Бир суткада 1440 дақиқа бор. Ихтиёрингиздаги вақт бундан кўп ҳам кам ҳам эмас. Шунинг учун вақтдан максимал фойдаланиш йўлини топишингиз даркор. Муваффақиятингиз даражаси бажара олган ёки бажара олмаганингиз билан боғлиқдир.
Ёшлигимда хаёлимга келган ишни эплай оламан деб ўйлардим, аммо улғайган сари вақтнинг қадрига ета бошладим. Кунлардан бир куни хитойлик адиб ва файласуф Лин Юйтан “Ишни тугаллаш асл санъат бўлса, ишни тугалламаслик асл санъати ҳам бор. Иккинчи даражали нарсаларни бартараф этиш ҳам оқилликдир”, деганди.
Кун давомида стратегик фикрлаш қобилияти Сизнинг иш унумдорлигингиз ва даромадингизни оширади. Омадли одамлар вақтни тасарруф этиш бўйича экспертлардир.
Сизга бир сирни очамиз: тайм-менежмент бўйича экспертликка етишишингиз учун махсус курсларга қатнаш ёки юзлаб китобларни мутолаа қилишингиз шарт эмас. Бошламасига қуйидаги беш услубни ўзлаштиришга уриниб кўринг:
1. Кунингизни аввалдан режалаштиринг. “Қоғозда кун режасини якунламай туриб ҳеч қачон кунни бошламанг”, дейди Жим Рон. “Ё ўз кунингизни бошқарасиз, ё кун Сизни бошқаради”.
Кунни режалаштиришга сарфлаган ҳар бир дақиқангиз ишни бажаришда ўн дақиқани тежайди. Кунни астойдил режалаштириб олиш учун арзимаган дақиқалар кифоя, аммо бу оз дақиқа кўп соатларингиз ва қувватингизни иқтисод қилади.
Кунни режалаштиришимдан олдин ўзимга савол бераман: бугун энг муҳим юмушим қайси? Мен ақалли биргина натижа сари элтувчи юмушни бажарганимга ишонишни истайман.
2. Муҳимлик даражасига кўра амалларни тизиб чиқинг. Ҳамма юмуш бирдай зарур бўлмайди. Кўпчилик кишилар режалаштирган муҳим ва иккинчи даражали ишларини қориштириб юборишади. Арзимас юмушлар Сизнинг вақтингиз ва кучингизни олиб қўймасин.
Бажарадиган ишларимни муҳимлик даражасига кўра тизиб олганимдан кейин ишларим юришиб кетди. Бу ўз қадримга етишимда ҳам кўмаклашди. Масалан, тижорий ишга вақт ажратгандан кўра оиламга кўпроқ вақт ажратаман.
3. Оддийгина қилиб “йўқ” денг. Сиз нима қилаётган бўлсангиз, бу ўзингизнинг қарорингиз натижасидир. Айримлар бу фактни қабул қилиши қийин кечади, аммо ҳаётимизни қандай ишга сарфлаётганимиз ҳаётимизнинг ўзидир.
Агар дилингиз ғаш, толиққан ва тушкун бўлсангиз, сабаби “йўқ” деб тез-тез айтмаганингиздан бўлиши мумкин. “Йўқ” деганингизда ўзингизни ноқулай сезишингиз мумкин, аммо бу сўзни айтиб, ўзингизга аҳамиятли бўлган “ҳа” тасдиғига ўрин бўшатаётибсиз.
4. Кутилмаган ҳодисаларга тайёр туринг. Режа тузиб олганингизга қарамасдан тайм-менежментингиз бузилиб кетиши мумкин.
Телефон қўнғироқлари сизни чалғитяптими?. Улфатингиз “бирров хабар олиш” учун киргач, суҳбат чўзилиб кетяптими? Демак, сиз ҳамма мурожаатларга розилик аломатини билдирасиз.
Кутилмаган ҳодисалар тўғаноқ бўлишига йўл қўйманг. Ҳеч ким ва ҳеч нима сизни ишдан безовта қила олмайдиган вақтни топинг. Кутилмаган ҳар нарсага тайёр туриш учун бор имконни ишга солинг.
5. 80га 20 қоидасини ишга солинг. Вақтни бошқаришнинг энг фойдали қоидаларидан бири “Парето тамойили”, яъни 80/20 қоидасидир. Итальян иқтисодчиси Вильфредо Парето номига қўйилган аксиома “20 фоиз уринишимиз 80 фоизлик натижани беради”, дейди. Яъни, мижозларнинг 20 фоизи савдонинг 80 фоизини таъминлайди, 20 фоиз маҳсулот даромаднинг 80 фоизини келтиради, жамоанинг 20 фоизи гуруҳнинг 80 фоиз муваффақиятини келтиради.
Бу тузган рўйхатингизнинг 20 фоизига 80 фоиз вақт сарфлашингиз кераклигини билдиради. Масалан, рўйхат 10 пунктдан иборат бўлса, 2тасига энг кўп вақт ажратинг. Сизда 20 ходим ишласа, 80 фоиз вақтингизни улардан 4таси билан ўтказинг... хуллас, тушундингиз. Бу қоидани амалда қўллаб кўринг ва иш унумдорлигингиз қанчалик ошганига амин бўласиз.
Агар бу усуллар Сиз истаган натижани беришига ишонмасангиз, ҳар оқшом ўтган кунингизни сарҳисоб қилишга ўрганинг: қандай янги нарсани ўргандингиз, 1440 дақиқани нимага сарфладингиз, яна нималар қила олишингиз мумкин эди? Ўтган кунни таҳлил қилиб, ўз хатти-ҳаракатингизнинг фойдали ва беҳуда томонларини аниқлайсиз.
Гап нима ҳақда ўйлаётганингизда, нима тўғрисида сўзлаётганингизда ёки режалаштираётганингизда эмас, нима қилаётганингиздадир. Келажагингиз, бугун нима қилганингиз ва қилмаганингизга боғлиқ. Чарлз Спеззано айтиб ўтганидек, “Ҳақиқатдан ҳам, Сиз пулингиз билан эмас, вақтингиз билан тўловни амалга оширасиз”.
bismotivation.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди