Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бугун, 17 март куни 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида 2018 йили бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади The-uff.com.
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)га аъзо 40 мамлакат терма жамоаси Ғарбий ва Шарқий минтақага бўлинган ҳолда қуръада иштирок этди.
Қуръа натижасига кўра, Жасур Абдураимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 термаси “D” гуруҳи (Ғарбий минтақа)дан жой олиб, саралаш босқичида БАА, Ливан ва Непал термаларига қарши баҳс олиб боради.
2018 йилги Осиё чемпионатига саралаш босқичи шу йилнинг 15–23 июль кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон U-22 термасининг саралаш учрашувлари Бирлашган Араб Амирликларда бўлиб ўтади.
Гуруҳ босқичида 1-ўринни эгаллаган 10 терма жамоа ҳамда 2-поғонани эгаллаган энг яхши 5 жамоа финал босқичида мезбон – Хитойга қўшилади. Агар Хитой ўз гуруҳида биринчи ўринга эга бўлса, 2-ўринни эгаллаган энг яхши 6-жамоа финал босқичига йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг финал босқичи 2018 йилнинг 9–27 январь кунлари Хитойда ўтказилади.