2018 йил 18 июль куни “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида “Халқ розилиги – давлат тараққиётининг бош омили” мавзуида Республика конференцияси бўлиб ўтди, деб ёзади Kun.uz. Унда “Ўзтрансгаз” АЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши бошқаруви, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумки, “Ўзтрансгаз” АЖ истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, етказиб бериш, транзит ва экспорт қилиш вазифалари билан шуғулланади. Ҳозирги кунда республикада 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда. Шулардан 3 миллион 300 минг уй-жой ва 83 мингга яқини улгуржи истеъмолчига табиий газ, 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонларига эса суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Улгуржи табиий газ истеъмолчиларининг 5 минг 700 га яқинини саноат корхонаси, 45 минг 500га яқини маиший хизмат кўрсатиш объекти ҳамда 31 минг 500 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъектидир.
2018 йил 1 апрелдан аҳолига сотиладиган 1 кг суюлтирилган газнинг нархи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 720 сўм, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида 700 сўм, қолган ҳудудларда 500 сўм этиб белгиланди. 1 августдан бошлаб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳолига суюлтирилган 1 кг газни 800 сўмдан етказиб бериш белгиланмоқда.
Тадбирда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан келгусида қуйи тизимларда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича таҳлил ва назоратни кучайтириш, жойларда амалий семинар-йиғилишлар ўтказиш йўли билан масъул ходимларнинг фуқаролар билан ишлаши борасида малакасини ошириш, шахсий ва сайёр қабуллар ўтказишни оммалаштириш, ҳатто уйма-уй юриш механизми асосида ишлашга ўтиш кераклиги айтиб ўтилди.