Идеал ҳаётнинг йўқлиги аниқ. Аммо, бахтли ҳаёт кечирса бўлади. Буни эса муаммо ва ташвишларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас экан. Уларнинг борлиги инсоннинг иродасини тоблаб, маънан-руҳан ўсишига хизмат қилади. Юксалиш эса доимо ўзгаришни талаб этади.
Қуйида эътиборингизга ҳаётни янада самарали, янада мазмун-мақсадли қилишда муҳим ҳисобланган барҳаёт анъаналарни тақдим этамиз.
Билим & Тафаккур
Ахборот асрида яшашнинг ҳам қулай жиҳати мавжуд. Мисол учун, билим ва янгиликлар энди бизнинг кафтимизда, яъни смартфонимизда. Бир неча аср илгари Навоий бобомиз огоҳ кишини шоҳ даражасига кўтарган эдилар. Боиси бу кишида вазиятни баҳолашда муҳим бўлган билим, маълумот бор. Электрон қурилмалар кўпроқ ўқиш ва онг-идрокни кенгайтириш учун хизмат қилса, ҳаёт ҳам яхши томонга ўзгаради.
Ҳаётда сабоқ ва хулоса чиқаришни, уларга амал қилишни ўрганинг. Акс ҳолда, улар қаршимиздан қайта ва қайта чиқаверадилар.
Зиддият & Ўзгариш
Ҳаётдаги зиддиятлар инсон феъл-атворини синовдан ўтказади ва кези келганда унга таъсир ўтказади. Ҳар қандай шароитда ёмон иллатлардан воз кечиб, яхши одатларга ўрганиш ҳаётнинг муҳим тамойилидир. Ҳаётнинг зарбасини феълдаги бирор "ухлаб ётган" ижобий хулқни уйғотишга ёки бирор нуқсонни қулатишга йўналтириш яшашнинг чинакам шартидир.
Истеъмол маданияти
Алишер Навоийнинг "Оғзига келганни демоқ - нодоннинг иши, Олдига қўйганни емоқ - ҳайвоннинг иши" деган ҳикматларини эшитган бўлсангиз керак. Ҳар куни оғзингиздан кираётган луқмани ҳеч назорат қилганмисиз? Унутманг, ҳамма нарсада, жумладан таом истеъмолида ҳам ўртачалик яхши. Кўп истеъмол қилиш инсоннинг тафаккур доирасини чегаралайди, тан саъй-ҳаракати овқат ҳазм қилиш билан банд бўлади. Жуда кам овқат тановул қилиш ҳам соғлик учун зарарли.
Бугун - дўконлар кимёвий қўшимчаларга бой маҳсулотларга тўла бир даврда соғлом овқатланишга алоҳида эътибор қилинг.
Вақти-вақти билан бўладиган очлик инсоннинг руҳий-маънавий, ҳиссий ва жисмоний ҳолатини тарбиялашда муҳим ўрин эгаллайди.
Сабр & Қатъият
Ҳаётда ҳадеб ҳузурланиш ёки мунтазам мамнун бўлиш имконсиз. Боиси, умр моҳиятини бахтиёрликда эмас, машаққатларда англаш мумкин.
Мақсад қилгач, унинг учун сабр билан курашинг. Ҳаракатда қатъий бўлинг. Тез эришилган бўлса, муваффақият сизга тегишли бўлмайди. Узоқ ва машаққат билан эришилган мукофотнинг қадри ҳам юқори бўлади.
Элеанор Рузвельт айтгани каби, ҳаётнинг маъноси яшаш ва янги кечинмаларга ботирлик билан қўл чўзишдан иборат.
Нохушликдан сақланиш
Салбий таассурот қолдирган кишидан қочинг, хосиятсиз манзилга боришдан тийилинг. Тобора чигаллашиб бораётган вазиятни муроса йўли билан юмшатинг. Ноҳақ эканингизни тан олишдан қўрқманг.
Энг қийин пайтда ҳам ғазабни жиловлашга ўрганинг. Кимдир сизга ноҳақ ёмон гапирса ҳам, мулойимлик билан мурожаат қилиб, уларни мулзам қилинг ва тарбияланг.
Ҳаётдан нолиш одатидан сақланинг. Боиси, бу кабилардан ҳамма қочади ва ном-нишонсиз яшайдилар.