратган. Хайру-эҳсонларининг чек-чегараси йўқ эди. У саховатли оила бошлиғи бўлиб, бадастур яшарди. Шундай бўлса-да, давлати камаймас, аксинча, йилдан-йилга даромади харажатидан анчага ортиб борарди.
Унинг бир нечта болаликдаги дўстлари бор эди, улар бир кун унинг олдига келдилар ва дедилар:
– Аркад, сен бизга қараганда омадлироқсан. Сен бутун Бобилдаги энг бой одамга айландинг. Биз эса яшаш учун курашишга мажбурмиз. Сен энг чиройли кийим кийиш, ажабтовур таомлардан лаззатланиш имконига эгасан, биз эса оиламизга кийишга, ейишга нимадир топсак, шунга қувонамиз.
– Аслида, қачонлардир биз тенг эдик. Битта устозда таълим олдик. Ўқишда ҳам, ўйинларда ҳам биздан устунлик қилмагандинг. Кейин ҳам, узоқ йиллар худди биз каби ҳурматли фуқаролардан бири бўлиб келдинг.
– Фикримизча, биздан кўп меҳнат қилмадинг. Шундай экан, айтчи, нега тақдир айнан сени танлади, нега айнан сенга ҳаётнинг барча қувончларини инъом этди, биздан эса юз ўгирди, ахир биз ҳам сенчалик уларга лойиқ эдик-ку?
Шунда Аркад жавоб берди:
– Агар сизлар ёшлигимиздан буён ўтган даврда ночор ҳаёт кечиришдан бошқа нарсага эришмаган бўлсангиз, демак бойликка эга бўлиш қонунларини тушунмагансизлар ёки шунчаки уларга амал қилмагансизлар. Тўпланган пулларни бирпасда еб битирадиган иштаҳаси карнай пулхўрларни тақдир ўз иштаҳалари ва хоҳишлари билан ёлғиз қолдиради ва улар нафсларини қондира олмай қоладилар. Тақдир кулиб боққанлар эса хасисга айланадилар ва бир тийиннинг устида ўлиб қоладилар, бойликларидан айрилиб қолишдан қўрқадилар. Чунки бундай бойликни яна тўплашга уқувлари етмаслигини биладилар. Улар ўғрилардан ҳам қўрқадилар, натижада ўзларини завқсиз яшашга ва ички қашшоқликка ҳукм қиладилар.
Балки яна бошқалар ҳам бордир, уларнинг қўлларига бойлик ўзи оқиб келади, улар келган бойликни кўпайтирадилар ва бахтли ҳаёт кечирадилар. Бундайлар жуда кам, улар ҳақларида фақат орқаваротдан эшитганман. Ўзингиз ўйлаб кўринг: балки танишларингиз орасида кутилмаганда мерос тегиб қолганлари бордир. Сўзларим қанчалик ҳаққоний эканлигини ўзингиз баҳоланг.
Унинг дўстлари, меросга эга бўлган танишларини эслаб, Аркаднинг ҳақлигини тан олдилар ва у мўл-кўлчиликка қандай эришганлиги ҳақида сўрадилар. Шунда Аркад сўзида давом этди:
– Ёшлигимда дунёга боқдим ва инсонга бахт ҳамда қониқиш келтирувчи кўп нарсалар борлиини кўрдим. Яна тушундимки, бойлик янада кўпроқ бахт ва завқ ҳис этишга имкон берар экан.
Бойлик – бу куч. Бойлик ёрдамида кўп ишларга йўл очилади:
Уйни дабдабали жиҳозлар билан жиҳозлаш мумкин.
Узоқ денгизларга саёҳатга чиқиш мумкин.
Денгиз ортидаги ўлкаларга сафар уюштириш мумкин, ҳатто илоҳларни улуғлаб салобатли ибодатхоналар қуриш мумкин.
