Сўнгги йилларда фойдали маҳсулотлардан кўра зарарли озиқ-овқат маҳсулотларининг сони ошиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Чунки, айрим одамлар соғлиқ учун фойдали турли кўкатлар, ёғсиз гўшт, табиий парҳез маҳсулотлар, ёғи олинган сут ва қатиқ маҳсулотлари, сархил, шунингдек, қуритилган мева-сабзавотлардан кўра дудланган, тузланган, консерваланган, ёғли, ширин, аччиқ ҳамда зарарли трансёғлар мавжуд пишириқ, ширинликларни хуш кўришади. Сабаби улар жуда хуштаъм бўлиб, мазаси оғизда қолади.
Сиз танлаган маҳсулот қандай таркибга эга?
Ҳатто, оддий кўринган йогуртга ҳам турли озиқ-овқатларга солинадиган биокимёвий бўёқлар солинган бўлиши мумкин. Йогуртнинг таркиби қанча оддий бўлса, у шунчалик табиий бўлади. Маълумки, 5 ёшгача бўлган болаларга чой, турли газли ва сунъий бўёқли ичимликлар бериш мумкин эмас. Чой таркибидаги танин темир моддасининг ичакларда сўрилиб, қонга ўтишига тўсқинлик қилади. Сунъий бўёқли газли ва газсиз ичимликлар эса турли аллергик касалликларни келтириб чиқаради ҳамда ёш болаларнинг ичини дам қилиб, ел(газ) тўпланишига сабаб бўлади.
Айниқса, тўйинган трансёғлар (маргарин ва шу каби сунъий йўл билан олинган ёғлар) жуда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида учрайди. Бу ёғлар юрак-қон томир тизими касалликларининг асосий сабабчисидир. Улар қонда ёмон сифатли холестериннинг ошишига сабаб бўлади ҳамда қон томирларда ёғли тиқилмалар ҳосил қилади. Шунингдек, семизлик, қандли диабет, кўкрак безлари саратони ривожланишига замин яратади. Эркакларда тестостерон гормони камайиб кетишига сабаб бўлади.
Ҳозирда Европа Иттифоқига кирувчи давлатларда озиқ-овқат маҳсулотларида трансёғларни қўлламаслик қонуни мавжуд. Иккинчи ўринда шакар ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар, мисол учун аспартам зарарли ҳисобланади. Яна шунингдек, ривожланган давлатларда кўпгина шакар ўрнини босувчи маҳсулотларни озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшиш таъқиқланган.
Аспартам – шакар ўрнини босувчи сунъий усулда олинган маҳсулот. Хорижда ўтказилган кўпгина илмий тадқиқотлар натижаларига кўра бу маҳсулот миянинг айрим соҳалари тузилишига наркотик воситадай салбий таъсир этиб, одамнинг руҳий ҳолати бузилишига сабаб бўлар экан. Ўз навбатида инсоннинг интеллект (ақлий салоҳияти) сусайиб кетади. Хотира бузилади. Ахборот қабул қилиш жараёни ёмон томонга ўзгаради. Худди шундай емирувчи жараён жигарда ҳам кузатилади.
Барча турдаги “фастфуд”лар гени ўзгартирилган маҳсулотлар композициясидан иборат. ГЎМ – гени ўзгартирилган маҳсулотлар эса техника тараққиёти натижаларидир. Шу сабабли дунё бўйича 12 ёшгача бўлган болаларга ҳамда ҳомиладор аёллар ва организмида гормонал ўзгаришлар кузатилаётган инсонлар учун ГЎМларни истеъмол қилиш таъқиқланади. Шундай қилиб диетолог (парҳезшунос)лар фикрига кўра, қуйида соғлиқ учун энг зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг қисқача рўйхатини баён этамиз.
Чипс ва картошкали фри
Бу маҳсулот углевод ва ёғ аралашмаси ҳамда бўёқлар, таъм берувчи биоқўшимчалардан иборат. Ишлаб чиқарувчилар кўпинча ноорганик картошка (тез етилиши учун ушбу полиз маҳсулотларига кўп кимёвий ишлов берилади. Айниқса, пестицидлар кўпроқ қўлланилади.)дан фойдаланишади.
