Биласизми?

2019 йилдан Ўзбекистондаги барча футбол клубларининг ўз рамзи ва мадҳияси бўлади

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси 2019 йилги режаларини эълон қилди. Унга кўра, келаси йилдан бир қатор янгиликлар жорий этилади.

Матбуот хизматидан берилган маълумотга кўра, келаётган йилда ҳар бир клубнинг штат жадвали асосида ишга олинган мухлислар клуби етакчисига янада кўпроқ масъулият ва ваколатлар тақдим этилади. Мухлислар клуби етакчилари олдига қўйиладиган асосий вазифа эса — ўз севимли жамоаси ихлосмандларини янада кўпайтириб, уларни ягона фан-клубга бирлаштириш бўлади. Бу борада етакчиларга клуб ва ПФЛ томонидан амалий кўмак кўрсатилади.

Қолаверса, ортда қолган мавсумда талаб қилинган, аммо ижроси айрим клублар томонидан пайсалга солинган клуб рамзи (маскот) ва мадҳиясини ишлаб чиқиш масаласи ҳам янги — 2019 йилдан эътиборан мажбурий бўлади. Эндиликда ҳар бир клуб (агар клуб рамзи ёки мадҳияси мавжуд бўлмаса) клуб номи, жойлашган шаҳри, клубнинг асосий ранглари, унга мухлислик қиладиган аудиториядан келиб чиққан ҳолда ўз рамзи ҳамда мадҳиясини ишлаб чиқиши лозим бўлади. Бу орқали Суперлига-2019 ўйинлари мобайнида ўйиндан олдин, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг стадионда клубнинг ўз мадҳияси янграши таъминланади.

2018 йилда клублар стадионлари ҳудудида ўз расмий дўконларини ташкил этди. Янги мавсумдан эътиборан ҳар бир клуб расмий дўкони ўйинлардан ташқари вақтларда ҳам мухлисларга хизмат кўрсатиши таъминланади. Қолаверса, стадионлардаги ўйинлар вақтида сотиладиган егулик ва ичимликлар нархи ҳам мақбул тарзда бўлиши назорат қилинади.

2019 йилда шунингдек оилавий секторларга эътибор янада кучайтирилади ва стадионга оилавий ташриф буюрувчи мухлисларга турли қулайликлар яратилишига ҳаракат қилинади.

Бундан ташқари Суперлига учрашувлари учун чиқариладиган чипталар эндиликда фақат стадион кассасидагина эмас, сайёр кассалар орқали одам гавжум жойларда ҳам сотилиши йўлга қўйилади.