Биласизми?

Самарқандда йил охирига қадар барча қурилиш ишлари тўхтатилади

Самарқандда барча қурилиш ишлари тўхтатилди. Бу ҳақда шанба куни Самарқанд ҳокими Фурқат Раҳимов шаҳар маъмуриятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб Gazeta.uz ёзмоқда.

Ҳоким сўнгги вақтларда ОАВда тарихий моддий ёдгорликларга беқиёс зиён етказаётган қурилиш ишлари бўйича танқидий материаллар чоп этилганини таъкидлаб ўтди.

Фурқат Раҳимов қурилиш ишларининг салбий оқибатларидан қочиш ва ЮНЕСКО ҳимояси остидаги тарихий ёдгорликларни сақлаб қолиш учун шаҳарнинг янги бош режасига эҳтиёж борлигини тан олди.

Самарқанднинг энг камида 2035 йилгача мўлжалланган бош режасини ишлаб чиқиши лозим бўлган ишчи гуруҳ тузилди. Келгусида барча ишлар бош режа асосида олиб борилади, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти вакили маълумотларига кўра, шаҳарнинг амалдаги бош режаси 1990−2005 йилларда долзарб бўлган.

Бундан аввалроқ эса Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов шаҳарнинг қурилиш ишлари олиб борилган тарихий қисмига ташриф буюриб, вазиятни ўрганди. У ҳар қандай қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда қонунчилик ва халқаро ҳужжатлар асосида олиб борилишини таъминлашни топширди.