Кўнгилга фараҳ ва қониқиш келтирувчи яна кўплаб ишларни амалга ошириш мумкин.
Мана шуларни англаб етганимда, бу дунё қувончларининг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи учун курашишга қарор қилдим. Мен четда туриб, бошқаларнинг ҳаётдан лаззат олаётганларини ҳасад билан кузатмайман. Ҳали ҳам яраяпти-ку, деб эски либос билан кифояланмайман. Мени камбағалнинг тақдири қониқтирмайди. Йўқ, мен ҳаёт ўз эркатойлари учун уюштирадиган байрамнинг тўлақонли меҳмонига айланишга қарор қилдим. Эсласангиз, камбағал савдогарнинг ўғли бўлганман, катта оилада ўсганман, меросдан умид ҳам йўқ эди, ўзингиз айтгандек, алоҳида қобилиятим ёки донолик ҳам сезилмасди менда, шулардан келиб чиқиб, орузимга эришиш учун вақт ва билим керак, деган хулосага келдим.
Вақтга келсак, у ҳаммамизда етиб-ортиб ётибди. Шунчаки, бойликни ишлаб топиш учун керакли қимматли вақтингизни бой бердингиз. Шу билан бирга, ҳақиқатан ҳам мақтанса арзигулик оилангиздан бошқа фахрланишга арзигулик ҳеч вақоингиз йўқлигини тан оласиз. Энди ўрганишга келсак: эсингиздами, доно муаллимимиз айтар эдилар – илм олиш турлича бўлади: янги нарсаларни ўрганиб, эслаб қолиш йўли билан, шунингдек ақлни чархлаб, ўзига нотаниш бўлган йўналишларни кашф этиш орқали?
Шу сабабли ҳам мен қандай қилиб бойлик жамғариш мумкинлигини тушунишга қарор қилдим ва, буни аниқлаганимдан кейин, уни ўзимга вазифа қилиб белгиладим ва муваффақиятли ҳал этдим. Зеро, зулмат кирганда қайғудан етарлича тотишингни билгач, қуёшнинг заррин нурлари сочиб турганда ҳаётдан тўйиб лаззатланиб олиш – донолик шу эмасми?
Шаҳар магистратига котиб бўлиб ишга жойлашдим, ҳар куни бош кўтармай сопол тахталарга ёзувлар ўйдим. Ҳафта кетидан ҳафта, ой кетидан ойлар ўтди, мен астойдил ишлайвердим аммо топишим ҳаминқадар эди. Маошим фақат егуликка ва у-бу кийим олишга амаллаб етарди. Лекин қатъият мени тарк этмади.
Ниҳоят, бир куни судхўр Алгамиш магситратга келди ва Тўққизинчи қонун нусхасига буюртма берди. Магистр мени чақириб: “Бу ҳужжат икки кундан кейин қўлимда бўлиши керак, агар вазифани уддалай олсанг, иккита бронза танга бераман”,- деди. Мен тер тўкиб ишладим, лекин қонун катта эди ва Алгамиш келганида ишни ҳали битирмаган эдим. У ғазабланди. Агар қули бўлганимда дўппослаган бўларди. Лекин, магистр унга ўз ишчисини урдириб қўймаслигини билганим учун, қўрқув сезмай, унга шундай дедим:
“Алгамиш, сен жуда бой инсонсан. Қандай бой бўлиш йўлини менга айтиб бер, мен туни билан қўлёзма устида ишлайман, шунда тонг отгунча уни якунлайман”. У менга табассум қилди ва жавоб берди: “Яхшигина муттаҳам экансан-ку. Майли, бу ўртамиздаги битим бўла қолсин”.
Тун бўйи мижжа қоқмай ишладим, белим қотиб, ёнаётган пилик ҳидидан бошим тарс ёрилай деди ва кўзларим ҳарфларни ажрата олмай қолди. Лекин, у тонгда келганида, қўлёзма тайёр бўлганди.
