2018 йил 30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Жуда кўп баҳс-мунозаралар ва муҳокамалардан сўнг, солиқ концепцияси якуний кўринишга келди.
Унинг «асосий мақсади - солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш» экани қайд этилди. Бунинг натижасида «иқтисодиётни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашга эришиш мумкинлиги» айтилди.
Амалдаги солиқ тизимида эса «солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини яширишга олиб келувчи меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқ ставкаларининг юқорилиги, янги концепция эса буни бартараф қилинишига олиб келиши» таъкидланди.
Хўш, янги солиқ тизимида ишчи ходимларнинг меҳнат ҳақи бўйича қандай ўзгаришлар юз беради? Соддароқ қилиб айтганда, ойлик маошимиз қисқарадими ёки кўпаядими? Бугун мана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб:
1. Меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар 12 фоиз миқдорида солиққа тортилади.
Яъни, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз қилиб белгиланади. Шундан 0,1 фоиз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади. Бунда, айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Айни пайтда, амал қилаётган тизим бўйича, жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлари қуйидаги тартибда - энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 1 баробаригача 0 фоиз, 1 баробаридан 5 баробаригача 7,5 фоиз, 5 баробаридан 10 баробаригача 16,5 фоиз, 10 баробаридан бошлаб 22,5 фоиз шкала бўйича солиққа тортилаяпти. Бунда даромад солиғининг 2 фоиз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, ЭКИҲ бугунги кун ҳолатига 184 300 сўмга тенг.
Янги концепция бўйича жисмоний шахсларнинг даромади ҳеч қандай шкалаларга ажратилмайди ва қиймати қанча бўлишидан қатъий назар, 12 фоиз миқдорида солиққа тортилади. Бунда, даромад солиғининг 0,1 фоиз шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақларига йўналтирилади.
Бироқ айрим тоифадаги фуқароларнинг («Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган шахслар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ва б.) энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
2. Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади.
Айни пайтда, унинг миқдори 8 фоизга тенг. Янги концепцияда пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари тўланмайди.
Ўзгаришларни бир жадвал орқали таҳлил қилишимиз мумкин.
Мисол учун, 500 000 сўм миқдорида иш ҳақи оладиган ишчи амалдаги прогрессив даромад солиғи ставкалари бўйича 24 582 сўм тўлайди. Янги солиқ концепциясида эса 60 000 сўм тўлайди, яъни солиқ миқдори кўпаяди.Жадвалдан кўриниб турибдики, даромад солиғининг 12 фоиз миқдоридаги қатъий белгиланган ставкаси ёки «регрессив солиқ»нинг жорий қилиниши натижасида, даромадлар ошган сайин, ундан ушланадиган солиқ камая боради. Ва аксинча, даромадлар пасайган сари, ундан ушланадиган солиқ кўпаяди.
2 000 000 сўм миқдорида иш ҳақи оладиган ишчи амалдаги прогрессив даромад солиғи ставкалари бўйича 256 230 сўм тўлайди. Янги солиқ концепциясида эса 240 000 сўм тўлайди, яъни солиқ миқдори камаяди.
Регрессив солиқ ставкасида даромадлар ошган сайин, солиқ миқдори камаяди ва аксинча, даромадлар пасайган сари солиқ миқдори ошади.
Янги концепцияда пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари (айни пайтда 8 фоиз) тўланмайди. Мана шу янгилик паст даромадли ишчи-ходимларга регрессив солиқнинг салбий таъсирини камайтиради, уларнинг даромадини бироз ошишига олиб келади.
Мисол учун, 500 000 сўм миқдорида иш ҳақи оладиган ишчининг даромадидан амалдаги тизимда 64 582 сўм ушлаб қолинмоқда. Янги солиқ концепциясида эса 60 000 сўм ушланади ва у 4 582 сўм кўпроқ маош олади.
1 000 000 сўм миқдорида иш ҳақи оладиган ишчининг даромадидан амалдаги тизимда 154 574 сўм ушлаб қолинмоқда. Янги солиқ концепциясида эса 120 000 сўм ушланади ва у 34 574 сўм кўпроқ маош олади.
Қўшимча қилиш жоизки, янги концепсиясига кўра, меҳнат ҳақи фондидан тўланадиган ягона ижтимоий тўлов бўйича ҳам ўзгариш юз берди. Аммо бу ўзгариш ишчи-ходимнинг қўлига тегадиган пулларга бевосита боғлиқ эмас. Шу туфайли ҳам, бу алоҳида мавзу.
Нурмуҳаммад Саид
Манба: Kun.uz