Қайта ишланган гўшт маҳсулотлари
Қайта ишланган гўшт маҳсулотларига кирувчи дудланган колбасалар ва гўшт, сосиска, пиширилган колбаса таркиби гормон, нитратлар ҳамда турли кимёвий қўшимчалардан иборат. Яна бу маҳсулотларга товуқ ёки курка териси (европа услубида тайёрланса чўчқа териси ва ёғи) ҳам қўшилади.
Тоғай ҳамда чиқит гўштлар, шунингдек, 25-30 фоиз гени ўзгартирилган соя уни, турли озиқ-овқат бўёқлари хушбўй ҳид ва таъм берувчи биокимёвий қўшимчалар аралаштирилади. Парҳезшунослар фикрига кўра табиий сўйилган гўшт маҳсулотларини уй шароитида ўзингиз тайёрлаб истеъмол қилсангиз маъқул.
Газли ва сунъий бўёқли ичимликлар
Бу ичимлик таркибида фақатгина сув табиий. Қолганлари эса сунъий бўёқлар ва биокимёвий қўшимчалардан иборат. Уларга асосан аспартам солинади. У эса ўз навбатида формальдегидга парчаланади. Бу модда А синфига кирувчи канцероген (саратон ҳужайраларини ривожлантирувчи) восита ҳисобланади. Шунингдек, формальдегид метанол ва фенилаланинга парчаланади. Бу моддалар бошқа оқсиллар билан биргаликда заҳарлидир. Ширин газли ичимликлар моддалар алмашинувини бузади. Бўёқлар эса аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Ундаги газ эса меъда шираси нордонлигини ошириб гастрит (меъда яллиғланиши)га сабаб бўлади.
“Фастфуд”ни мунтазам истеъмол қилувчиларнинг асаб тизимида турли салбий ўзгаришлар кузатилади, дея таъкидлашмоқда АҚШнинг Нью-Йорк психиатрия институти тадқиқотчилари. Чунки, ундаги турли биокимёвий қўшимчалар мия ҳужайралари тузилишига ёмон таъсир этади. Асаб тўқимасини парчалаб, унда яллиғланиш жараёнини келтириб чиқаради. Бундан ташқари тез тайёрланувчи овқатлар катталар ва болаларда гиёҳванд моддадай қарамликни келтириб чиқармоқда. Бунга сабаб эса унинг таркибидаги турли биокимёвий қўшимчалардир.
Шунингдек, майонез, кетчуп, турли соуслар, турфа хил таъмни яхшиловчи сунъий қўшимчали озиқ-овқат маҳсулотлари, шоколадли батончиклар, сақичга ўхшаш ва сўрилувчи конфетлар, “чупа-чупс”ларнинг барча-барчасига сунъий бўёқлар қўшилган. Яна попкорн (ёғ, шакар ва таъм берувчи бўёқ қўшилган ширин ёки шўр жўхори), спиртли ичимликлар, рафинадли ёғлар ҳам зарарли. Ушбу ёғлар таркибида омега – 6 ва омега – 3 ёғ кислоталари 15: 1 нисбатда учрайди. Ҳолбуки, ушбу меъёр 1: 1ни ташкил этади.
Туз ва шакарни диетологлар беҳудага “оқ ажал” дейишмайди. Шўр маҳсулотлар кўз, буйрак ва жигарга зарар. Шунингдек, танада заҳарли моддалар йиғилишига сабаб бўлади. Агар одам бир кунда 50 грамм(10 чой қошиқ) шакар истеъмол қилса “бемалол” қандли диабет, онкологик хасталиклар, остеопороз (суяклар мўртлиги), семизлик, кариес, аллергик хасталикларга катта йўл очиб беради.
Барча турдаги рафинадланган маҳсулотлар, оқ нон, ёғ, қанд унчалик фойдали эмас. Аксинча кепакли қора нонда фойдали витаминлар ва микро ҳамда макроэлементлар мавжуд. Шунингдек, қора нон қабзиятнинг олдини олади ва камқонликда шифобахш таъсир этади.
Муаллиф: Гулчеҳра ШИРИНОВА