Биласизми?

Шавкат Мирзиёев Андижондаги машина заводи ҳақида: «Бу завод номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ»

19 май куни Улуғнор тумани ҳокимлигида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаётган кредит маблағлари ҳақида гапирди.

«4 сектор раҳбарлари ёзиб олсин, нима учун мен Андижонга бу маблағларни ажратаяпман. Андижонда катта корхоналар йўқ, масалан, Фарғонада катта нефтни қайта ишлаш заводи, кимё заводи бор. У машина заводи (GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи - таҳр.) номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ. Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод қилинган, локализация кам қиляпти.

Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди. Шунинг учун, Андижонда ҳаёт шароитини яхшилаб беришимиз керак. Балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш мумкин. Масалан, Наманганда Норин дарёсида балиқчилик бўйича лойиҳаларни йўлга қўйдик. Одамларга дарё бўйидаги ерларни ажратиб бердик», деди президент.