Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Sevimli” ва “STV” телеканаллари мониторингида бир қатор қонун талаблари бузилганини маълум қилди, деб ёзади Xabar.uz.
Хабарга кўра, aхборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг 2018 йил 27 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида республикада фаолият юритаётган айрим телеканаллар томонидан порнографик ва ҳаёсизликни тарғиб қилувчи материаллар тарқатилгани масаласи муҳокама қилинди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи "Sevimli" телеканали орқали 2018 йил 15 июль куни cоат 21:10 да эфирга узатилган “Ҳурлиқо” (“I feel pretty2) бадиий фильмининг 45-дақиқасида порнографик мазмундаги саҳна мавжудлиги аниқланган.
“Бундан ташқари, ушбу телеканалда маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга зид, ёшларнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёзишмалар, матнида ҳаёсизликни ташвиқот қилувчи жумлалар мавжуд хорижий қўшиқлар намойиш этилгани кузатилган”, - дейилади хабарда.
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “STV2 телеканали 2018 йил 21 июль куни cоат 09:17 да ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи “Sausage party" номли хориж мультфильмини эфирга узатган. Жумладан, мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган.
Бундан ташқари, мазкур телеканал орқали 2018 йил 22 июль куни соат 22:45 да хорижнинг “Я легенда” фильми эфирга узатилган. Мазкур фильм сюжетида вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган. Сюжетида томошабинларни даҳшатга солувчи қўрқинчли тасвирлар мавжудлиги боис, мазкур фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг эксперт комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати”га киритилган.
Телеканаллар томонидан номлари қайд этилган фильм ва мультфильмларни эфирга узатиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 5-моддаси, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари бузилган.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб, Идоралараро Комиссия қарорига асосан “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги “STV” телеканалини эфирга узатиш номуайян муддатга тўхтатилди.
“Sevimli” телеканали масъул ходимларига кескин чоралар қўлланилгани инобатга олиниб, бундай ҳолатларга қайта йўл қўймаслик шарти билан телеканал раҳбарияти қаттиқ огоҳлантирилди.
“Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги барча телерадиоканаллар, бошқа турдаги оммавий ахборот воситаларини мамлакатимизда мавжуд қонунлар талабларини ҳурмат қилишга, маънавиятимиз, урф-одатларимиз, ёшлар тарбиясига зарар келтиришга қаратилган материалларни тарқатмасликка чақиради ҳамда бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантиради”, - дейилади хабарда.