Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки «Саноат корхоналари энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасини амалга ошириш учун мамлакатга 50 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида мамлакатдаги йирик, ўрта ва кичик корхоналар энергия тежайдиган технологияларга инвестиция учун қўшимча молиялаштиришни олади.
«Эскирган ускуналар ва ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш мамлакат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш учун жуда муҳимдир, - дея айтиб ўтди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори. - Энергия тежамкорлик ускуналардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш харажатларини камайтиришга, ишлаб чиқаришни оширишга, шунингдек, камроқ энергия истеъмоли ҳисобидан пулни тежашга ёрдам беради. Шунингдек, у иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатиш имконини беради. Жаҳон банки ўзбек корхоналарининг энергия самарадорлигини оширишга кўмаклашишдан мамнун».
Лойиҳада эскирган ускуналарни жиддий модернизация қилиш, шунингдек, мамлакат саноат корхоналари томонидан энергия тежайдиган технологияларни кенг қўллаш кўзда тутилган.