Биласизми?

Соқол олиш ҳақида ҳамма нарса

Сотсиологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар куни тонгда ойна олдида соқол олиш эркаклар умрининг ўртача 180 кунини банд этар экан. Мазкур кунлик юмуш кўпчилик эркаклар учун ёқимсиз машғулот ҳисобланса-да, унинг фойдали томонлари ҳам йўқ эмас. Масалан, соқол олиш натижасида юз териси ўзига хос массаж қилинади. Шунингдек, юз терисидаги эскирган, ҳалок бўлган ҳужайралардан тозаланади. Бу эса терининг соғлом бўлишига хизмат қилади.

Косметологлар 17-18 ёшдан бошлаб мунтазам соқол олишни тавсия этишади. Бу жараёнда тонгги соқол олиш тўғри тарзда амалга оширилиши лозим. Шунда юз териси ҳам, туклар ҳам зарар кўрмайди.

Соқол олишнинг икки хил усули мавжуд – қуруқ ва нам.

Биринчиси, электр соқол олиш ускунаси ёрдамида соқол олиш ҳисобланади. Бу усул одатий устара билан соқол олишдан кўра оддийроқ ва хавфсиз бўлиб, нисбатан кам вақт олади ҳам. Бироқ бундай воситаларни сотиб олишда эътиборли бўлиш талаб этилади. Чунки баъзи соқолларни устаралари айланасига ҳаракатланувчи электр устаралар осон ва яхши тозаласа, баъзиларини тишлари тўғри ҳаракат қилувчи бритвалар тозалай олади.

Нам усулда соқол олиш эса юз терисини топ-тоза қилиб қиртишлашга ёрдам беради. Бу айниқса мойли ва ҳар хил тошма, чандиқ ёки яра излари кўп бўлган терилар учун қўл келади. Бунда устара ҳар доим ўткир бўлиши керак. Шу боис уларни ўз вақтида алмаштириб туринг.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, соқол олиш терини кучли таъсирлантирмаслиги керак. Бунинг учун кўпгина замонавий косметик воситалардан фойдаланиш мумкин. Масалан, соқол олиш учун мўлжалланган крем, кўпик ва геллар.

Крем соқол туклари фолликулаларини юмшатади ва соқол олиш вақтида терининг нам бўлиб туришини таъминлайди. Агарда тери таъсирчан бўлса, гелдан фойдаланган маъқулроқ. Ёғли юз терилари учун эса махсус кўпиклар қўл келади.

Агарда электр устара билан соқол олсангиз, косметик воситаларнинг мой ёки спирт асосида тайёрланган бўлишига эътибор қаратинг. Яхшиси, соқол олишдан аввал иссиқ компресс қилган маъқул. Бунинг учун салфетка ёки сочиқ икки букланади ва иссиқ сувга ботирилиб, енгилгина сиқилади. Шундан сўнг юзга 2-3 дақиқа босиб турилади. Косметологлар таъсирчан юзларга мойчечак (ромашка), календула ёки ялпиз ўтлари дамламасидан фойдаланишни тавсия этишади.

Ҳар куни соқол олиш қанчалик оғир туюлсада, унинг фойдали жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Аввало кун давомида соч-соқол тартибга олиб юрилса, кайфиятга ижобий таъсир кўрсатади, қолаверса, атрофдагиларнинг сизга бўлган муносабати ҳам яхши томонга ўзгаради. Шу билан бирга, ушбу машғулот юзга ажин тушишидан ҳимоялайди. Соқол олинаётганда юз териси ўлик тери ҳужайраларидан халос бўлади.

Соқол олиш массаж йўналиши бўйлаб амалга оширилиши керак: иякдан қулоқ солинчагига, бўйиндан юқорига — ияк ва яноқларга. Бироқ бунда оддий қоидани ёдда тутинг: соқол туклар ўсган томон бўйлаб олиниши керак. Ияк ва оғиз атрофидаги туклар қаттиқ бўлгани сабабли соқол олишга мўлжалланган воситалар терига озроқ шимилиши учун бу ер улар охирида олиниши мақсадга мувофиқ.

Агарда юзда ҳуснбузарлар бўлса, терининг бу қисми шикастланмаслигига диққат қилинг. Акс ҳолда юз териси жароҳат олиши, бу ер турли инфексиялардан зарарланиши мумкин. Шунингдек, устарани бирор спирт асосли восита билан зарарсизлантириб туриш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.

Соқол олиш учун косметик воситалар танлашда имкон қадар кам спиртли, турли ҳид таратувчи моддаларсизини танлаган маъқул. Соқол олиб бўлгандан сўнг Э витамини, мойчечак, алое, ялпиз экстрактлари мавжуд кремдан юзга юпқа қилиб суртиш мумкин. Улар терининг ачишиши, таъсирчанлигини камайтиради, беҳосдан кесиб олинган жойлар бўлса, қон оқишини тўхтатади.