Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (2018 йил 20 августда 2439−6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.
Мол-мулк солиғи бўйича барча ҳисобот шакллари Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқлаштирилди. 2018 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 266-моддаси):
кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк;
норматив муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари;
белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар.
Ҳисоботда кўчмас мулкка нималар кириши ҳам аниқлаштирилган, булар:
бинолар;
иншоотлар;
ер билан узвий боғлиқ узатиш қурилмалари;
кўп йиллик дов-дарахтлар.
2018 йил 1 январдан экспорт қилувчи корхоналар учун, шунингдек маҳаллийлаштириш дастурларига киритилганлар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинганлиги муносабати билан Мол-мулкка солинадиган солиқ ҳисоб-китобига қуйидаги иловалар фақат 2018 йил I чораги якунлари бўйича тўлдирилади:
маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган кўчмас мулкни акс эттирувчи 4-илованинг 0301-сатри;
5-илова «Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган мол-мулк ҳисоб-китоби»;
6-илова «Экспорт улушига боғлиқ ҳолда мол-мулк солиғи ставкасига тузатиш киритиш».
Қуйидаги шакллар мол-мулкка солинадиган солиқ бўйича ҳисоботдан чиқариб ташланди, сабаби республика ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлган норезидент юридик шахслар, доимий муассаса ташкил этилганидан қатъи назар, 2018 йил 1 январдан бошлаб мол-мулк солиғи тўловчилари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентларида мавжуд асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати тўғрисида маълумотнома;
Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширмаётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари (юридик ва жисмоний шахслар)га мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк тўғрисида маълумотнома.