Биласизми?

Ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти берилади — Президент

Президент парламентга мурожаатномасида олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишлар янада кучайтирилиши ҳақида гапирди, деб ёзади Kun.uz.

Унга кўра, 2019 йилдан ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти берилиши, олий таълим муассасаларига, реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизими жорий этилиши, ҳамда бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишни давом эттириш имкониятлари янада кенгайтирилиши кўзда тутилган.

«Олий таълим тизимида таҳсил олиш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарур.

Юртимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш ўтган йилларда 9-10 фоиз бўлиб келаётган эди. Сўнги 2 йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас, чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда ўртача 60-70 фоизни ташкил этади.

Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини беришимиз, ўйлайманки, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларига реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизимини жорий этишимиз керак.

Бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишини давом эттириш имкониятларини янада кенгайтиришимиз керак. Чунки жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси ушбу таклифлар юзасидан 2 ой муддатда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак», деган президент.