Таълим

82 ёшда имтиҳондан йиқилган ўқувчининг бўйдоқлиги яна бир йилга чўзилади

Ҳиндистонлик 82 ёшли Шив Чаран 10-синф ўқувчилари учун ўтказиладиган имтиҳондан бу гал ҳам ўта олмади. Натижада унинг уйланиш ҳақидаги режаси яна бир йил кейинга суриладиган бўлди. Ҳа, Шив Чаран ёшлик чоғларида мактабни битирмасдан туриб уйланмаслиги ҳақида ўз-ўзига ваъда берган эди! "Мен фақатгина имтиҳондан ўта олмаганим учун эмас, уйланиш орзуси чиппакка чиққани учун қайғудаман", дейди ўқувчи-отахон. Ражастон штатининг Коҳари қишлоғида яшовчи бу кекса ўқувчи умрининг сўнгги 47 йилини мактабда илм олишга бағишлаб, мактаб гувоҳномаси учун шунча марта имтиҳон топширган. Аввалги йилларда бир оз бўлса ҳам яхши натижа қайд этган отахоннинг бу йилги натижаси кўриш, эшитиш қобилияти пасайгани, жисмоний ҳолатининг ёмонлашгани туфайли қувонарли эмас. Шив Чаран илк имтиҳонни 1969 йилда топширган. Айни пайтда нафақада бўлган отахон ҳаётининг кейинги қисмини ана шу мақсадга эришиш учун сарфлаган. "Токи тирик эканман, имтиҳон топширишда давом этавераман", дейди қатъият билан отахон ОАВга берган интервьюсида.