“Мана энди, – дедим мен, – ваъдангизни бажаринг”.
“Бўтам, сен битимнинг ўзингга тегишли қисмини бажардинг, – юмшоқлик билан сўзлади у менга қараб, – энди менинг навбатим. Сен билишни истаган нарсангни сўзлаб бераман, чунки қарияпман, қарилар эса гапиришни ёқтирадилар. Ёшлар мўйсафидлардан маслаҳат сўрасалар, йиллар давомида синовдан ўтган ҳикматга эга бўладилар. Тўғри, кўпинча ёшлар қарияларнинг доноликлари ўтмишга тегишли, уларнинг билимлари келажак учун ярамайди, деб ўйлайдилар. Лекин сен ёдингда тут: бугун чарақлаб турган қуёш отанг туғилган кунда нур сочиб турган қуёшнинг ўзи. Авлодингизнинг энг ёши кўз юмган куни ҳам у ҳаммаёқни ёритиб турган бўлади.
Ёшликдаги ўй-хаёллар, – давом этди у – осмон бағрида учиб, ўз ёғдуси билан атрофни нурафшон этувчи думли юлдузлардир. Қарияларнинг донишмандлиги эса – абадий юлдузлар, улар осмон айвонидаги ўз жойларини асло ўзгартирмайдилар, шу сабабли денгизчи уларга қараб ўз кемаси йўналишини исталган пайт тўғрилаб олиши мумкин. Сен сўзларимни ёдингда мустаҳкам сақла, йўқса сенга ўргатадиганим ҳақиқатни тушуна олмайсан ва туни билан қилган меҳнатинг бекор бўлади”.
Кейин у қалин қошлари остидан менга тикилиб боқди ва паст, қатъиятли овоз билан деди: “Ишлаб топган пулимнинг бир қисмини ўзимга олиб қолиш – мана шу қарорга келган куним мен бойлик сари қадам ташладим. Сен ҳам шуни ёдда тут”. Шундан кейин у узоқ сукут сақлаб, нигоҳини мендан узмади.
“Бори шуми?” – сўрадим мен.
“Қўйчивондан судхўрга айланишим учун менга шу етарли бўлди”, – жавоб берди у.
“Ахир ишлаб топган пулимнинг ҳаммаси шусиз ҳам меники-ку, шундай эмасми?” – сўрадим мен.
“Асло ундай эмас, – жавоб берди у, – Тикувчига пул тўламайсанми? Косибгачи? Овқат сотиб оласанми? Бобилда пул харж қилмай яшаб бўларканми? Ўтган ойда ишлаб топган пулларингдан нима қолди? Ўтган йилдагисиданчи? Аҳмоқ! Сен ўзингдан бошқа ҳаммага пул тўлайсан. Нодон, сен бошқалар учун ишлайсан. Қул бўлиб, егулик ва кийим учун хожасига ишлашнинг ўзи-ку бу. Лекин агар ишлаб топадиган пулингнинг ўндан бирини ўзингда қолдирадиган бўлсанг, ўн йилда қанча пул йиғасан?”
Математикадан олган билимлар менга панд бермади: “Бир йиллик меҳнат ҳақимга тенг бўлади”, – жавоб бердим мен.
“Сен қисман ҳақсан, – эътироз билдирди у. – Сен четга ташлаб қўйган ҳар бир олтин сенинг қулингга айланади ва сенга ишлай бошлайди. Ушбу олтин орқали келган ҳар бир чақа сенга даромад келтира бошлайди. Агар сен бойга айлансанг, барча жамғарманг сенга фойда келтириши керак. Мана шундагина сен бойлигингни кўпайтира оласан. Балки сен мени алдаяпти, деб ўйлаётгандирсан, балки бу ўз меҳнатинг учун кутган ҳақинг эмасдир, – давом этди у, – лекин мен очган ҳақиқатни тушунишга ақлинг етса, мен сенга ваъда қилинганидан кўра минг бора кўпроқ ҳақ тўлаганимни англайсан.
