Биласизми?

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси нималар билан шуғулланади?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди, деб ёзади Kun.uz.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси тўғрисидаги низомга кўра, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шаклда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади:

а) тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш учун йиллик 5 фоиз ставка бўйича тижорат банкларига молиявий ресурслар ажратиш;

б) тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан (бунда, банк маржаси 2 фоизни ташкил этади) имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;

в) тадбиркорлик субъектларига “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида бериладиган тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, аммо 1 млрд. сўмдан ошмайдиган миқдорда Жамғарма кафиллигини бериш;

Бунда, Жамғарма томонидан тақдим этиладиган кафилликларнинг максимал умумий миқдори Жамғарма маблағларининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.

г) “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;

д) тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш.

Жамғарма давлат-хусусий шериклик шартларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари қурилиши қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиришда мазкур маблағларни уларнинг устав жамғармаси (капитали)га кейинчалик капиталлаштирган ҳолда иштирок этишга ҳақли.

Жамғарма ўз фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун ресурслар ажратиш, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва йўналишларга кредит ажратиш шартларини енгиллаштиришга кўмаклашиш;

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали иш ўринлари ташкил этиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга доир комплекс илмий ва амалий тадқиқотлар амалга оширилишини ташкил этиш.

Жамғарма бош битимлар асосида тижорат банклари орқали миллий валютада тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлайди.