Биласизми?

Шахсий автомобилда таксичилик қилиш учун қандай талаблар мавжуд?

Хабарингиз бор, 2016 йилнинг 15 февралидан Тошкент шаҳрида лицензияси одам ташиш билан шуғулланаётган автомобиль ҳайдовчиларига қарши жиддий кураш бошланди. Табиийки, айрим автомобиль ҳайдовчилари қонуний фаолият юритиш учун қандай ҳужжатларни топшириш, белгиланган тўловлар ҳақида маълумотга эга эмас. Баъзилар эса қонуний фаолият юритиш билан даромад топиб бўлмайди, деган нотўғри тасаввурга эга. Бир тасаввур қилинг, сиз ноқонуний таксичилик билан шуғулланмоқдасиз. Тегишли органлар томонидан ўтказилаётган рейд доирасида қўлга тушиб қолдингиз. Айбингиз исботланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробари миқдорида жаримага тортилдингиз. Бу эса нақт 3 миллион 256 минг сўм (ЭКОИҲ — 130 240 сўм) дегани! Хўш, қонуний фаолият юритганингизда бир йиллик тўловингиз қанча бўлар эди? Тинчгина, барча қонуний талаблар билан ишлаш учун нималар қилиш керак?

Аввало, шахсий автомобили билан таксичилик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги йўловчи ташиш хизматлари кўрсатувчи корхона ёки ташкилотга мурожаат қилиб, мутасаддилардан тегишли йўлланмаларни олишлари мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил

18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, йўналишсиз таксилар учун вилоятларда сариқ, Тошкент шаҳрида “фил суяги” ранги танланган. Автоуловни ана шу рангга бўяш ишлари транспорт воситасининг эгаси ёхуд корхона томонидан амалга оширилади. Корхона билан ижара ва меҳнат шартномаси тузилгач, автомобиль ички ва ташқи томондан жиҳозланиб, унга махсус серияли давлат рақам белгиси берилади. Шундан сўнг корхона тегишли тартибдаги лицензия варақаси билан таъминлайди ва ҳайдовчи таксичилик фаолиятини амалга оширишга киришади.

Қонуний асосда йўловчи ташиш билан шуғулланувчиларга бир қатор имкониятлар мавжуд. Жумладан, ҳайдовчи иш ўрни билан таъминланиб, шартнома тузган корхонасидан ойлик маош олади. Меҳнат дафтарчасига стажи ҳақида қайд киритилади, ойлик иш ҳақи тўланади, жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига чегирмалар ажратилади. Ҳайдовчилар учун кундалик тиббий кўрик ташкил қилинади ва автомобиллар доимий техник кўрикдан ўтказиб борилади. Шунингдек, касаллик варақаси бўйича фаолият юритмаган кунлари учун ҳам иш ҳақи тўланади. Яъни ижтимоий қўллаб-қувватланади. Бундан ташқари, транспорт воситаси кунлик ва мавсумий техник кўрикдан ўтказиб турилади.

Енгил автомобилда таксичилик фаолиятини олиб бориш учун 1 йил муддатга тўланадиган давлат божи 75 долларни ташкил этиб, бу 2016 йилнинг 16 февраль ҳолатига кўра, 213 минг 497 сўм демакдир.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда биргина Тошкент шаҳрида 224 корхона, шундан 5 таси бевосита “Тошшаҳартранс хизмат” АК иштирокида ташкил этилган, йўналишсиз такси соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Республикамизда йўналишсиз такси соҳасида фаолият кўрсат барча корхоналар рўйхати, уларнинг манзиллари ва алоқа рақамларини қуйидаги ҳавола орқали олишингиз мумкин. Мазкур корхоналар қонуний таксичилик фаолиятини юритиш тўғрисидаги барча маълумотларни тақдим этади.