Ишлаб топган пулингнинг бир қисми ўзингга тегишли. Топишинг қанчалик кам бўлмасин, ташлаб қўядиган пулинг маошингнинг камида ўндан бирига тенг бўлсин. Аввало ўзингга тўла. Тикувчига, косибга қолган пулингдан ажрата оладиганингдан ошиғини тўлама, бундан ташқари, у еб-ичарга, савоб ишларга, илоҳлар йўлига садқага ҳам етиши керак”.
Бойлик, дарахт каби, майда уруғдан пайдо бўлади. Сен ўзинг учун олиб қўйганинг биринчи чақа пул мана шундай уруғ, ундан сенинг бойлик дарахтинг ўсиб чиқади. Қанчалик тез уруғ эксанг, ниҳол шунчалик тез униб чиқади. Ниҳолни қанчалик яхши парвариш қилсанг, ўғитлаб, доимий жамғаришлар билан суғориб борсанг, шунча тез шох-шаббалари шовуллашидан завқлана оласан”.
Шуларни айтиб, у қўлёзмани олди ва ортига қайтди. Мен унинг гапларини узоқ мушоҳада қилдим ва тўғрилигини тушуниб етдим. Уннаб кўришга аҳд қилдим. Ўшандан бошлаб ишлаб топган пулларимнинг ҳар ўнтадан бир тангасини ажратиб, узоқроққа яшириб қўя бошладим. Ишлатишга пулим камроқ қолаётганлигини деярли ҳис этмадим. Тўғри, Финикиядан туяларда, кемаларда келтирилган, пештахталарга териб қўйилган жозибадор нарсалардан харид қилиш истаги тез-тез уйғонарди, лекин мен донолик билан ўзимни тиярдим.
Ўн икки ой ўтди ва Алгамиш яна олдимга келди. “Бўтам, айтчи, йил бўйи ишлаб топганингнинг ўндан бирини ўзингга тўлаяпсанми?” Мен ғурур билан жавоб бердим: “Ҳа, устоз, тўлаяпман”. “Бу яхши, – унинг юзи ёришди. – Бу пулларни нима қиляпсан?”
“Мен уларни ғишт терувчи Азмурга бердим, у узоқ денгиз сафарига кетаётганлигини, менга Тирадан нодир Финикия қимматбаҳо тошларидан келтиришини айтди. Қайтиб келганида биз уларни сотамиз ва фойдани бўлашиб оламиз”. – “Аҳмоқнинг ўрганиши қимматга тушади, деганлари тўғри гап, – дарғазаб бўлди у. – Жавоҳирот танлашни ғишт терувчига ишондингми? Юлдузлар ҳақидаги савол билан новвойга борасанми? Йўқ, ҳарқалай ақлинг бўлса, мунажжимга борган бўлардинг, тўғрими? Жамғарманг куйиб кул бўлибди, бойлик дарахтингни илдизи билан қўпорибсан. На илож, бошқасини эккин. Яна бир уриниб кўр. Кейинги гал зеб-зийнатлар ҳақида маслаҳат керак бўлса, уларни тушунадиган одамнинг олдига бор. Қўйлар ҳақида нимадир билмоқчи бўлсанг, чўпонга бор. Дунёда бепул бериладиган ягона нарса – бу маслаҳат, лекин эътиборга арзигулик маслаҳатларгагина қулоқ солиш керак, шуни билиб қўй. Ўз жамғармалари юзасидан нолойиқ кишилар билан маслаҳатлашган одам ўз нодонлиги учун шу жамғармалари билан тўлашига тўғри келади”. Шу сўзларни айтиб, нари кетди.
У айтганидек бўлди. Чунки ярамас финикияликлар қимматбаҳо тошлар ўрнига Азмурга ялтироқ шишаларни тутқазиб юборишибди. Лекин, Алгамиш ўргатганидек, мен яна ҳар ўнинчи тангани йиға бошладим, чунки бу энди одатимга айланганди ва мен учун ҳеч оғирлик туғдирмасди.
Яна ўн икки ой ўтди. Алгамиш келиб, мендан сўради: “Хўш, охирги марта кўришганимиздан кейин қандай силжишлар рўй берди сенда?” – “Мен ўзимга адолат билан тўлаб бордим, – жавоб бердим мен, – ўз жамғармаларимни Аггирга, қалқон ясовчига бронза олиши учун ишониб бердим, у ҳар тўртинчи ой улушимни чиқариб бермоқда”. – “Бу яхши. Улушингни нима қиляпсан?” – “Асал, ажойиб май ва мазали ноз-неъматлар олиб, ўзим учун байрам уюштирапман. Яна ўзимга алвон либос олдим. Энди ёшроқ эшак олиб, ўшани миниб юрмоқчиман”. Бу гапларимдан Алгамиш кулди: “Сен ўз жамғармангдан туғилган болаларни еб қўяяпсан. Улар қандай қилиб сенга ишлашсин? Қандай қилиб ўзларига ўхшаганларни туғсинлар? Олдин олтин қуллар қўшинини тузиб ол, шундан кейингина ҳеч афсусланмай ўзинг учун дабдабали зиёфатлар уюштиравер”. Шуларни айтиб яна кўздан ғойиб бўлди.
Шундан кейин уни икки йил кўрмадим, лекин бир кун яна пайдо бўлди. Юзларига ажин тушган, кўзлари киртайиб қолган – у анча қариган эди. У менга деди:
“Аркад, орузингдаги бойлик чўққисига чиқдингми?” Мен жаовб бердим: “Ҳозирча йўқ, лекин яхшигина жамғармам бор ва улар менинг фойдамга ишлаяпти”. – “Сен ҳали ҳам ғишт терувчиларнинг маслаҳатларига амал қилаяпсанми?” – “Ғишт териш бўйича улардан яхши фикрлар чиқаяпти”,- сир бой бермадим мен. “Аркад, – давом этди у, – сен берган ўгитимни яхши ўзлаштирибсан. Аввало сен ўзинг ишлаб топадиган маблағингдан бироз камига ҳаёт кечиришни ўргандинг. Кейин биладиган одамларга маслаҳат солишни ўргандинг. Ва ниҳоят, олтинларинг ўзингга ишлашига эришдинг. Сен пул топиш, уларни жамғариш ва уларни тасарруф этишни ўргандинг. Шу сабабли масъулиятли лавозимларни эгаллашга лойиқ бўлдинг. Мен қарияпман. Фарзандларим фақат пул сарфлашни биладилар, лекин ишлаб топиш ҳақида умуман тасаввурга эга эмаслар. Менинг мулким жуда катта ва мен уларни бошқара олмай қолишдан қўрқаман. Агар Ниппурга бориб у ердаги ер-сувларимни бошқаришга рози бўлсанг, сени ўзимнинг шеригим деб тайинлардим ва мулкимдан улуш олардинг».
Шу тариқа, Ниппурга жўнадим, у ердаги каттагина мулкининг бошқарувини қўлимга олдим. Ғайратга тўла бўлганим, қолаверса, муваффақиятнинг учта қонунини эгаллаганим боис, унинг ер-сувидан тушадиган даромадларни кескин оширишга эришдим. Шу орқали ўзимга мол-дунё орттиришга муваффақ бўлдим ва Алгамиш дунёдан ўтгач, унинг мулкидаги ўз улушимни бошқаришга ўтдим, у васиятида шундай кўрсатиб кетганди.
Манбаа: «Бобилдаги энг бой одам»: Слава; Москва; 2009;
Рус тилидан Алоуддин Садриддинов таржимаси